Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.02.2015
Ҳозирги кунда дунёда беморларни даволашда қўлланилаётган дори воситаларининг 70 фоизини синтетик дори воситалари ташкил қилади. Таҳлилларга қараганда, синтетик усул билан олинган дори воситалари беморларда турли нохуш асоратларга сабаб бўлмоқда.
    Ўсимликлардан тайёрланган дори воситалар тиббиётда катта аҳамиятга эга. Табиий дориворлар нозик ва танлаб таъсир этиш хусусиятига эга. Доривор ўсимлик сифатида етиштириладиган Бозулбанг (Логохилус) Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Ҳимолай тоғлари, Кавказ ва Россия (Тува вилояти)да кўп учрайди.
    Ташқи кўринишидан қуён лаби номини олган (Юнон тилидан “lagos” – қуён, “cheilos” – лаб) Лагохилус туркумига мансуб ўсимликлар лабгулдошлар оиласига киради. Мазкур ўсимлик кўп йиллик бўлиб, бўйи 20-60 см. га етади. Пояси сершох, асос қисми ёғочлашган, тўрт қиррали қаттиқ безли туклар билан қопланган. Барги оддий, уч-беш бўлакка қирқилган, поя ва шохларида банди билан қарама-қарши жойлашган. Гуллари пушти рангли, поя ва шохларида ярим халқа шаклида жойлашган. Меваси 4 та ёнғоқчадан иборат. Июнь-сентябрь ойларида қийғос гуллайди.
   Т.Сукерваник ишлаб чиққан системага кўра, Лагохилуснинг ер шарида 44 тури тарқалган, ундан 25 таси Ўрта Осиёда, чунончи Ўзбекистонда 17 тури учрайди. Бу туркум вакилларининг энг асосий фармакологик хоссаси қон қуюқлашиш жараёнига таъсири ҳисобланади. Ушбу таъсир турига қараб, улар 3 гуруҳга бўлинади: - қон қуюқлашиш жараёнини тезлаштирувчилар – маст қилувчи, гипсли, дағал дукаклилар; - қоннинг қуюқлашиши жараёнига кучсиз таъсир килувчилар – Кобул серук, Кенг косача баргли, Зарафшон; - қонни қуюқлашиш жараёнига тескари таъсир қилиш хоссасига эга бўлганлар – икки игнали, ясси игнали бозулбанглар.
    Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, улардан кимёвий ва фармакологик нуқтаи назардан энг тўлиқ ўрганилгани Lagochilus inebrians Bunge гангитувчи бозулбангдир. Ундан олинган препаратлар қон тўхтатувчи, седатив, гипотенсив ва аллергияга қарши восита сифатида тиббиётда кенг ишлатилади. Юқоридагиларни назарда тутган ҳолда ТошДАУнинг “Деҳқончилик ва мелиорация асослари” кафедраси 5А410203 – “Доривор ўсимликлар етиштириш ва бирламчи қайта ишлаш” мутахассислиги магистри ва профессор-ўқитувчилари билан биргаликда доривор мазкур доривор ўсимлигини Тошкент вилояти шароитида ўстириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
    Тадқиқотдан кўзланган мақсад Тошкент вилояти шароитида уни етиштириш усуллари ва бирламчи қайта ишлаш технологиясини ўрганишдан иборат. Маълумки, Бозулбанг туридаги ўсимликлар ер шарининг текислигидан тортиб, тоғларнинг энг юқори чўққиларигача бўлган кенг экологик ҳудудда ўсади. Унинг кўпгина вакилларини Ўрта Осиёнинг қуруқ, тоғ олди ва ўрта қутбнинг иссиқ шароитларида ҳам учратиш мумкин.
  Денгиз сатҳидан 1200 м. гача баландликдаги соз ҳамда шағалли соз тупроқларда, шувоқ ва бошқа турлардан ҳосил бўлган ўсимликлар орасида учрайди. Бироқ, унинг айрим турларини денгиз сатҳидан 3200 м баландликларда ҳам учратиш мумкин. Шуни айтиш лозимки, ўсимликка талаб юқори бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунгача ушбу доривор ўсимликни республикамиз ҳудудида етиштириш ва маданийлаштирилган плантацияларини яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилмаган.
  Маълумотларга қараганда, Бозулбанг турининг сувли ва спиртли қайнатмалари гемостатик хусусиятидан ташқари тинчлантирувчи, гипотенсив, седатив, шокка, нурланишга ва дезаллергик (аллергияга) қарши сингари физиологик фаол хусусиятларга эга. Ўйлаймизки, Тошкент вилояти шароитида экиб ўстириш натижасида доривор воситалар тайёрлаш борасида мазкур ўсимликнинг кўпгина бошқа хусусиятлари ҳам аниқланса, ажаб эмас.
    Ж.Мирсоатов, Е.Бердибоев

Back to the list



Сайт орқали келиб тушган мурожаатлар сони

13.03.2015 дан 12.12.2017 гача булган муддатда
Келиб тушган аризалар:
45
Жисмоний шахс номидан
38 / 84,44%
Қайта ишлаш жараёнида
1 / 2,22%
Юридик шахс номидан
7 / 15,56%
Якунланган
44 / 97,78%
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech