Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.02.2015
Калина (Viburnum L.) – шилвидошлар (Сарrifoliaceae) оиласига мансуб мўътадил ва субтропик минтақаларда тарқалган, бўйи 4 метрга етадиган доривор ва манзарали бутадир.
    Калина туркумига 200 га яқин турлар киритилган, уларнинг 10 га яқин турлари МДЎ мамлакатларида, хусусан Россиянинг Европа қисмида, Ўрта ва Жанубий Уралда, Сибирнинг жанубий-ғарбида, Шарқий Қозоғистонда, Кавказнинг тоғли ўрмонларида ва Қримда табиий ҳолда ўсади.
   Ўзбекистон флорасида калина турлари учрамайди. Ўсимликнинг бир неча турлари ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти Ботаника боғида ўстирилиб синовдан ўтказилган ва бу борада бир қанча ижобий натижаларга эришилган.
   Калина асосан баргини тўкувчи бута бўлиб, кам бўлса-да доимо яшил турлари ҳам учрайди. Гуллари соябонсимон тўпгулга йиғилган бўлади. Бутаси баргини ёзиши билан гуллайди, гуллари хушманазара. Калина нафақат гуллаган даврида, балки қизил мевалари пишиб етилганда ҳам манзарали кўринишга эга бўлади. Шунинг учун ҳам бу бутадан ўз ареалида шаҳар ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштиришда кенг фойдаланилади.
  Калина доривор ўсимлик сифатида ҳам ўз ўрнига эга. Тиббиётда унинг пўстлоғи ва меваси ишлатилади. Пўстлоғидан сургида фойдаланиш учун дорилар тайёрланади. Улар таркибида вибурин гликозиди, С ва К витаминлари, тритерпен сапонинлари, органик кислоталар, мевасида қанд моддаси мавжуд (32%гача).
   Калинанинг дориворлиги аччиқ вибурин гликозиди билан боғлиқ, у қанчалик аччиқ-нордон бўлса, дориворлиги шунчалик юқори бўлади. Ундан тайёрланган доривор препаратлар қон тўхтатувчи восита сифатида ишлатилади. Меваси витаминли чойлар, йиғмалар юз касалликларини даволашда ишлатилади.
  Организм тонусини оширади, юрак фаолиятини яхшилайди, невроз ва атереосклероз касалликларида самарали таъсир кўрсатади. Калинанинг новда пўстлоғи эрта баҳорда йиғилади, бу доривор восита қон тўхтатувчи восита сифатида XIX асрлардаёқ Европа фармокопеясига киритилган.
   Мевалари тинчлантирувчи восита сифатида фойдаланилади ва қон босимини пасайтиради. Бута қишга чидамли ўсимлик бўлиб, республикамизнинг қуруқ-иссиқ иқлимига мослашган ва яхши ўсиб ҳосил беради, асалга бой ўсимлик. Шаҳар шароитларига тез мослашади.
  Мева тугмайдиган шарсимон гул тўпламидан иборат манзарали шакли «бульданеж»(Қорсимон шар) номи билан машҳур (V.opulus f. sterile), тури апрель ва май ойида гуллайди. Калина уруғ, илдиз бачкилари ва қаламчалари ёрдамида кўпайтирилади.
  Уруғини кузда янги терилган мевалардан ажратиб олингач, тупроққа сепилади, шунда униб чиқиши 15-20%ни ташкил этади. Баҳорда экилган уруғи келаси йил баҳорда униб чиқади. Экинни тез-тез, захлатиб суғориш лозим. Калинанинг ширин мевали ва манзарали шакллари вегетатив усулда кўпайтирилади.
  Илдиз билан биргаликда она бутадан ажратиб олинган бачки кўчат кўчатзорда 2 йил давомида етиштирилади ва сўнг доимий жойига ўтказилади. Яшил қаламчаларидан ҳам кўпайтириш мумкин. Бунинг учун июнда бута гуллаган даврида яшил қаламчалар тайёрланади ва гетероауксин билан ишлов берилади (30мг. 1г сувда -18-24 соат). Кейин улар қум ва торфдан тайёрланган (2/1 нисбатда) субстратга ўтқазилади (2-3 см чуқурликка), шунда 3 ҳафтадан сўнг илдиз отади. Иккинчи йили вегетация охирида кўчатлар бўйи 40-50 см етгач, доимий жойига кўчириб экиш учун яроқли бўлади.
    Республикамиз флорасини бойитиш мақсадида калинанинг кўплаб турлари ва шаклларини интродукция қилиш, улар устида изланишлар олиб бориш лозим. Бу қимматли ўсимликни кенг миқёсида ўстириш ва саноат плантацияларида доривор хомашёси учун етиштириш имкониятларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
     Э.Бердиев, С.Турдиев

Back to the list



Сайт орқали келиб тушган мурожаатлар сони

13.03.2015 дан 01.05.2017 гача булган муддатда
Келиб тушган аризалар:
40
Жисмоний шахс номидан
35 / 87,50%
Қайта ишлаш жараёнида
0 / 0,00%
Юридик шахс номидан
5 / 12,50%
Якунланган
40 / 100,00%
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech