Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: маҳаллий Диёр, Ягана ва чет эл навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1 дурагайлари тавсия этилади.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади

Ер тайёрлаш. Дастлаб майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади ва яхшилаб текисланиб, суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Ош лавлаги уруғи уч муддатда экилади: баҳорги, ёзги ва кеч кузги (тўқсонбости). Ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1–10 август, марказий ҳудудларда 5–30 июнь, шимолий ҳудудларда 1–10 июнда экилади. Баҳорги муддатда жанубий ҳудудларда 15 февраль-1 март, марказий ҳудудларда 1–15 март ва шимолий ҳудудларда мартнинг учинчи ўн кунлиги-апрелнинг биринчи ўн кунлигида экилади. Тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10 ноябрь-10 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-10 декабрда экилади. Уруғ сарфи баҳорги ва ёзги муддатларда 1,4–1,6 кг, тўқсонбости муддатда 1,6–1,8 кг. Экиш схемаси 70(20)×8 см (70 см – марзалар, 20 см – марза устидаги қаторлар кенглиги). Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Ош лавлаги 2–3 марта чопиқ ва ўтоқ қилинади, ўғитлашда 15–20 т чириган гўнг, 15–20 кг азот, 10–15 кг фосфор, 8–10 кг калий солинади. Суғориш экиш муддати, тупроқнинг механик таркиби, сизот сувининг жойлашиш чуқурлигига қараб 8–12 марта ўтказилади. Лавлаги уруғлари 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС. Лавлаги совуқ (-2–3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли. Тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ширалар ҳамда лавлаги узунбурун зараркунандаларига қарши курашишда ерларни кеч кузда чуқур қилиб ҳайдаш, 10 сотих экин майдонига Конфидор 20% эм.к. (15–25 мл/га), 20 фоизли Маспилан (15–25 мл/га), 57 фоизли Фуфанон (8–10 мл/га) препаратларининг биронтасини 60 л сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ош лавлаги илдизмевасининг диаметри 3–3,5 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган ош лавлаги ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.

    Р.Ҳакимов, Б.Азимов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech