Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Тавсия этиладиган навлар: СУР, Родник, Жаҳонгир, Олатўн, Самарқанд оқ кунгабоқари ва ҳ.к.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Кунгабоқар навларининг уруғларини оргинатор ташкилотлардан уруғлик сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ҳолда олиш тавсия этилади. Маҳаллий Олатўн ва Самарқанд оқ кунгабоқарининг уруғларини, ҳосил пишиб етилган даврда кунгабоқар даласида ҳосил саватларининг йириклиги, ҳосил саватидаги уруғларнинг бир хиллиги, касалланмаганлиги ва бошқа белгилари бўйича танлаб олинади. Ушбу кунгабоқарнинг ҳосил саватлари қуруқ ва шабадали жойда қуритилади. Қуритилган уруғлар ҳосил саватларидан қоқиб олинади ва ўсимлик қолдиқлари, пуч уруғлардан тозаланади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлашда ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалашдан бошланади. Органик ўғитлар (мол, қўй ва товуқ гўнги) билан бирга фосфорли ва калийли ўғитларнинг йиллик меъёрининг 70 фоизи берилади ва ер 25–30 см чуқурликда юмшатилади. Баҳорда ер тобига келганда текисланади. Тупроқнинг ҳолатига қараб қўшимча агротехник тадбирлар ўтказилади. Текисланиб, майин тупроқ ҳосил бўлгач 70 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Республикамизнинг жанубий ҳудудларида асосий экин сифатида март ойининг биринчи ва иккинчи, марказий минтақасида жойлашган ҳудудларида эса март ойининг учинчи-апрелнинг биринчи ўн кунлигида экиш тавсия этилади.

Ёзги муддатда жанубий ҳудудларида 15 июнгача, марказий минтақада жойлашган ҳудудларда эса 5–10 июнгача экиш тавсия этилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Уруғларнинг йириклигига боғлиқ ҳолда 6–9 кг, 70×30 см кўчат қалинлигида экиш тавсия этилади.

Парваришлаш. Кунгабоқарнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун экин қатор ораларини юмшатиш, яганалашни ўз вақтида (3–4-чинбарглар шаклланганда) амалга ошириш ва бегона ўтларни йўқотиш жуда ҳам муҳимдир.

Кунгабоқар сувсизликка чидамли ўсимлик бўлсада, юқори ҳосил етиштириш учун уруғ сувидан ташқари икки-уч марта суғориш тавсия этилади.

Ўғитлаш. Кунгабоқар органик моддаларга бой тупроқларда яхши ривожланади. Экишдан олдин фосфорли ўғитнинг қолган 30 фоизи берилади. Кунгабоқар далаларида биринчи озиқлантириш кўчатлар тўла униб чиққандан кейин соф ҳолдаги азот 30 кг, иккинчи озиқлантириш эса, гуллаш даврининг бошланишида гектарига 50 кг ҳисобида берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Республикамиз шароитида кунгабоқарнинг оқ ва кулранг чириш касалликлари кенг тарқалган бўлиб, ҳосилдорликнинг 50–60 фоизгача пасайиб кетишига олиб келади. Ушбу касаллик ҳосил пишиб етилишига 20–30 кун қолганда авж олади. Касалликнинг олдини олишда ерни тўғри танлаш (охирги 4–5 йилда кунгабоқар экилмаган бўлиши) лозим. Кунгабоқар зараркунандаларига қарши энтомофаглардан олтинкўз личинкаси гектарига 1000 донадан, катта ёшдаги қуртларига қарши бракон энтомофагини гектарига уруғларни экишдан олдин ва гуллаш даврида Апрон ёки шунга ўхшаш препаратлар билан дорилаш тавсия этилади. Ҳашаротлардан асосий кушандаси – май қўнғизининг личинкаси ва резовор мевалар канаси ҳисобланади. Бу борада мутахассисга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ҳосил саватларининг орқа тарафи тўқ жигарранг тусга кирганда йиғиб олинади. Йиғиб олинган саватлар қуруқ ва шабадали жойда қуритилади. Қуритилган уруғлар ҳосил саватларидан қоқиб олинади ва ўсимлик қолдиқлари, пуч уруғлардан тозаланади.

Кунгабоқар саватларини майдалаб ёки янчиб, молларга озиқ сифатида бериш мумкин. Унинг 1 килограмми 08 озуқа бирлигига тенг. Кўк пояларидан силос бостирилади, қуриган поялари ёқилғи сифатида ишлатилади.

     М.Аманова

Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech