Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Искандар, Гулжаҳон, Нукус–2, Нукус–70 ва ҳ.к.

Кўчат танлаш. Кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида экиладиган шоли кўчатлари 30–40 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган ва соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Дастлаб майдон ғалла қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 180–200 кг (10 сотихга 1,8–2 т) чириган, тоза гўнг солинади. Тупроқ 15–20 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текислангач пол олинади ва сув бостирилади.

Экиш схемаси. Кўчат экишдан олдин челлар 4–6 см қалинликда сув билан бостирилади. Қаторлар ораси 15 см, уялар ораси 10 см, ҳар бир уядаги кўчат сони 2–4 та.

Парваришлаш. Кўчат ўтқазилгандан кейин полдаги сув сатҳи 10–15 кун давомида 5–8 см, кейинчалик 10–12 см бўлиши керак.

Шоли азотли (карбамид, сульфат аммоний), фосфорли (аммофос) ва калийли ўғитлар билан уч марта озиқлантирилади. Кўчат ўтказилгандан бир ҳафта ўтгач, 1 сотихга 0,4 кг (10 сотихга 4 кг) меъёрда биринчи озиқлантириш, кўчат 8–9 та барг чиқарганда 1 сотихга 0,3 кг (10 сотихга 3 кг) меъёрда иккинчи озиқлантириш ва бошоқлаш даврида 1 сотихга 0,3 кг меъёрда учинчи озиқлантириш ўтказилади. Шоли майдони бегона ўтлардан доимий равишда тозалаб турилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Шолининг тез учрайдиган прикуляриоз касаллигига қарши Фолиар БТ фунгицидининг 22,5 фоизли эмульсияланувчи концентрати 10 сотихга 500 грамм меъёрида ишлатилади. 10 литрли челакка 34 грамм фунгицид солинади ва яхшилаб аралаштирилиб, ўсимликларга сепилади. 10 сотих ерга 15 челак аралашма ишлатилади.

Шолининг шира зараркунандасига қарши 5 фоизли Каратэ эм. к. худди шу миқдорда ва тартибда тайёрланиб, сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Шолининг сут пишиш даври бошланиши билан полларга кирадиган сув камайтирилади. Мум пишиш даври бошланганда эса батамом тўхтатилади. Ер етилиши билан шоли поялари ўриб олинади. Ўриб олинган шоли 3–4 кун ичида комбайн ёрдамида янчилади ва дони олинади. Шолини янчиш муддати бундан чўзилиб кетса, дон руваклардан тўқилиб нобуд бўлади. Шоли поялари майдаланиб, ивитилиб, кепакка аралаштирилиб молларга берилади.

    М.Эргашев


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech