Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Зотни танлаш. Туялар авлоди иккита мустақил – бир ўркачли (бўйи 210 см. гача, қизғиш-кулранг) ва икки ўркачли (бўйи пастроқ, тўқ қўнғир тусли) турларга бўлинади. Улар ўзаро чатишади ва урчитишга қобилиятли дурагайлар беради. Лекин тоғли ва зах ерларда яшай олмайди.

Парваришлаш. Туялар чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул каби ўсимликлар билан озиқланади. Уларга фақат оғир шароитда ва қочириш мавсумидагина жойида пичан ва ем берилади.

Ёш, семиз туя гўшти тўйимлилиги жиҳатидан қорамол гўштидан қолишмайди. Гўшт чиқими ўртача 5%. Эркак туяларнинг вазни 700–750 кг, урғочилариники 600–650 кг атрофида. Бир ўркачли туялардан 2000 кг гача ёғлилиги 4,5% бўлган сут соғиб олинади. Икки ўркачли туядан эса ёғлилиги 5,4% бўлган сутдан 1000 кг. гача олинади.

Икки ўркачли туялардан йилига 5–10 кг, бир ўркачлилардан 2–4 кг жун қирқиб олиш мумкин. Лекин, сифатига кўра, икки ўркачли туялар жунининг таркибида 85% тивит бўлганлигидан улар қимматроқ бахоланади. Ундан турли хил жунли кийимлар, трикотаж, кўрпалар тайёрланади. Шунингдек, сифатли жун пайпоқ, қўлқоп ва рўмоллар тўқилади. Эркак туялар урғочиларига қараганда кўпроқ жун беради. Туя сутидан шифобахш қимрон қилинади.

Туялар вазнига қараб 200–300 кг ортилган юк билан соатига 4,5 км тезликда, кунига 35 км йўл боса олади. Айрим холларда уларни аравага қўшиб юк ташиш ҳам мумкин. Туялар 2–3 ёшлигида жинсий балоғатга етади. Бу даврда эркак туяларни урғочиларидан ажратиб қўйиш талаб этилади. Акс ҳолда, улар тез-тез жуфтлашиб ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Шунга кўра урғочи туялар биринчи марта жуфтлашишга 3–4 ёшлигида, эркаклари эса 4–5 ёшлигида қўйилади.

Туялардан 20 ёшга киргўнга фойдаланиш мумкин. Сўнг уларнинг тишлари едирила бошлайди ва ем-хашакларни тўла ҳазм қилаолмайди. Бундай туялар семиртирилиб, гўштга топширилади.

Туяларнинг бўғозлик даври ҳар хил бўлади. Масалан, бир ўркачли туяларида бу давр 13 ой давом этса, икки ўркачлиларда 14 ойга боради. Бўталоқлари оналарини 18 ойлигигача эмади. Ҳар бир туя асосан битта бўталоқ туғади.

Бўталоқ ўстириш. Бўталоқлар одатда 35 кг вазнда туғилади. Агар ҳаво совуқ бўлса улар иссиқ хонага олинади ва суткасига 5–6 марта онасиини ёнига келтириб эмдирилади. Туя болалари ўсиб, ривожланиб борган сари ем-пичанга ўргатила борилади. Улар икки ёшга етганда 400 кг вазнга эга бўлади. Бунда уларга суткасига 10–12 кг пичан ва ёки ем бериш лозим. Улар 2–3 ёшлигидан бошлаб қўлга ўргатилади. Беш ёшга етганда улардан тўла ҳолда фойдаланиш мумкин. Ёшлигидан қўлга ўргатилган туялар анча юввош ва эгасининг буйруғини ўз вақтида бажарадиган бўлади. Бундай туялардан хўжалик ишларида ҳам фойдаланиш мумкин.

    А.Нурматов, Б.Аллашов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech