Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12.05.2012
Уй бекалари қишда толиқган организмини дармондориларга бойитиш мақсадида, кўкатлардан кўк сомса, кўк чучвара, кўк мантилар ва ҳар хил таомлар тайёрлаш билан машғул. Бу юртимизда азалий одатий тусга кирган удумларга айланиб бормоқда. Дўсту-ёронлар бир-бирилариникига кўк сомса, кўк чучвара тановул қилиш учун меҳмондорчиликка ташиф буюрадилар. Ана шундай меҳмондорчиликлардан бир бу “матор сомса” ейиш, “гап-гаштаги” ҳисобланади.
   Шифобахш “матор” шарафига бағишланган бундай “гап-гаштак” айниқса Тошкент вилояти Паркент тумани одамлари ўртасида азалдан одатий тусига кирган, “матор” баҳона яқин кишилар бир-бирлари билан дийдор кўришганлар. Бу удум ҳозирги пайтда ҳам янада кенгайиб ривожланиб бормоқда.
    Махаллий халқ орасида “бу йил маторга оғзи теккан киши, албатта келаси йил шу кунга етади” деган ҳикматли сўзи ҳам мавжуд. Доно ҳалқимиз бу ҳикматли сўзни бежиз айтишмаган кўринади, чунки “матор” ўсимлиги ўзининг шифобахшлиги ва айниқса турли дармондориларга бойлиги билан ўлкамиз наботот олами ичида олдинги ўринларни эгаллайди. Унинг таркиби киши организми учун фойдали бўлган С, В, В2, РР, Е витаминларига ҳамда А провитаминига жуда бой. Бундан ташқари мазкур ўсимликнинг таркибида қанд ва оқсил моддалари ҳамда кўпгина макро ва миркоэлементлар мавжуд.
    Шундан бўлса керак халқимиз азалдан “матор”дан турли хил егуликлар тайёрлашган ва истеъмол қилиб келишган. Кексаларнинг айтишича илгариги очарчилик ва қахатчилик вақтларида маҳаллий аҳоли асосан матор, ожит, исмалоқ, отқулоқ, жағ-жағ ва ровочларни ҳамда кўпгина ёввойи ҳолда ўсадиган фойдали ўсимликларни истеъмол қилишиб умргузаронлик қилишган ва жонларини сақлаб қолишган.
   Ҳозирги дориломон замонамизда ҳам бундай шифобахшлик хусусиятларга эга бўлган ўсимликлар ўз аҳамиятларини йўқотган эмас, билакс нафақат тансиқ таом сифатида балки дори воситалари ишлаб чиқариш учун ишлатилиб келинмоқда.
   Маторни истеъмол қилганда, энг асосийси у организмга қувват бағишлайди, жинсий заифликни яхшилайди, иммунитетни оширади, овқат ҳазм қилиш аъзолари иш фаъолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
    Матор ўсимлиги пиёздошлар оиласига мансуб ўт ўсимлик бўлиб, ёввойи пиёзлар туркумига киради. Асосан ғарбий Тян-Шань тизмасининг Чотқол тоғ этакларида ўсадиган эндемик ўсимликлардан ҳисобланади. Фанда маълум бир худудга мансуб ва фақат ўша манзилдагина тарқалган ўсимликларга эндемик ўсимликлар дейилади.
   Матор тоғ ёнбағрларида, қумлоқ ерларда, бутазорлар орасидаги ялангликларда, соя-салқин жойларда ўсади. Республикамизда 250 турдан зиёд ёввойи пиёзлар учрайди, аммо ўша ёввойи пиёзлар туркумига мансуб бўлган матор, вегетатив ва генератив органларининг (пиёзбоши, пояси, барги ва гули) ташқи морфологик кўриниши ва тузилиши ҳамда таъми билан бошқаларидан кескин фарқ қилади. Чунончи, Сурхондарё тоғларида ўсадиган “маторга” жуда ҳам яқин бўлган “матал” ва “алафи сиёҳ”дан ҳам морфологик тузилиши, яъни-ташқи кўриниши ва таъми билан ҳам кескин фарқ қилади.
   Матор ўсимлиги халқимизга азалдан маълум ва машҳур бўлсада, аммо фан оламида, кўп йиллар давомида қайси турга мансуб эканлиги номаълумлигича қолиб келди. Бунинг асосий сабаби “матор”нинг биологик хусусиятини ўзига хослигидир. Одатда бирон бир ўсимликни тўлиқ тавсиф қилиб фанга маълум қилиш учун, унинг табиатда ўсиб гуллаб тургандаги ҳолатидан гербарий йиғиш керак бўлади. Гербарий тўлиқ бўлишлиги учун албатта ўсимликнинг ер остки органлари, пиёзбоши ва ер устки қисмларидан пояси, барги ва энг асосийси гули бўлишлиги шарт.
   Матор ўсимлигининг биологик хусусияти шундан иборатким, бошқа ёввойи пиёзлардан фарқли ўлароқ, барглари ўсиб чиққан пайтларда ҳали пояси тўлиқ етилмаган бўлади, пояси етилиб гуллаган маҳалда эса барглари қуриган бўлади.Шу боис тадқиқотчилар матордан тўлиқ гербарий йиға олишмаган, натижада бир неча йиллар давомида маторни қайси турга мансублиги номаълумлигича қолиб келди. Матор ёввойи пиёзлар (Allium) туркумининг (авлодининг) Моlium секциясига мансуб.
   Маълумки, ёввойи пиёзлар ҳам, худди оддий пиёзлар сингари ўткир ҳидга ва аччиқ таъмга эга, аммо матор ёввойи пиёзлардан, чунончи пиёзи анзур, Чимён пиёзи, Суворов пиёзи ва бошқалардан фарқли ўлароқ ўзига хос ширин таъмга ва ёқимли ҳидга эгаким, бу хусусият унинг таркибида қанд моддаси ва эфир мойлари борлигидан далолат беради. Ва ниҳоят ўтган асрнинг 80-йилларида Чотқол биосфера қўриқхонасида олиб борилган кузатувлардан сўнг, биолог олим А.Левичев, профессор Р.Камелин тадқиқотлари асосида матор фанга Allium mator тариқасида киритилди ва халқимизни матор деб атаган номи фанга муҳрланиб қўйилди.
    Матор турини хар хил номлар билан аташга чек қўйилди. Нима сабабдан ерли аҳоли маторни шу ном билан атаб келишган, бу нима маънони билдиради?!.Мумкин бу – матор эмас, мадор дегани бўлса керак, чунки унинг таркибидаги турли хил дармондорилар киши организмига хақиқатдан қувват бағишлаб мадор берганлиги учундир. Нима бўлганда ҳам бу ўсимликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш фойдадан ҳоли эмас.
  Матор тўғрисида айниқса унинг кимёвий таркибини чуқур ўрганиш борасида илмий адабиётларда маълумотлар жуда ҳам оз. Айниқса маторнинг аҳамияти тўғрисида 1977 йилда “Фан” нашриёти томонидан чоп этилган Республика ёш олимлари конфиренциясида А.Расуловнинг қилган маърузаси матнидан бошқа илмий адабиётларда маълумотлар топа олмадик, чунки бу ўсимлик устида чуқур илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаган кўринади.
   Юқорида қайд қилинганлардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш жоизким, шифобахш ўсимлик ҳисобланган маторни ҳар томонлама, биологик, биокимёвий ва фитоценотик хусусиятларини чуқур ўрганиш тадқиқотчиларимиз олдидаги асосий вазифалардан ҳисобланади, чунки бу ўсимлик деярли ўрганилмаган. Айтиш жоиз ким, матор бошқа пиёздошлар каби пиёзидан ва уруғидан бемалол ва осон кўпаяди. Фақат бунга ҳохиш ва истак керак, озгина иштиёқ ва эътибор бўлса бас.
    Дастлаб маторни тоғ шароитида, ўзининг табиий муҳитига яқин ерларда экиб ўстириш, сўнгра аста-секинлик билан шахсий томорқаларда пиёзидан ва уруғидан кўпайтирса мақсадга мувофиқ бўлади. “Шифобахш” илмий-ишлаб чиқариш маркази ходимлари томонидан мазкур ўсимликни маданийлаштириш, ихтисослашган Давлат ўрмон хўжаликларида экиб кўпайтириш борасида илмий ва амалий ишлар олиб бориш тадбирлари қўйилмоқда. Зеро, шундай қилсаккина мазкур ўсимликни табиатда камайиб боришдан асраймиз ҳамда халқимизни маторга бўлган эхтиёжини қондирган бўламиз.
     М.Аллаёров, Э.Ахмедов

Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech