Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
06.03.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида бўлганида ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос экинларини иқлимлаштириш ҳақида сўзлаб вилоятда соя­чиликни ривожлантириш катта иқтисодий самара беришини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, соя кўплаб хусусиятларга эга ўсимликдир. Унинг дони ўз таркибида 50% оқсил ва 28 фоизгача мой борлиги учун ўта қимматбаҳо экинлар гуруҳига киради. Соя донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400дан ортиқ турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқилади. Дони озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган экологик тоза сифатли хомашёдир. Аҳоли истеъмол қиладиган, ўз таркибида зарарли моддалар сақламайдиган ўсимлик мойининг 35 % соя донидан олинади. Мойи ажратиб олингандан сўнг соя изоляти ҳосил бўлади ва унинг таркибида оқсил миқдори 75 фоизга етади. Ундан болалар овқатлари, печеньелар, нон учун қўшимчалар, колбаса саноатига оқсиллар, кондитер саноати учун маҳсулотлар (кофеинсиз школадлар), кофе ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади. Саноатда линолиумлар, энг сифатли ва қимматбаҳо машина бўёқлари олинади.

Бир килограмм соя донидан инсонлар учун 4 литр, бузоқлар учун 8 литр сут тайёрланади, шунингдек, ҳайвонлар берадиган барча маҳсулотларни – сут, қатиқ, творог, пишлоқ, гўшт (қўй, мол, товуқ, ғоз) маҳсулотларини олиш мумкин. Айтиш мумкинки, хитойлик бир оиланинг сигир боқишга имкони ва боғлаб қўйишга жойи йўқ, аммо соя донидан сут тайёрлаб, ўз оиласи эҳтиёжларини қондиради.

Чорвачиликда ҳеч бир озуқа экини соя каби кўп озуқа бирлигига эга эмас. У 100 кг донида 138 озуқа бирлигини сақлайди, ушбу кўрсаткич, маккажўхори беда ва бошқа экинларда соядан кўра паст ҳисобланади. Ҳатто унинг 100 кг қуруқ пояларида 52 озуқа бирлиги мавжуд. Соя донининг тўйимлигиги жиҳатидан биронта озуқа экини ундан устунлик қила олмайди. Дунёда молларнинг тез семириши ва паррандаларнинг кунлик вазнининг ошиши учун албатта уларнинг кундалик рационида сояли маҳсулотлар киритилади.

Хуллас, чорвачилик тизимида ҳозиргача соядан кўра озиқавий қиймати устун бўлган ўсимлик йўқ. Унинг майдонларини кенгайтириш бизга оқсилга бой чорва ва парранда озуқаларини кўпайтириш, маҳсулотнинг таннархини камайтириш имконини беради. Яъни 961 г соя шроти 1 кг товуқ гўшти ҳосил қилади. Соя оқсилининг таннархи ҳайвон оқсилидан 27 марта арзонга тушади.

Республикамиздаги мавжуд мой заводларининг барчасида соя мойини қайта ишлаш технологияси яратилган ва бу борада уларнинг имконияти катта.

Дунёнинг ривожланган, миллиарддан зиёд аҳолига эга бўлган Хитой, экин майдонлари ўта тақчил ҳисобланган Япония, Корея ва бошқа мамлакатларда аҳолининг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан соя донидан олинган оқсил эвазига қондирилади.

Бу ўсимликнинг яна бир хусусияти шуки, дуккаклилар оиласига мансуб бўлгани учун ўзидан кейин тупроқда 55–60 кг соф азот қолдириб кетади. Бугун мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини тиклаш ёки уни бор ҳолида сақлаб қолиш долзарб масала бўлиб қолмоқда. У ўсиб-ривожланаётган даврда далага катта миқдорда минерал ўғитларни солишга ҳожат йўқ, чунки ўсимликнинг ўзи ҳаводан азотни ўзлаштириб, фойдаланиш имконига эга.

Экин майдони жиҳатидан дунё деҳқончилигида буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги 4-ўринни эгаллайди. Ялпи дон ҳосили 220,64 млн тоннага етади. Бразилия, АҚШ ва Аргентина мамлакатлари соя донини экспорт қилишда етакчи бўлса, асосий сотиб олувчи давлатлар бизнинг ён қўшниларимиз Хитой, Корея ва бошқа Осиё мамлакатларидир.

Соя навлари республикамизнинг барча вилоятларида асосий ва такрорий экишга мослашган ва етиштириш агротехникаси ишлаб чиқилган.

Уни экиш ва парваришлаш учун янги техника воситалари шарт эмас. Соя уруғлари маккажўхори, сабзавот сеялкалари билан экилади. Фермерларда ҳеч қандай сеялка бўлмаса дон сеялкаларини созлаш ҳисобига экиш мумкин. Қатор ораларини ишлашда мавжуд техникалардан фойдаланилади, дони дон комбайнлари ёрдамида ўриб олинади.

Бу ўсимлик ўз биологик хусусиятига кўра, бошқа экинларга қараганда ер танламайди.

Биз Сирдарё вилоятида пахта билан сояни аралаш экиш борасида бир неча йиллар давомида изланишлар олиб борганмиз. Бу тажриба ижобий натижа берди: тупроқ унумдорлиги оширилди ва июль ойининг ўрталарида ўртача 7–8 ц/га соя дони олинди. Фермерларимиз мазкур тажрибадан фойдаланишлари уларга яхшигина даромад келтириши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда соя экиш нима беради:

- халқимиз дастурхонини озиқ-овқат ва чорвачилик маҳсулотлари билан бойитади;

- чорва моллари ва паррандалар сифатли ва оқсилга бой озуқа билан таъминланади;

- республика мой заводларига арзон, сифатли хомашё етказиб берилиб, уларнинг ишлаш муддати узая­ди ва ўсимлик мойи четдан келтирилмайди;

- деҳқончиликда тупроқ унумдорлиги ошади ва қисқа муддатли алмашлаб экиш тизими вужудга келади.

    Д.Ёрматова, М.Ҳамраева, А.Нодиров


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech