Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
14.02.2017

Ҳозирги кунга келиб бедана боқиш ва кўпайтириш иқтисодий жиҳатдан яхшигина даромадли соҳага айланган. Бедана анча маҳсулдор бўлиб, модаси бир йилда 250–255 тагача тухум қилиши мумкин.

Тухумдан чиққан полапонларнинг қарийб 70–80 фоизи яшаб кетади. Жуда тез ривожланади ва турли касалликларга бардошли.

Тўғри, бедананинг вазни енгил, тухумлари ҳам майда. Аммо бедана гўшти ва тухумларининг ғаройиб шифобахш хусусиятлари сабабли унга доим талаб юқори.

Бедана бир йилда 250–300 дона тухум қўяди. Тухуми кичкинагина бўлиб, учтаси бир товуқ тухумига тенгдир. Тухумининг оғирлиги 8–14 грамм, сўйилган бедана гўштининг оғирлиги 100–120 грамм келади. Бедана 50–60 кунлик давридан бошлаб тухум қўя бошлайди, ҳатто 40 кунлигидан ҳам тухуга кириши мумкин. Бедана тухуми товуқникига нисбатан бир неча баробар фойдали ва ажойиб хусусиятларга эга. Товуқ тухумига қараганда бедана тухуми таркибида калий 5 баробар, темир 4,5 баробар, В1 ва В2 витаминлари 2,5 баробарга кўп бўлиб, А витамини, никотин кислотаси, фосфор, мис, лизоцим, кумуш ва бошқа аминокислоталар ҳам анчагина. Оқсил моддаси ҳам бошқа паррандалар тухумига нисбатан анча юқори. Масалан, товуқ тухумида оқсил моддаси 55,8 фоизни ташкил этса

Парваришлаш. Беданани хонаки тарзда боқиш ва парваришлашнинг ўзига хос томонлари бор. Аввало, уларни жуда яхши ўрганиш зарур. Бу қушлар шовқинни ёқтирмайди. Чунки улар озодликда ўтлар қалин ва баланд ўсган жойларни макон тутишади. Шу боис ҳам бедана парваришланадиган қафаслар (қовоқлар) уч томонидан, шовқин ўтказмайдиган мато билан қопланиши мақсадга мувофиқ.

Бедана сақланадиган қафас елвизак эсадиган, қаттиқ шовқин эшитиладиган ва кучли ёруғлик тушадиган бўлмаслиги лозим. Кафас ичига уюм-уюм хашак солиш талаб этилади, беданалар уларнинг орасига кириб олишни жуда яхши кўради. Вақти-вақти билан уларни янгисига алмаштириб туриш керак.

Катта беданалар бир кеча-кундузда икки-уч марта озиқлантирилади. Омихта еми таркибида дон-ун (арпа, сули, майдаланган маккажўхори унлари аралашмаси) – 60 фоиз, оқсилли аралашма (творог, майдаланган балиқ) – 35 фоиз ҳамда минерал аралашма (тухум пўчоғи, бўр) бўлиши мақсадга мувофиқ. Одатда беданаларга соя ва кунгабоқар шроти (кунжара) бериш мумкин, аммо чигит кунжарасини бериш мумкин эмас.

Тухумдан чиққан полапонлар дастлабки ҳафта мобайнида бир кеча-кундузда беш мартагача озиқлантирилади. Бир ярим ойлик бўлгунига қадар секин-аста камайтирилиб, икки марта озиқлантиришга ўтилади. Ёз ойларида эса қушларнинг ҳар бирига қўшимча равишда кунига ўртача ўн грамм атрофида майдаланган барра ўт ҳам бериш тавсия этилади. Идишида ҳамиша тоза сув бўлиши лозим.

Икки ойлик бўлганидан сўнг беданаларнинг вазни ўсишдан тўхтайди. Бу пайтда нар беданаларнинг оғирлиги 400 граммгача етиши мумкин.

Кўп тухум олишни кўзлаганлар учун бир квадрат метрлик майдонда 50 тагача бедана боқиш тавсия этилади. Бедана тухумлари совуққа таъсирчан, шу боис ҳам уларни тезроқ иссиқроқ жойга ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Бедана тухумининг фойдали хусусиятлари: инсоннинг қон босимини меъёрига келтириб, иммунитетни кучайтиради; юрак қон-томир фаолиятини яхшилайди; соч ва тишлар тўкилишининг олдини олади; асаб тизими бузилиши, камқонлик, гипертоник касалликлар, бронхиал астма ва қандли диабетда ижобий самара беради; умрни узайтиради, кўриш қобилиятини яхшилайди; унинг ёрдамида гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яралари, ўпка шамоллаши, ошқозоности бези яллиғланиши, стенокардия каби кўпгина касалликларни даволаш мумкин.

Бедана тухумини хона ҳароратида 30 кун, совутгичда 60 кунгача сақлаш мумкин. Тадқиқотчилар ва табиблар бедана тухумини исътемол қилишнинг инсон организмидаги ҳеч бир аъзога зарари, салбий таъсири йўқлигини аниқлашган.

Бедана гўшти етиштиришни мақсад қилганлар учун эса бир квадрат метр майдонда 20–30 беданани парваришлаш тавсия этилади. Унинг гўшти юқори калорияга эга, тўйимлилиги, мазаси ва парҳезбоплиги жиҳатидан қуён ва товуқ гўштидан устун туради. Юрак, ошқозон, жигар, ўпка, буйрак касалликларида истеъмол қилинади, сурункали касалликларни даволашда асқотади, ҳаётий тонусни оширади ва суякларни мустаҳкамлайди.

Бедана қафасидаги ҳароратни мунтазам 25 даража атрофида сақлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Аммо вояга етган беданалар, ҳатто, иситилмайдиган қафасларда ҳам қишни бемалол ўтказа олади. Танасидаги юқори ҳарорат, зич иссиқ патлари ва хашак ичига кириб олиши уларни совуқдан асрайди.

Одатда битта бедана саккиз ой боқилади, шундан олти ой давомида тухум олинади, саккиз ойдан сўнг гўштга сўйилади. Битта бедана олти ой давомида тахминан 130 тача тухум беради. Буни беданалар сонига кўпайтириб, даромадни чамалаш мумкин. Масалан, 30 кунлик 200 мода беданангиз бор бўлса, уни боқиш учун бир суткада ўртача олти килограмм ем сарфланади. Агар шунча беданани тўғри озиқлантирсангиз, ойига 4800 донагача тухум олишингиз мумкин.

Бедана касалликлаинингр олдини олиш. Бедана солинган қовоқни мунтазам тарзда тозалаш уни тез-тез дезинфекциялаб туриш тавсия этилади. Шунингдек, уларни боқувчи кишининг ўзи ҳам санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя қилишга алоҳида эътибор қаратиши зарур.

    А.Нурматов, Б.Аллашов


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech