Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Мушак–195, Нурли–70, ўртапишар Мирзои сариқ–304, Мирзои қизил–228, Нант–4, Шантанэ–2461, Зийнатли, Фаровон навлари экишга тавсия этилади.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15–28 февралда, ёзгиси 1–15 август, тўқсонбости муддатда 15–30 декабрда сепилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда баҳорги сабзи 1–15 март, ёзгиси 10 июндан-10 июлгача, тўқсонбости муддатда 10 ноябрь-10 декабрь, шимолий минтақаларда баҳоргиси 15–30 март, ёзгиси 10–20 июнь, тўқсонбости муддатда 1–30 ноябрда 1,5–2 см чуқурликка 52×8, 62×8 см схемада экилади. Уруғ сарфи 10 сотихга 500–600 г. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири – бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади.

Суғориш. Сабзининг илдизи яхши ривожланади, тупроққа чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бироз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Юртимиз шароитида сабзи кўкламда, кузда ва ёзда сепилади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суръатда катталашаётганда эса ҳар 7–8 кунда суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Сабзи мана шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсумда 11–12, сизот суви юза участкаларда 6–8 марта сув ичади.

Ўғитлаш. 10 сотих сабзи майдонига соф ҳолда 15 кг азот, 8 кг фосфор, 4,5 кг калий солиш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 12 кг азот, 7 кг фосфор, 4 кг калий бериш керак. Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғитини йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси шудгорлашда, фосфорнинг қолган 25 фоизи ерни бороналаб, эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация мобайнида иккига бўлиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда 10 сотихга препаратлардан Далапон 4–4,5 кг. дан солинади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин 50 фоизли Гезагард препаратини 200–300 граммдан, бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1–2 чинбарг чиқарган вақтда, 33 фоизли Стомп 100–200 мл ёки 12,5 фоизли Фюзилад Супер препаратини 100–200 г меъёрда 60–80 л сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Сабзи илдизмевасининг диаметри 1,5–2 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган сабзи ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.

    Р.Ҳакимов, Б.Азимов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech