Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
20.06.2012
Республикамиз табобат оламида шифобахшлиги жиҳатидан олдинги ўринларда турадиган ўсимлик – бу кийик ўтдир. Кийик ўти (Zizifora) тукуми лабгулдошлар (Labiatae) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, республикамизда бу туркумнинг 7 тури учрайди. Табобатда ва озиқ-овқат саноатида эса, асосан табиатда кенг тарқалган учта тури “кийик ўти” номи билан ишлатилади. Маҳаллий аҳоли кийик ўтини “кўк ўти”, “бўйи нон” каби турли номлар билан ҳам аташади. Кийик ўти баландлиги 40cм гача етадиган ўсимлик бўлиб, пояси кўп, асоси ёғочланган, бироз эгилган, ингичка, серновдали, майин тукчалар билан қопланган.
    Барги наштарсимон, понасимон, ўткир учли, тукли ёки момиқ тукчалидир. Поя ҳамда новдачалари учидаги гуллари бандли, майин тукчали бўлиб, тўпгул шаклида жойлашган. Гултожибарги 7-8 мм, оч гунафша рангли, хушбўй, июнь ва июль ойларида гуллайди, уруғи июль-сентябрь ойларида етилади.
   Кийик ўти тоғли районларнинг асосан шимолий ва жанубий ён бағрларидаги шағалли ва тошли, соз ва қўнғирсимон тупроқли жойларда, денгиз сатҳидан 2400м баландликкача бўлган жойларда тарқалган. Айниқса у жанубий тоғ ёнбағларида кўп тарқалган бўлиб, баъзи жойларда кенг майдонларни эгаллайди.
  Кийик ўти асосан Угом, Чотқол, Пском, Қурама ва Қоржонтоғда, Зарафшон, Туркистон, Нурота ва Ҳисор тоғ тизмаларида кенг тарқалган. Республикамизнинг Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли туманларида ўсади. Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал ва Фориш туманларида кенг тарқалган.
   Мазкур ўсимликнинг “Кийик ўти” деб аталишининг асосий сабабларидан бири, бу кийикларнинг, бурама шохли ёввойи тоғ эчкилари “мархўр”нинг ва ёввойи тоғ қўйлари “алқор”нинг севимли озуқаси эканлигидан бўлса керак. Кийик ўтининг тарқалган жойларда албатта кийикларни, бурама шохли ёввойи тоғ эчкиси “мархўр”ни ва Северцов номи билан аталувчи ёввойи тоғ қўйлари “алқор”ни учратиш мумкин.
   Маҳаллий аҳоли кийик ўтини зиравор сифатида турли таомларга қўшишади, чунки уларнинг таркибида эфир мойлари, витаминлар ва одам организми учун зарур бўлган турли макро ва микро элементлар мавжуд. Халқ табобатида кийик ўтларидан буйрак, юрак, жигар ва ошқозон ичак ҳасталикларини даволашда ишлатиб келинади.
  Илмий табобатда уларнинг дамламаси юракнинг иш фаолиятини яхшилашда, артериал қон босимларини пасайтиришда, ҳамда пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида кенг қўлланилади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари– пояси, барги ва тўпгуллари таркибида 2.5 фоизгача эфир мойлари, С, Е, А витаминлари мавжуд. Шунингдек, “Сафро ҳайдовчи Хожимаров йиғмаси”нинг асосий таркибларига ҳам кийик ўти киритилган.
  Ҳозирги вақтда бу йиғма тиббиёт амалиётида жигар ҳасталикларини даволашда, айниқса сариқ касаллиги – гепатитни самарали даволашда ишлатилмоқда. Кийик ўт нафақат табобатда балки, озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилмоқда. Унинг асосида, профессор Қ.Хожиматов томонидан чанқоқбости шифобахш алькогольсиз “Тошкент” ичимлиги яратилган.
  Бундан ташқари кийик ўт турли “фиточой”лар таркибига киритилган ва муваффақиятли ривишда ишлатилиб келинмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, айни пайтда кийик ўтидан сифати оширилган (бойитилган) чойлар тайёрлашда фойдаланмоқда. Бунда асосан олимларимиз халқимизнинг кўп йиллик тажрибаларига таяниб, турли “фиточой”лар ва “бойитилган чойлар” тайёрлашга ва яратишга мувофаққиятли эришмоқдалар.
   Республикамизинг шаҳар ва қишлоқларидаги чойхоналарда ҳамда умумий овқатланиш масканларида, айниқса Жиззах вилоятининг турли туманларида ёзнинг жазирама кунларида кийик ўтидан дамланган чойлар киши танасига роҳат бағишлайди, чанқовни босади, овқатни яхши ҳазм қилади, қон босими ва юрак фаолиятини мўътадиллаштиради. “Шифобахш” илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли ихтисослашган Давлат ўрмон хўжаликларида, ҳамда Зомин, Бахмал ва Фориш ўрмон хўжаликларида ҳар йили 4 тоннадан зиёд кийик ўти хом-ашёси тайёрланиб истеъмолчиларга етказилиб берилмоқда.
   Истеъмолчилар асосан, фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи “Салваре”, “Асель”, “Оқтош”, “Меҳригиёҳ” ва “Гербофарм” каби корхоналар бўлиб, бу корхоналарда кийик ўти қайта ишланиб, улардан тайёрланаётган “фиточойлар” биологик фаол қўшимчалар (БАД) ва дори воситалари халқимиз дардига малҳам бўлмоқда.
   Ҳозирги вақтда кийик ўтини республикамизнинг ихтисослашган Давлат ўрмон хўжаликларида маданий ҳолда етиштириш устида илмий ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Мақсадимиз табиатга зиён етказмасдан кийик ўтни маданишлаштириш ва истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш учун мустаҳкам хом-ашё базасини яратишдан иборат.
      М.Аллаёров, Э.Ахмедов

Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech