Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлари: Лола, Эльберта, Малиновий, Мореттини желтий ранний, Старт, Фарход, Учқун, Чимган ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Шафтолини экиш схемаси – 5–4×3–4 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 4×3 м (шағалли-қумлик тупроқларда), экиш муддати эрта баҳорда – февраль охири март ойи бошларида.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади.

Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига шафтолининг навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевалик дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш. Шохлари тез ўсиб, кўплаб новдалар ва бачкилар чиқаради, улар узоқ яшамайди, тезда қурийди, дарахт танаси тезда яланғочланади, сиртқи шохлар кўпроқ ҳосил беради. Шуларни инобатга олиб, шафтолини кучли буташ талаб қилинади.

Шафтолига танасининг бўйи 40–50 см бўлганда косасимон шакл берилади. Кўпинча шохларни синиб кетишини инобатга оладиган бўлсак, энг мақбул ечим биринчи қаторда 3–4 новдадан иборат танада бир-биридан 10–15 см оралиқда текис жойлашган (яъни қўшилган куртаклардан иборат бўлмаган) яхшиланган косасимон шакл бериш тавсия қилинади.

Томорқадаги шафтоли дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда шафтоли дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Шафтоли дарахтига зараркунандалардан мева канаси, касалликлардан клястероспориоз (тешик доғ) зарар келтиради.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл), 5 фоизли Каратэ эм.к. (100 л сувга 30–40 г) қўлланилганда яхши самара беради.

Шафтолининг клястероспориоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси ва 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликка қарши препаратлар куртаклар ёзилгунига қадар, кузда ва эрта баҳорда пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Шафтоли мевалари асосан июнь-август ойлари давомида пишиб етилади. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста ушлаб, мева бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Терилган мевалар оҳиста саватларга жойлаштирилади. Мевалар навга хос рангга кирганда тириш бошланади.

Шафтоли мевалари сифати тез бузилишини инобатга олиб, уларни теришда устма-уст жойлаштирмаслик зарур. Мевалар бир қатор қилиб яшикларга терилса, уларнинг сақланувчанлиги ошади.

    Ш.Аҳмедов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech