Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
03.02.2016

Брокколи – карамдошлар оиласига мансуб, бир йиллик ўсимлик, гулкарамнинг ўзгарган тури ҳисобланади. Жанубий Италия брокколини ватани бўлиб, қадимги Римда уни 2 минг йил олдин ҳам етиштирилган. Бу экин Италиядан Византияга, кейинчалик эса бошқа Европа давлатларига кенг тарқалган. АҚШда карамнинг бу тури 1925 йилдан бери экиб келинади ва бугунги кунда майдони гулкарамникидан ҳам кўпайиб кетган. Ҳозирги вақтда брокколи етиштириш Япония, Италия, Германия, Англия, Франция, Канада, Швеция, Польша, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда сезиларли даражада кўпайган. Мамлакатимизда брокколи ноанъанавий, кам тарқалган сабзавот экинларига киради. Уни айрим ҳаваскор сабзавоткорлар чекланган миқдорда етиштириб супермаркет ҳамда бозорларда сотмоқдалар.

Брокколли гулкарам каби гул тўпламлари озиқ-овқатга ишлатилади. Унинг гул тўпламлари гулкарамникига ўхшаш, лекин ранги тўқ яшил сиёҳранг, кўк ва айрим навлари оқ тусли бўлиши мумкин.

Гулкарам бошчаси қисқа ва кўп карра шохланган қисқа гул поялар тўпламидан иборат бўлиб, айрим карам бошчаларида 2 мингга яқин қисқа поялар бўлади.

Брокколи гулкарамидан пояда кўплаб ён шохлар ҳосил бўлиши ва уларда кичик гул тўпламлари(бошчалар) шакллантириши билан ажралиб туради. Бу ўз навбатида ҳосил етиштириш даври давомийлигини узайтиради. Шунингдек, брокколи гулкарамидан фарқланиб, эртапишарлик, тупроқ унумдорлигига жуда ҳам талаби юқори эмаслиги ва совуққа чидамлилиги, етиштириш осонлиги каби хусусиятлари билан ажралиб туради. Таркибида кўплаб озуқа моддалари бўлиши, алоҳида ўзига хос таъми ҳамда юқори биологик фаоллиги билан бошқа карамлардан устундир.

К.А.Шуин ва В.Д.Мухиннинг таъкидлашларича, гулкарамни озуқавий қуввати 121 Кдж/100 г бўлса, броколли карамида унинг миқдори 150 Кдж/100 г. га етади.

Тадқиқотчилар ўз маълумотларида, брокколи карами бошчаларида қуруқ модда – 12,3, оқсил – 3,3, углеводлар – 5,5, клечатка – 1 фоиз, витаминлар: С –114, А – 1,9, В2 – 0,21, РР – 10 мг бўлса, гулкарамда бу моддалар миқдори камроқ, яъни қуруқ мода – 11,7, оқсил – 2,5, углеводлар – 2,9, клечатка – 0,9 фоиз, витаминлар: С – 105, А – 0,02, В2 – 0,1, РР – 0,6 мг. да тўпланишини аниқлаганлар. Карамларнинг бу турлари бўйича ўтказилган кўпгина тадқиқотларда уларни таркибидаги фаол моддалар миқдоридаги тафовут бундан ҳам ортиқ бўлишини маълум қилганлар.

Брокколи карамини бошчалари ва ёш поялари янгилигича ва қайта ишланган ҳолда ишлатилади. Уларни ёш шохчалари қайнатилиб, қовурилган ҳолда шўрваларга солинганда жуда мазали бўлади. Турли таомларга ишлатишдан олдин броколлини йўғон поялари олиб ташланиб, шўр сувда қайнатиб олинади. Унинг ёш барги ва ўзаги турли таомлар тайёрлашда фойдаланилади. Брокколини янги, ёш барглари мазаси исмалоқ, баргли карамлар мазасига тенглаштирилади.

Брокколидан кўплаб таомлар тайёрлаш мумкин. Жумладан, брокколи солинган қўзиқоринли салат, ўсимлик ёғи солиниб тайёрланган брокколи салати ва бошқалар. Унинг маҳсулоти бошқа карамларга нисбатан тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. У енгил ўзлаштириладиган оқсилга бой (3,2–4,5%) бўлиб, миқдорига кўра картошка, ширин жўхори ҳамда исмалоқдан устун туради. Ундаги оқсил таркибида антисклеритик модда ва метионини (4мг/100 г) бўлиши организмда холестеринни кўпайиб кетишига тўсқинлик қилади. Оқсили таркибидаги ноёб аминокислоталар мол гўштидаги лизин, изолейциндан, трифтафон миқдори эса тухумдаги оқсил таркибидан кучлидир.

Брокколи карамида кўплаб углеводлар бўлиб, унинг поялари қандга бой. Жами шакар миқдори 1,5–3,8 фоизни ташкил этиб, унинг умумий миқдорини 5–10 фоизини сахароза, 0,4–0,5 фоизини крахмал, 0,7–1,2 фоизини клетчатка ташкил этади.

Шунингдек брокколи карами ўзида кўплаб минерал моддаларни мужассам этади:

100 г қуруқ массасида калий – 490, кальций – 105, фосфор – 82 мг бўлиши, унинг минералларга бойлигини кўрсатади. Брокколи гул тўпламларини таркибида натрий тузлари – 13,1, магний – 31, йод – 12, темир – 1,3 мг, (100 г) миқдорда бўлади.

Брокколи гулкарамда учрамайдиган каротин (1,9–4,0 мг/100г) кўпдир. Шунингдек, унинг таркибида кўплаб турли хилдаги витаминлар: В1 – 0,09; В2 –0,21; С – 61–160; РР – 1; В6 – 0,25 мг/100г мавжуд. Брокколи гул пояларида гулкарамга қараганда С витамини 1,5–3, қуруқ модда 1,3–2,7 флавиноидлар 4,0 мартага кўп учраб, каротин миқдори фақат сабзидан кам.

Гулкарамга қараганда брокколида минерал тузлар деярли 2 марта кўпроқ бўлади.

Брокколи таркибида витаминлар, пектин ва юмшоқ клетчаткани, холин ҳамда метионин моддаларини, шунингдек, минерал тузлар ва бошқа биологик фаол моддалари мутаносиблиги турли ёшдаги инсонлар учун жуда муҳим пархез маҳсулот эканлигидан далолат беради. Унинг маҳсулотидан нурланиш касалликларини даволашда самарали фойдаланиш мумкин.

Карамнинг бу тури бошчалари таркибида йоднинг биологик шакллари мавжуд бўлиб, у қалқонсимон безга бу элементни радиоактив изотопларини тушишига тўсқинлик қилади. Шаклланган, истеъмол учун тайёр карам бошчаларидаги чанглар тиббиётда қимматли даволаш маҳсулоти сифатида ишлатилади.

Брокколи ёш болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда атеросклерозга мойил бўлган кексалар учун жуда фойдалидир.

Ундан соғлом соч толаларини тиклашда, тери ва суяк тўқималарини шаклланишида қўллаш яхши самара беради.

Озиқ-овқатда брокколини мустақил истеъмол қилиниши эрта қариш олдини олади. Брокколи карамини келиб чиқиши, морфологик белгилари ва ташқи муҳит омилларига бўлган муносабати гулкарамга ўхшашлиги мамлакатимизда уни етиштириш истиқболли эканлигини кўрсатади. Экинни серҳосил, маҳаллий иқлим шароитларига мослашган нав ва дурагайларини танлаш ва уларни етиштириш технологияси асосий элементларини ишлаб чиқиш сабзавот турларини янада кўпайтириш имконини беради.

        М.Болтаев, Ш.Асадов


Back to the list



Сайт орқали келиб тушган мурожаатлар сони

13.03.2015 дан 27.03.2017 гача булган муддатда
Келиб тушган аризалар:
39
Жисмоний шахс номидан
34 / 87,18%
Қайта ишлаш жараёнида
0 / 0,00%
Юридик шахс номидан
5 / 12,82%
Якунланган
39 / 100,00%
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech