Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.09.2014
Табиатда жуда кўп ноёб шифобахш ўсимликлар бўлиб, шулардан бири бу амарант ўсимлигидир. Республикамизда гултожихўроз амарант ўсимлигини билмаган одам йўқ бўлса керак. Бироқ, унинг инсон организмини соғламлаштирувчи, ҳимояловчи ноёб шифобахш хусусиятларини кўпчилик билмаслиги аниқ.
   Амарант – Amaranthus оиласига мансуб бўлиб, бу оила олтмишдан ортиқ турларни ўз ичига олади. Ватани Жанубий Америка бўлиб, уни бу ерда 8000 йилдан бери уруғ учун етиштирилиб келинади. Амарант Жанубий Америкадан Шимолий Америкага, Ҳиндистонга ва у ердан Осиё мамлакатлари бўйлаб дунёга кенг тарқалган. Ҳозир Ҳиндистон ва Хитойда амарантнинг жуда кўп хиллари мавжуд бўлиб, бу ўлкалар амарантнинг иккиламчи ватани ҳисобланади. Бу мамлакатларда амарант ўсимлигидан маҳаллий табобатда, миллий таомларда ва саноатда кенг фойдаланилади.
    Амарант гули майда гулли тўпгул, пушти, тўқ пушти, қизил ва тўқ қизил бўлганлиги ва хўроз тожини эслатганлиги учун халқимиз орасида «гултожихўроз» номи билан аталади. Амарант бир йиллик ўсимлик бўлиб, турли йўналишларда жумладан: сабзавот (Amaranthus gangeticus, Amaranthus mangostanus), донли (Amaranthus caudatus, Amaranthus paniculatus), манзарали ва (Amaranthus blitum) озуқа экинлари сифатида етиштирилади.
    Амарантнинг энг қимматли ва шифобахш қисми – бу унинг уруғидир. 100 грамм амарант уруғи 370 калорияга эга бўлиб, таркибида 7 грамм липидлар, 4 мг натрий, 508 мг калий, 65 мг углеводлар, 1,7 мг шакар, 14 мг оқсил, 159 мг кальций, 4,2 мг витамин С, 7,6 мг темир, 248 мг магний, 0,6 мг витамин В6, ва бошқа витаминлар учрайди. Амарант мойи таркибида холестерин йўқ.
   Амарант уруғидан қуйидаги қатор касалликларни жумладан: - нафас олиш аъзолари касалликлари (бронхит, ларингит, плеврит, пневмония); - эндокрин коррекция (камқонлик, авитаминоз, семизлик, қандли диабет, зоб); - суяк ва қон-томир касалликлари (остеохондроз, артроз, артритлар); - онкологик касалликлар; - ёш болали аёлларда кўкрак сутини кўпайтиришда, уйқусизлик ва бошқа жинсий касалликларни даволашда фойдаланилади.
   Амарант уруғи жуда майда бўлиб, 1000 дона уруғининг оғирлиги 0,7 граммни ташкил этади. Уруғининг ранги оқ, қаймоқ рангли, жигарранг, кулранг ва қора ранг бўлиши мумкин. Сабзавот амаранти пояси ва рангли баргининг нисбатан нафислиги, ўзига хос мазаси билан бошқа турлардан ажралиб туради. Асосан ёш поялари ва витаминларга бой барглари истеъмол қилинади.
    Сабзавот амаранти асосан Шарқ мамлакатларида жуда кенг тарқалган бўлиб, кўкат сабзавотлар сифатида кундалик озиқ-овқатлар рационига киритилган. Унинг уруғлари тиббиётдан ташқари қандолатчиликнинг турли йўналишларида ҳам кенг фойдаланилади. Ҳиндистон, Покистон, Непал ва Хитойда донли ва сабзавот амарантлари уруғларидан ширин маккажўҳори дони билан қўшиб бўтқа тайёрланади. Чорва учун озуқа сифатида баланд бўйли (1,5–2 м) турлари экилади.
   Амарант оқсили бошқа озуқа экинларига нисбатан аминокислоталарга яхши тўйинганлиги билан ажралиб туради. Экспертларнинг баҳолашига кўра, амарант оқсили сифат жадвали (шкаласи) бўйича қабул қилинган 75 бирликка тенгдир. Ўсимлик шўр босган, сувсиз ва тоғ олди ҳудудларда ҳам яхши ўсади. Амарант уруғининг экиш меъёри бир гектар майдонга 0,5–1,5 кг, экиш чуқурлиги 1–1,5 см. ни ташкил этади.
   Парваришлаш тўғри олиб борилганда 1 га майдондан ўртача 100 ц гача кўк поя ва 30 ц дон олиш мумкин. Амарант кўк масса учун гуллаш ва уруғининг мумпишиш даврида йиғиб олинади. Чунки бу даврда ўсимликнинг пояси, барглари витаминларга бой бўлади. Экологик шароитдан келиб чиққан ҳолда амарантдан ўсув даври давомида бир неча марта ҳосил олиш мумкин. Уруғи таркибидаги оқсил моддаси организмга тушганда енгил ҳазм бўлиши унинг тўйимли озуқа эканлигини билдиради.
   Республикамизда амарант фақат манзарали экин сифатида ўстирилади. Бунга асосий сабаб унинг бахмалдек товланиб турган гулларининг узоқ вақт давомида ўз мафтункорлигини сақлаб қолиши, ташқи таъсирларга чидамлилиги ва сувсизликда бир неча ойлар давомида яшай олиш хусусиятидир. Балки шу хусусияти учун ҳам амарантга – ўлмас гул номи берилгандир.
   Ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари республикамиз тиббиёт ходимлари томонидан етарлича ўрганилмаган ва илмий асосланмаган бўлса-да бироқ, қадимдан миллий табобатимизда кенг фойдаланилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Абу Али ибн Сино тиғдан олган жароҳат ва яраларни, тери (қизамиқ, қизилча) касалликларини тузатишда, оғиз бўшлиғидаги бадбуй ҳидларни ва бошқа касалликлар даволашда амарантдан кенг фойдаланган.
    Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида амарантнинг Ҳиндистон, Камерун, Хитой, Германия, Франция, Боливия, Мексика, Танзания, Тожикистон ва маҳаллий нав-намуналарнинг уруғлари, қимматли хўжалик белгилари бўйича ўрганилмоқда. Ушбу амарант намуналарининг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга. Ўсув даври 100–140 кунни ташкил этади. Ушбу намуналар селекциянинг турли йўналишлари учун қимматли манба ҳисобланади ва селекция масканларига тақдим этилади.
    Амарант уруғлари тупроқ ҳарорати 10–12 даражани ташкил қилганда 1–1,5 см чуқурликка экилади. Манзарали амарант намуналаридан аввал кўчат тайёрлаб, сўнг доимий жойга ўтқазиш мақсадга мувофиқдир. Чорва учун озуқа сифатида етиштиришда 1 га майдонга 0,5–1 кг уруғ сарфланса юқори натижага эришилади.
     М.Аманова, У.Хуррамов, Б.Рустамов

Back to the list



Сайт орқали келиб тушган мурожаатлар сони

13.03.2015 дан 14.12.2017 гача булган муддатда
Келиб тушган аризалар:
45
Жисмоний шахс номидан
38 / 84,44%
Қайта ишлаш жараёнида
1 / 2,22%
Юридик шахс номидан
7 / 15,56%
Якунланган
44 / 97,78%
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech