Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Чорва молларни парваришлаётган хонадон оила аьзолари ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари, юқумли касалликларга қарши эмлаш муолажаларини (касаллик ҳайвонлардан инсонларга юқмаслиги учун) олишлари зарур.

Оила аъзоси агар тери касалликлари билан касалланган бўлса, тана аьзоларида шилинган, кесилган, майда яралар тошган ҳолларда шифокорнинг рухсатисиз чорва молларига хизмат кўрсатиши ва сигир соғиши мумкин эмас.

Уй ҳайвонларини парваришлашнинг асосий шарти ўз вақтида ва узлуксиз озиқлантиришдир (оғилхонада парваришлаш даврида моллар ёзда тайёрланган озуқа билан боқилади).

Иккинчи муҳим шартларидан бири – зарур гигиеник парваришлашдир. Бу ҳайвоннинг ўз тирик вазнини сақлаб қолишида ўз ифодасини топади – улар ўртача семизликни сақлаб қолади.

Қорамолни хонадонда боқишда аввало, бу мол қайси йўналишда боқилаётганлигига эьтибор қаратилиши лозим. Агарда сут йўналишида боқилаётган бўлса рационида майдаланган кўк ўт, пичан, лавлаги, сифатли концентрат ем бўлиши керак.

Агар мол бўрдоқига боқилаётган бўлса рационида кўпроқ миқдорда концентрат (ем, кепак, шелуха, шрот) бўлиши шарт. Боқилаётган мол кам ҳаракат қиладиган ҳолатда бўлиши керак.

Қорамолларни сақлаш хоналари, яьни оғилхоналар кенг, ёруғ ва ҳаво алмашиши учун ромлар бўлиши керак. Молхона яхши таьмирланган, деворлари, охури оҳак билан дезинфекцияланган, барча тешик-тирқишлар ёпилган бўлиши керак. Оғил яхши шамоллатиладиган, сийдик оқиб кетадиган нов бўлиши лозим.

Молларнинг ўзини иложи бўлса ҳар куни, бўлмаса, ифлосланганда тозалаб, қашлаб туриш даркор. Бунинг учун қашлагичдан фойдаланилади. Агар қорамол жуда ифлосланиб кетган бўлса илиқ сувда ювилади. Бу тадбирни ёзда доимо бажариб туриш лозим, чунки тоза тери ҳашаротларни ўзига камроқ жалб этади. Сигирни чўмилтириб туриш ёки сув сепиш ҳам самаралидир.

Молхона қуришда меьёрларга риоя қилиш лозим. Сигирлар учун оғилхона узунлиги 160–200 см, кенглиги 130–150 см. дан кам бўлмаслиги керак. Охур пастроқ бўлади – моллар бўйнини эгиб, аммо чўзилмасдан озиқланиши керак.

Охурни, яхшиси тўғри бурчакли эмас, овалсимон қилиб, яни тепа томони 80 см, пастини 50 см. дан кам бўлмаган кенгликда қуриш мақсадга мувофиқдир. Унинг ҳажми бир маротабалик озуқа сиғадиган бўлиб қолмасин, бўрдоқига боқилаётган молларнинг суви олдида бўлгани маьқул.

Юқумли касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш тадбири сифатида ҳамиша молхона атрофини тоза сақлаб, гўнгини кунига икки марта йиғиштириб олиш, ҳашаротларни қувадиган эритмалар билан молларга ишлов бериб туриш тавсия этилади.

Янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфекциялаш хусусиятига эга. Шунинг учун молхона деворлари тез-тез оҳак билан бўялса, бу молхонанинг санитария ҳолатини ва ҳаво тозалигини яхши даражада сақлаб туради.

Чорва моллари орасида учрайдиган бир қатор юқумли касалликлар борки, уларни олдини ва хавфсизлик чораларини кўриш лозим.

Куйдирги касаллиги. Бу касаллик ўткир юқумли касаллик ҳисобланади ва ҳайвонларнинг ҳамма турларига, шунингдек, одамга ҳам юқади.

Бу касалликда ҳайвон жуда ҳам бўшашиб, иштаҳаси йўқолади, тана ҳарорати 41–42,5ºС га кўтарилади, шиллиқ пардалари кўкаради, ҳайвон ҳаллослайди.

Кўп ҳайвонларнинг терисида шишлар пайдо бўлади, қорамол вақти-вақти билан безовталанади, ич кетиши ва сийдик қизариши каби клиник белгилар намоён бўлади.

Бруцеллёз касаллиги (қораоқсоқ касаллиги). Мазкур касалликда ҳайвонларда ҳомила тушиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши касаллик белгилари бўлиб ҳисобланади. Ҳомиланинг тушиши кўпгина ҳолларда буғозликнинг иккинчи ярмида кузатилади, касаллик инсонга юқади.

Бундай белги билан касалланган ҳайвонларга аниқ диагноз қўйилгунча сутини истеьмол қилмасдан туриш керак.

Туберкулёз (сил) касаллиги. Туберкулёз касаллиги сурункали ўтувчи характерли бўлиб, организмнинг ўпка, ичак, лимфа тугунларида ўзига хос турдаги туберкула тугунакларини ҳосил қилади, бу касаллик билан инсонлар ҳам касалланади.

Қутуриш касаллиги. Бу касаллик билан барча турдаги иссиқ қонли ҳайвонлар ва шунингдек одамлар ҳам касалланади.

Касаллик белгилари кўпчилик ҳайвонларда ўхшаш бўлиб, қўзғалувчанликнинг ортиши, атрофга жавоб рефлексларини бузилиши, иштаҳасизлик, еб бўлмайдиган нарсаларни тишлаши, кўплаб сўлак ажратиши билан характерланади. Бу ҳолат 2 кун давом этиб, ҳайвоннинг шол бўлиб ўлиши билан якунланади.

Оқсил касаллиги. Мазкур касаллик қорамолларда оғир кечувчи хусусиятга эга, касаллик оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватларида, елин терисида ва оёқларда яраларнинг ҳосил бўлиши билан характерланади.

Қорасон касаллиги. Бу касаллик 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган қорамолларда кўп учрайди.

Касал молнинг тана ҳарорати кўтарилади, мускулли қисмларидаги шишган жойларда оғриқ ва ғижирлаш пайдо бўлади, ҳайвон 1–3 кун давомида нобуд бўлади.

Сальмонеллёз касаллиги. Касаллик билан бузоқлар 10 кунлигидан 2 ойлик ёшгача зарарланади. Касаллик сут, обрат орқали ва нафас олиш жараёнида юқиши мумкин.

Касал бузоқларда лоҳасланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, бел қисмининг букчайиши, кўзларининг ярим юмилиши ва ёш оқиши, ич кетиши, жунининг хурпайиши каби белгилар кузатилади.

Метрит касаллиги. Бу касаллик бачадоннинг яллиғланиш касаллиги бўлиб, сигирларда кенг тарқалган ва турли кўринишларда кечади. Касаллик бачадоннинг шикастланиши, йўлдошнинг ушланиб қолиши ва бачадонга микроб тушиши натижасида келиб чиқади.

Касалланган молларда ҳолсизланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас олиш ҳамда юрак уриши тезлигининг ортиши, иштаҳа йўқолиши, инграш ва букчайиш каби аломатлар намоён бўлади.

Мастит касаллиги. Сут безларининг бир қанча турдаги бактериялар томонидан зарарланишидир. Сут безидаги яллиғланиш даражасига қараб касаллик белгилари ҳар хил бўлади.

Касалликнинг оғир кўринишларида елин шишиб кетади, унинг касалланган маҳаллий қисмларида ҳарорат кўтарилади, кучли оғриқ пайдо бўлади, натижада сигирнинг иштаҳаси йўқолади. Сурункали кўринишларида эса елин паллаларидан бири ёки бир нечтаси шишган ҳолатда бўлиб, сут ўзига хос бўлмаган ириган кўринишда бўлади.

Туққандан кейинги фалажлик касаллиги. Касаллик туғишдан кейин рўй беради. Сигирлар кўп миқдорда сут ишлаб чиқариши давомида катта миқдорда кальций ва бошқа қимматли минерал моддаларни организмдан чиқариб юбориши натижасида вужудга келади.

Касалликнинг биринчи белгиси бу – гандираклаш, ётгандан кейин тура олмаслик, сигирлар ётиб қолганда бошини қорин устига қўйиб ётиши кабилардир. Касал сигирга ўз вақтида зарурий чоралар кўрилиб ёрдам берилмаса, у нобуд бўлади.

Туёқ касаллиги. Касалликнинг келиб чиқишига сабаб – туёқнинг шикастланиши, туёқлар орасидаги терининг ёрилиши ёки шилиниши каби ҳолларда, шу жойга бактериялар тушиб зарарлайди ва касаллик келиб чиқади.

Касаллик белгилари шундан иборатки, молда борган сари оғирлашадиган оқсоқлик пайдо бўлади, туёқ атрофида шиш ҳосил бўлади, қўланса ҳид пайдо бўлади. Касаллик инфекциясининг оёқ бўғимларига ўтиши оқибатида мол нобуд бўлиши мумкин.

Чорва молларининг қон-паразитар касалликлари. Республикамиз ҳудудида кўп учрайди касаллик яйлов каналари томонидан юқтирилади.

Касалланган ҳайвонларда тана ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, қон камаяди (анемия), сийдик тўқ қизил тусга киради, шиллиқ пардалар сарғаяди.

Касалликнинг олдини олиш учун молхоналарнинг деворларида тирқиш ёриқлар бўлмаслиги керак. Деворларни сувоқ қилиб, оқлаш мақсадга мувофиқ. Қорамолларни баҳор-ёз даврида ҳар 15–20 кунда чўмилтириб туриш, полиамидин, беренил, азидин препаратлари билан ҳар 100 кг тирик оғирлигига 5 мл ҳисобида олдини олиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.

Оғиз сутини бузоққа тўлиқ тўйганича эмизилади. Бузоқ иссиқроқ жойда сақланади, айрим кишилар молхонасида махсус бузоқхона ҳам қурдиради ва унга эркин қўйиб юборади.

Сигирни соғишдан олдин, унинг елини олдин иссиқ сувда намланган латта билан артилиб, кейин қуруқ латта билан суртиб тозаланади.

Сигирни сақлайдиган жой тоза бўлиб, нам бўлмаслиги керак. Молхона ҳар 3–5 кунда исириқ (адарасмон) тутатилиб, дезинфекция қилиб турилади.

Бузоқни соғлом қилиб ўстириш учун, бузоқ ўзи озиқланадиган давргача, яьни 40 чиққанча эмчакнинг 2 та сўрғичини бузоқ эмиши учун қолдириш шарт.

Бузоқни ҳар куни тоза ҳавода яйратиш, яьни бўш қўйиш керак. Бошқа озуқалар билан озиқлана бошлагандан кейин қўшимча озиқлантирилади.

Сигирларни боқишда озиқлантиришга катта эьтибор бериш лозим, уй шароитида боқилаётганда берилаётган озуқага ёт нарсаларнинг бўлмаслигига эьтибор бериш зарур.

Сигирлар дамлатадиган озуқаларни истеьмол қилиб, дамлаб кетса қуйидагиларни бажариш лозим. Ҳайвонни югуртириш, тоза сут ичириш, устидан яхтак сув қуйиш, оғзига яхши чайналадиган дарахтларнинг (толнинг) новдасидан солиб боғлаб қўйиш.

Чўл, дашт зоналарида яйловга боқиладиган ҳайвонларда дала каналари ҳайвонларда учраши мумкин. Канани эса ўлдирувчи воситалар билан (керосин, какра қайнатмаси ва бошқа замонавий дезинфекторлар) ювиш керак.

Бузоқ, умуман ҳайвонларнинг ичи кетса, сариқ ўтнинг қайнатмасидан ичириш лозим.

Ҳайвон сақланадиган молхонани, ҳайвон молхонадан чиққандан кейин (баҳорнинг охири, ёз ойларининг бошларида) тозалаб, оҳаклаб қўйиш керак. Ҳайвон молхонага кириш олдидан ҳам шундай қилиш лозим.

Сигир туққандан кейин, тезда қуйга келиб, янгидан қочириш учун уни ҳар куни энг камида 1–1,5 км юргизиш зарур.

Қорамолларни бўрдоқига боқишда салқин, қоронғироқ жой мақсадга мувофиқ бўлади. Берилаётган озуқага эьтибор бериш керак ҳайвонни озуқа билан бўктириб қўймаслиги лозим.

Ёз кунлари ҳар куни чўмилтирилса семириб, тозаланади. Семираётган мол жуда нозик дидли бўлади, агар озуқани кўнгилдагидай емаса, бошқасига алмаштириш зарур.

Паррандаларни касалликлардан асраш

Жўжа ва товуқларни касалликлардан ҳимоя қилиш учун қуйида келтирилган режа асосида эмлаш мақсадга мувофиқдир.

ВАКЦИНАЛАР

1. Марека

1 кунлигида мускул орасига

2. Гамборо

7–8 кунлигида сув билан

3. Ла-Сота

14 кунлигида бурнига 2 томчи

4. Гамборо

17–18 кунлигида сув билан

5. ИБК-НБ

35 кунлигида бурнига 2 томчи

6. Сальмонеллёз

43 кунлигида оғзига 5 томчи

7. ИЛТ

45 кунлигида кўзига 1 томчи

8. ИБК-НБ

65 кунлигида бурнига 2 томчи

9. ИЛТ

80 кунлигида кўзига 1 томчи

10. ИБК-НБ

90 кунлигида бурнига 2 томчи

11. Сальмонеллёз

105 кунлигида оғзига бурнига 5 томчи

12. Оспа птиц

115 кунлигида қаноти остига

13. ССЯ

115 кунлигида мускул орасига

Жўжаларга дастлабки кундан бошлаб А, Д, Е, С ва В гуруҳига кирувчи витаминларни меьёридаги миқдорларда бериб борилиши, кўпчилик юқумсиз касалликларнинг олдини олиб, жониворларни соғлом ўсиб-етилишида муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, паррандалар озуқасига турли микро ва макроэлементлар ҳамда бошқа қўшимчаларнинг бериб борилиши ҳам мақсадга мувофиқдир.

Паррандаларни озиқлантиришда 1 бош паррандага сарф қилинадиган комбикорма миқдори:

Ёши

Кунлик меъёр

1–4 кунлик

11 г

5–21 кунлик

17 г

22–56 кунлик

41 г

57–112 кунлик

70 г

113–133 кунлик

90 г

134–160 кунлик

120 г

Ғоз ва ўрдакларни сақлашда юқоридагилардан ташқари уларга чўмилиш ҳавзаси бўлиши керак.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини сақлаётган ва турган оғилхоналарга паррандаларни (товуқ, ўрдак, ғоз) киришига йўл қўймаслик зарур.

Қуёнларни касалликлардан асраш

Қуёнларнинг юқумли касалликларини олдини олиш ва даволаш тадбирларини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Қуёнларнинг пастереллёз (геморрагик септицемия) касаллиги жуда оғир ва мураккаб кечувчи ўта ҳавфли касаллик ҳисобланади. Касалликда ўпка, юрак, қон томирлар тизими, ичаклар ва бошқа аъзоларда сепсис, геморрагик яллиғланиш, қон қуйилишлар каби оғир жароҳатлар рўй бериши натижасида ҳайвонлар кўплаб нобуд бўлади. Пастереллёз касаллиги баҳор ва ёз ойларида кенг ривожланади. Бунга иқлимнинг кескин ўзгаришлари ҳамда турли стресслар каби омиллар қўшимча сабаб бўлади.

Қуёнлар орасида юқорида номлари келтирилган касаллик билан касалланган қуёнларнинг ўлиш даражаси 80–85 фоизгачани ташкил этади. Касалланган қуёнларни даволаш ва касалликка қарши курашиш тадбирлари учун катта маблағ сарфланади. Касалланиб тузалган қуёнлар ўсиш ва ривожланишдан ортда қолади ҳамда касаллик қўзғатувчисини ташувчи бўлиб қолади.

Қуёнларнинг юқумли (пастереллёз, сальмонеллёз, геморрагик септицемия, қуёнлар улати ва бошқа) касалликларни олдини олиш учун ўз вақтида касалликларга қарши эмлаб турилса мақсадга мувофиқдир. Шунингдек кўп ҳолларда қуёнлар орасида инвазион касалликлардан кокцидиоз, стронгилёз, аскаридиоз, трихинеллёз касалликлари учраб туради. Мазкур касалликларни олдини олиш учун ҳар икки ойда бир марта гельминтларга қарши антигельминтик препаратлардан қўллаб туриш мақсадга мувофиқ.

    Ш.Жабборов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech