Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12.05.2012
Халқимизда “ жондан кечмасанг жонона қайда, тоққа чиқмасанг дўлона қайда” деган мақол бор. Бу мақолнинг замирида кўпгина ҳикматли ўғитлар мужассам. Ошиқ ўз маъшуқасига етиши учун ҳатто жонидан кечишига тайёр доно халқимиз, ёр васлига етишишни қийналиб бўлсада тоққа чиқиб, азият чекиб дўланага етишиш билан тенглаштирмоқда. Бу ўхшатиш албатта, мажозий бўлсада, аммо дўлананинг бебаҳо неъмат эканлигидан далолат беради.
    Дарҳақиқат дўлана мевалар ичида нафақат хушхўрлиги, балки шифобахшлиги билан ҳам ажралиб туради. Улуғ бобокалонимиз, табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” китобининг содда дорилар хусусиятига бағишланган бобида дўланага баҳо бериб, “унинг мевалари сариқ ва қизил рангли бўлиб, буруштурувчандир, буруштириш таъсири жийданикидан кучлидир, сафрони сўндиради ва ични тўхтатади” деб ёзади.
    Ҳозирги замон табобатида ҳам дўлананинг меваси ва гули юрак-қонтомир касалликларини олдини олиш ва даволашда ҳамда асабни тинчлантирувчи ва қон босимини пасайтирувчи дори сифатида ишлатилади. Дўлана Раънодошлар (Rosaceae) оиласига мансуб, бўйи 5м. етадиган дарахт бўлиб, республикамизнинг тоғли туманларида тарқалган, учламчи даврнинг реликт ўсимликларидан ҳисобланади.
   Ўзбекистонда дўлананинг бир нечта тури учрайди, айниқса сариқ рангли дўлана (Crateagus pontica L.) кенг тарқалган бўлиб, меваси истеъмол қилинади. Тиббиётда эса дўланани 6 турининг меваси ва гуллари ишлатилишга рухсат этилган. Асосан кенг тарқалган қизил дўлана-яъни, Туркистон дўланаси (Crateagus turkestanica) ишлатилади.
   Туркистон дўланаси асосан тоғ ёнбағрларида, бутазорларда ўсади. Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, Ғарбий Тиён-шаннинг Угам Пском Чотқол, Каржонтоғ ва Қурама тоғ этакларида, Туркистон, Зарафшон ва Ҳисор тоғларида кенг тарқалган. Дўлана май-июнь ойларида гуллайди, мевси август-сентябр ойларида етилади. Хом-ашё сифатида ўсимликнинг гуллари ва мевалари ишлатилади.
   Гул тўпламлари май-июн ойларида йиғиб олинади ва соя жойларда қуритилади. Мевалари эса яхши пишиб етилгандан сўнг умумий банди билан бирга қирқиб олиниб, қуёшда ёки алоҳида ажратилган жойларда қуритилади ва мева бандларидан тозаланади. Тайёр маҳсулот алоҳида гул тўплам ва қуритилган қизил-қўнғир рангли мевадан иборат. Гулларининг ўзига хос ҳиди бўлиб, аччиқроқ таъмга эга. Талаб даражасида қуритилган гуллари ва меваларининг намлиги 14% дан ошмаслиги лозим.
   Дўлананинг меваси таркибида тритерпин сапонинлар, хлороген ва кислоталар, фловоноидлар холин, ацетилхолин, ошловчи ва бошқа моддалар, гулидан эса флавоноидлар, эфир мойлари, тритерпин сапонинлар, холин ва ацетилхолин ва бошқа бирикмалар мавжуд. Гули таркибида гиперозид миқдори 0.5%, меваларида эса флавонондлар 0.06% дан кам бўлмаслиги лозим.
   Дўлананинг дори препаратлари – гулининг ва мевасининг спиртли эритмиси ва мевасининг суюқ экстракти юрак касалликларини даволашда, аритмия ва тахикардия, гипертония ҳамда аёлларда климикс даври бошланишида қўлланилади.
  Дўлананинг суюқ экстракти кардиовалин препарати таркибига киради. Ҳозирги вақтда дўлананинг шифобахшлик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда Республикамизнинг ихтисослашган Давлат ўрмон хўжаликларида дўланазорлар ташкил қилинмоқда. Дўланазорларни барпо этиш, кўчат етиширишдан бошланади.
   Дўлана уруғидан ва илдиз бачкисидан кўпаяди. Стандарт кўчат олиш учун дўлананинг уруғидан кўпайтириш усули энг мақбул усуллардан ҳисобланади. Юқорида таъкидлаганимиздек, дўлана дарахти учламчи даврнинг реликт ўсимликларидан ҳисобланади. Табиатда учрайдиган барча турларини кўпайтириш жуда ҳам мушкил, лекин доривор ҳисобланган қизил дўлана – Туркистон дўланасини уруғидан кўпайтириш имкони мавжуд. Бунинг учун кузда яхши пишиб етилган қизил дўлананинг мевасини териб олинади, тозаланади ва ичидан уруғини ажратиб олинади. Одатда, мева ичида бир дона уруғ бўлади.
   Дўлана уруғлари қобиғи жуда ҳам қаттиқлиги сабабли уларни экиш олдидан албатта стратификация қилиш талаб эитлади. Стратификация қилиниши учун чуқурлиги 40см., эни 50см ўри-таншея қазиб, тайёрланган уруғ нам қум билан аралаштирилиб ўрада 1-2 ой ва ҳаттоки, эрта баҳоргача сақланади. Ўранинг усти қамиш ёки хашак билан ёпиб қўйилади ва вақт-вақти билан ёғингарчиликлар бошлангунга қадар намлаб турилади,
   Умуман олганда стратификация қилинган уруғнинг бўртиб чиқишига қараб кеч кузда ёки эрта баҳорда олдиндан тайёрлаб қўйилган ниҳолхонанинг пушталарига экиб чиқилади. Уруғнинг экиш меъёри асосан, унинг сифат классига ва экилиш схемасига боғлиқ. 1га. майдонга 30-40кг уруғ экиш талаб этилади, уруғларнинг экиш чуқурлиги 10см дан ошмаслиги лозим. Етиштирилган ниҳоллар кузга бориб, парваришлаш бўлимига кўчириб ўтказилади ва бу ерда стандарт кўчатлар етиштирилади.
  Дўланадан кўчат етиштиришдан асосан икки хил мақсад кўзда тутилади; биринчидан етиштирилган ниҳоллардан дўланазор ўрмонлар барпо қилиш, бу билан тоғ ёнбағрларини ўрмон мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янги ўрмонзорлар барпо қилишда фойдаланилса, иккинчидан фармацевтика саноатини дўлана маҳсулотига бўлган эҳтиёжини тўла-тўкис қондириш учун хом-ашё базасини яратишдан иборат. “Шифобахш” илмий ишлаб чиқариш марказининг жойлардаги ихтисослашган ўрмон хўжаликларида мазкур ўсимликни бошқа шифобахш ўсимликлар билан бир қаторда кўпайтириш, етиштирилган маҳсулотларни бирламчи қайта ишлаб қадоқлаб халқимизга етказиб бериш борасида маълум илмий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
    М.Аллаёров, Э.Ахмедов

Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech