Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлари: Андижон қора узуми (Андижанский черный), Қора кишмиш, Оқ кишмиш, Ҳусайни, Ризамат, Қизил Хурмони, Паркент, Нимранг, Пушти Тоифи ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Токни экиш схемаси – 3×3–2,5 м (тик сўри) ва 3,5×2,5–2 м (қайирма сўри). Кўчатларни экиш март ойи давомида амалга оширилади.

Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олинади сўнгра экилади. Кўчат ўрага қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Парваришлаш. Ўстириш тизимига кўра узум тупларини шакллантириш учун кўчат ўтказилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ вақт хизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан самаралидир. Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хўраки навлар, шунингдек, лалмикор ерларда ўстириладиган токларни тик симбағазда, кучли ўсувчи, хўраки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак.

Ток кўмиш муддати ноябрь ойида ўтказилади. Баҳорда яъни, март ойининг биринчи ярмида кўмилган узум туплари очилади.

Томорқадаги узум тупларига ҳар йили баҳорда туплар очилгандан кейин ҳар бир туп ҳисобига 120–160 г аммофос, 120–150 г аммиакли селитра ва 150–200 г калий тузлари ҳисобидан минерал ўғитлар солинади. Гуллашдан икки ҳафта олдин қўл пуркагичлари ёрдамида ТУР препарати сепилади, бу препарат таъсирида ҳосилдорлик 30–40 фоизга ошади.

Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2–4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда 7–9 маротаба суғориш керак. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек, қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май-июнь ойида ўтказилиши мумкин.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Юртимиз шароитида ток ўсимлигига асосан зараркунандалардан узумхўр қурт, ун ғуборли ток қурти тоғолди минтақаларда кравчик қўнғизи; касалликлардан оидиум, антракноз, бактериал рак ва қисман хлороз касаллиги жиддий зарар келтиради.

Узумхўр қурти (узум куяси, шингил қурти) нинг зарарини камайтириш учун шўра хомток, ғўра хомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтқазилиши новдалар чеканка қилиниб, барглар сийраклаштирилиши керак. Бунга қўшимча 2–3 маротаба пуркаш ўтказилиши, биринчи пуркаш, Қора кишмиш, Пушти Тоифи навлари 4–5 та чинбарг чиқарганда, иккинчиси ток гуллагандан 17–20 кун кейин, зарурат бўлса учинчиси иккинчисидан 7–10 кун ўтгач бажарилиши лозим. Зараркунандаларга қарши 5 фоизли Суми-Алфа эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 50 мл) ва Тайшен с.э.г. (50–80 мл) препаратларини қўллаш самаралидир. Бир йўла кул касаллигини даволаш мақсадида иш суюқлигига коллоидли ёки ҳўлланувчи олтингугурт қўшиб пуркалади (10 л сувга 80–100 г). Вектра, Топаз препаратларини қўшса ҳам бўлади. Томорқа шароитида тамаки қайнатмасидан фойдаланиш ҳам мумкин.

Токнинг оидиум (ун шудринг, кул, шўра) касаллиги юртимиз шароитида кенг тарқалган.

Мавсумда шўра хомток, ғўра хомток ва узумзорларга сув югурган даврда, чилла чиққандан сўнг новдаларни қисқартириш, ортиқча баргларни олиб ташлаш зарур. Хомтокдан кейин новдаларни яхши шамоллайдиган ва ёруғлик бемалол тушадиган қилиб тараш керак.

Агротехник тадбирлар ўтказиш билан бир қаторда токларга туйилган олтингугурт билан ишлов бериш яхши самара беради. Токларда биринчи маротаба эрта баҳорда новдалар боғланиб, 3–4 тадан чинбарг ҳосил бўлганда, 8–10 кундан кейин – иккинчи маротаба, ток гуллаб бўлгандан кейин 2 ҳафта ўтгач, учинчи маротаба олтингугурт чанглатилади. Узумзорларни ёшига ва қалинлигига қараб гектарига 20 кг дан 35–40 кг гача олтингугурт сарфланади. Олтингугурт кукуни бўлмаса 1 фоизли ҳўлланувчи олтингугурт пуркалади (10 л сувга 100 г). 10 фоизли Топаз эм.к. (10 л сувга 5 г) ёки Вектра (10 л сувга 3 г) препаратларини ҳам қўлласа бўлади.

Доғли антракноз (қорасон, чечак) касаллигига қарши курашда агротехник чоралар профилактик характерга эга. Калий ўғитини кўпроқ бериш керак, шунда ўсимликнинг касалликка чидамлилиги ошади. Кузда ток кесишда зарарланган новдалар ёқиб юборилади. Қатор оралари тупроқ қатламини ағдариб чуқур юмшатиш, бегона ўтлар босишига мутлақо йўл қўймаслик керак.

Антракноз билан зарарланган токзорлар, кузда кўмишдан олдин 3 фоизли Бордо суюқлиги (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г оҳак) билан барча занг ва новдалари ювиш даражасида пуркалади. Баҳорда, ўтган мавсумда зарарланган токзорлар куртак чиқариши биланоқ 1 фоизли Бордо суюқлиги (10 л сувга 100 г мис купороси + 100 г оҳак) билан пуркалади. Бу даврда оҳак-олтингугурт қайнатмасини (ИСО) қўлласа ҳам бўлади. 10 фоизли Топаз эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 20 мл) ёки Вектра (10 л сувга 3 г) препаратлари ҳам самаралидир.

Токнинг мильдю (сохта ун шудринг) касаллигига курашда профилактик ва агротехник тадбирлардан барча тўкилган барглар тупроқни ағдариб чопиш йўли билан йўқотилади, «Ерток» усулидаги токзорларни тик симбағазга кўтариш, шўра ва ғўра ҳомтокларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш новдаларни ёйиб тараш ва боғлаш, касаллик ва совуқларга чидамлигини ошириш мақсадида калийли ва фосфорли минерал ўғитлари билан мунтазам равишда озиқлантириш. Кимёвий воситалар ёрдамида кузда ёки баҳорда куртаклар ёзилишдан олдин 3 фоизли Бордо суюқлиги (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г сўндирилмаган оҳак) билан барча занг ва новдаларни ювиш даражасида пуркалади, шунингдек, 2–3 фоизли темир купоросини ёки 1 фоизли мис купоросини қўлласа ҳам бўлади. Кўкламда барглар ёзила бошлагандан 5–6 чинбарг давригача Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги ёки Топсин, Байлетон препаратларининг 0,1 фоизли, Ридомил голд, Курзат препаратларини 0,3 фоизли препаратларини 10 литр сувга 2 г қилиб пуркаш мақсадга мувофиқдир. Май ойи серёғин келса ва июнда ҳам ёғингарчилик бўлса пуркашлар 7–10 кун оралатиб 2–3 марта такрорланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Узум меваларининг ранги ва тусидан пишиш муддати аниқлаб олинади. Пишган мевалар ялтироқ бўлади. Хўраки навларнинг фақат пишиб етилган бошлари узиб олинади. Узум бошларининг банди боғ қайчи билан кесилиб, яшик ёки саватларга жойланади. Кишмиш ва майизбоп навлар мевалари қуруқ моддани етарли даражада тўплагандан кейингина йиғиштириб олинади.

    Ш.Аҳмедов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech