Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган навлари: Исполинская, Бертон, Изобильная, Венгерка фиолетовая, Чернослив Самаркандский ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Олхўрини экиш схемаси – 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 4×4 м (шағалли-қумлик тупроқларда), экиш муддати: эрта баҳорда – февраль охири-март ойи бошларида.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади.

Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига олхўрининг навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевалик дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш. Олхўрига шакл бериш унинг тезпишарлигига қараб ўтказилади. Тез ўсувчи учбурчаксимон шохловчи навларнинг ёнидан чиққан биринчи қатордаги асосий новдалари қирқилади. Бу шохларнинг кенгайиши ва пасайишига имкон беради.

Томорқадаги олхўри дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда олхўри дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Олхўри дарахтига зараркунандалардан мева канаси, касалликлардан клястероспориоз (тешик доғ) зарар келтиради.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл), 5 фоизли Каратэ эм.к. (100 л сувга 50 мл) қўлланилганда яхши самара беради.

Олхўрининг клястероспориоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси ва 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликка қарши препаратлар куртаклар ёзилгунига қадар, кузда ва эрта баҳорда пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Олхўри мевалари асосан июнь-сентябрь ойлари давомида пишиб етилади. Турли навлар турлича пишиш муддатига эга. Узоқ муддат пишиб турадиган олхўри навлари уч мартадан беш мартагача териб олинади. Шунинг учун мевалар юлиб олинмасдан, банди билан узиб олинади.

      Ш.Аҳмедов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech