Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Экиш учун тавсия этиладиган маккажўхори дурагайлари: ўртапишар Ўзбекистон–420 ВЛ, Ўзбекистон–601 ЕСВ, эрта-ўртапишар Қорасув–350 АМВ, Ўзбекистон–300 МВ.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган маккажўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор, текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илмилиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликлар қолдиқларини тозалашдан бошланади. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) тоза, чириган гўнг солинади ва камида 18–20 см чуқурликда юмшатилиб, йирик кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати. Маккажўхори уруғини жанубий вилоятлар учун март ойининг III, апрель ойининг I ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган ва Фарғона водийси вилоятлари учун апрель ойининг I–II ўн кунлиги, шимолий минтақалар учун апрелнинг III ва май ойининг I ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш схемаси ва меъёри. Уруғ 60×24×1 (60 см – қатор орасининг кенглиги, 24 см – уялар ораси, 1 дона – уядаги уруғ сони), 70×20×1, 90×16×1 схемаларда унувчанлиги ва уруғ тозалигига қараб сотихига 220–250 граммдан (10 сотихга 2,2–2,5 кг) меъёрда экилади.

Парваришлаш. Маккажўхори биринчи марта биринчи ўғитлашдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитлашдан сўнг, учинчи марта султонлар чиқариб, гуллаш даври бошланганда, тўртинчи марта эса доннинг сут-мум пишиш даврида суғорилади. Агар ер қумлоқ бўлса, тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.

Экиш тугалланганидан сўнг уруғлар униб чиққунча қатқалоқ ҳосил бўлганда тупроқ кетмон билан 3–4 см чуқурликда чопилади. Ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 та чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда юмшатилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 барг ҳосил қилганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади.

Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан 1 сотихга фосфорли минерал ўғит 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрида солинади. Ўсимлик 5–6 та чинбарг чиқарганда ва 10–12 та чинбарг чиқарганда ҳам 2,2 кг. дан азотли ўғит билан озиқлантирилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зарур бўлганда маккажўхорининг асосий зараркунандаларига қарши курашда бракон ва трихограмалар қўлланилади. Касаллик ва зараркунандалар турига қараб Витавакс 200 ФФ, Каратэ, Байлетон каби кимёвий воситалардан фойдаланилади. Сўта донлари сут-мум пишишга кирганда, кўсак қуртига қарши Трихограмма ва Габробракон капалакларидан фойдаланилади. Ўсимликда 6–8 барг ҳосил бўлганда тушадиган кўсак қуртига қарши кимёвий курашда Карате ва Энжио эритмалари ишлатилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Маккажўхори сўталари дон учун тўлиқ пишиш даврида, силос учун эса поялар сут-мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.

    И.Массино


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech