Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Зотни танлаш. Энг аввало, сутдор сигирни танлаш керак. Танлашда сигирнинг ташқи кўринишига эмас, балки зотдорлигига эътибор бериш лозим. Чунки зотдор сигирлар жайдари ва наслсизларига қараганда кўп сут беради.

Республикамизда сут йўналишидаги қорамол зотларига қора-ола (жуссаси йирик, танаси узунроқ, териси қайишқоқ, елини катта), қизилчўл (туси қизил, боши ва танасида оқ қашқаси бор, қадимда немис қизил моллари деб аталган), бушуев (туси оқ, қулоқ ва тумшуқ атрофи қора ёки қизил) ва швиц (туси қўнғир, танаси ихчам, елинлари кичик) зотлари киради. Сигирнинг қора-ола зоти сут маҳсулдорлиги бўйича етакчи ҳисобланиб, уларнинг тирик вазни ўртача – 460–500 кг, 305 кунлик соғин давридаги сут маҳсулдорлиги – 3800–4500 кг, сут таркибидаги ёғ – 3,6–3,7 фоизни ташкил этади.

Қизилчўл зотли қорамоллар республикамизнинг иссиқ иқлим шароитига яхши мослашган. Сигирларнинг ўртача тирик вазни 450–500 кг, соғин давридаги сут миқдори 3200–3800 кг атрофида, сути таркибидаги ёғ – 3,7–3,8%.

Республикамизда яратилган сут йўналишидаги бушуев зотли қорамоллар асосан Сирдарё вилояти хўжаликларида парваришланади. Улар қуруқ иқлимга яхши мослашган, қон касалликларга чидамли. Тирик вазни ўртача –450–500 кг, соғин давридаги сут миқдори – 3200–3600 кг, сути таркибидаги ёғ – 4,0–4,1%.

Швиц зотли қорамоллар сут-гўшт йўналишидаги зот бўлиб, сигирлари яхши даражадаги сут миқдори ва сутининг ёғлилиги, ёш бузоқларининг тез ўсиши, узоқ фойдаланиш муддати ва бошқа ижобий хусусиятлари билан ажралиб туради. Сигирларнинг ўртача тирик вазни – 470–520 кг, соғин давридаги сут миқдори – 3800–4400 кг, сутининг ёғлилиги – 3,7–3,8%.

Парваришлаш. Хонадон эгалари аввало қорамолларни тўйимли озиқлантиришга аҳамият беришлари зарур. Сигирларнинг кунлик бераётган сут миқдори, тирик вазни, ёшини ҳисобга олган ҳолда омихта ем, шелуха, кепак, силос, хашак, қовун-тарвуз пучоқлари ҳамда протеин, минерал модда ва витаминли бошқа озуқалар билан меъёрида боқилади.

Хонадон шароитида сигирлар асосан икки маҳал, яъни эрталаб ва кечқурун соғилади.

Сигирлардан узоқ йиллар давомида фойдаланиб туриш учун уларни нафақат ўз вақтида қочириш, балки бўғоз сигирларни сутдан чиқариб, кейинги туғишга тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун бўғоз сигирлар туғишига 50–60 кун қолганда сутдан чиқарилади ва уларга дам берилади. Акс ҳолда сигирнинг организмидан сут билан бирга кўплаб миқдорда тўйимли моддалар чиқиб кетади, у заифлашади ва туғишда қийналади.

Сигирлар ёзда очиқда, қишда эса оғилхонада сақланади ва боқилади. Оғилхонада охурлар ва гўнгни ташлайдиган махсус туйнук бўлиши даркор. Бу бино доимо қуруқ бўлиши, молларнинг таги шалтоқдан доимий равишда тозалаб турилиши лозим.

Сигирларни сунъий қочириш. Шуни эсда тутиш лозимки, сигирларни сунъий қочириш зотни яхшилашнинг энг қулай усулидир. Сунъий қочириш зотдорлиги паст мол ва унинг бир неча авлодида амалга ошириб борилса молнинг насли яхшиланиб, зотдорлиги ва сутдорлиги ошади, ундан келгусида наслли бузоқлар олинади.

Сигирларни сунъий қочириш учун ҳудудда жойлашган зооветеринария шохобчасига мурожаат этиш даркор.

    А.Нурматов, Б.Аллашов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech