Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.04.2017

Сўнгги йилларда чорвачилик хўжаликлари ва аҳолининг яйловлардан тартибсиз фойдаланиши туфайли ўсимликлар ҳосили ва турлари кескин камайиб бормоқда. Бундай яйловларнинг ҳосилдорлиги 0,5–1,5 центнердан ошмаяпти. Бу эса ўсиб бораётган республикамиз чорвачилиги талабига мутлақо жавоб бермайди.

Куз ва қиш фаслларида фойдаланиш мумкин бўлган алоҳида яйловлар, пичанзорлар деярли йўқ. Бунинг устига охирги йилларда моллар туёқ сони кўпайиб, ем-хашак, хусусан, шувоқ, янтоқ, ковул, қиёқ, чалов, каррак ва бошқа ўсимлик турлари йил сайин камайиб, уларнинг ўрнига ёмон ейиладиган ва заҳарли бўлган ўтлар, какра, сариқўт, исириқ, қизил шувоқ, қўзиқулоқ, эбелек, чўлсабзи каби ўсимлик турлари кўпаймоқда. Чорвани маълум бир яйловда ҳадеб (зўриқтириб) боқавериш, яйловга дам бермаслик (уруғлаш ва кўпайишига йўл қўймаслик) туфайли шундай ҳолат рўй бермоқда.

Жиззах вилоятининиг Фориш ва Ғаллаорол, Навоий вилоятининг Нурота, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманлари яйловларини кузатганимизда шу ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Эндиликда табиий янтоқзорлар ва шувоқзорлар чўл чорваси учун бирдан-бир озуқа манбаи бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йилларда бундай яйловларда ҳам ачинарли аҳвол рўй бермоқда. Янтоқ, шувоқпояларининг илдизигача ейилиши ёки ўтин учун чопилиши сабабли уларнинг уруғ бериши ва ўз-ўзидан кўпайиши учун имконият бўлмаяпти.

Бу муаммони ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли деб, биз инқирозга учраган, кам ҳосилли бўлган яйловлар ўрнида шу кунгача синовдан ўтган, серҳосил ва тўйимли озуқабоб бўлган кўп йиллик ўсимликлардан сунъий яйлов ва пичанзорлар яратишни энг самарали йўл ҳисоблаймиз.

Жиззах давлат педагогика институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генафонди институти ходимлари томонидан ҳамкорликда Фориш туманининг “Қизилқум” ва “Боғдон”, Ғаллаорол туманининг “Лалмикор”, Нурота туманининг ”Ғозғон” ва “Янги бино” хўжалигидаги ҳудуд яйловлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида қурғоқчиликка чидамли бўлган изен, кейрук, котрон, чогон, терескен каби ўсимликлар экиб кўрилганда яхши натижа бергани аниқланган. Бу экилган кўп йиллик озуқабоб ўсимликлар қурғоқчил келган йиллари (150–200 мм ёғингарчиликда) 10–12 центнер пичан ва 60–80 кг уруғ беришини, ёғингарчилик яхши бўлган йиллари (250–280 мм ёғингарчиликда) эса 20–25 центнер пичан ва 100–180 кг уруғ беришини кўрсатди.

Инқирозга учраган яйловларнинг ҳосилдорлигини тубдан яхшилаш борасида экиб, синаб кўрилган ўсимлик турлари ичида изен ўсимлиги иқтисодий самарали эканлигини кўрсатди.

Изен шўрагулдошлар оиласига мансубдир.У ярим бута бўлиб,бўйи 100–150 см атрофида. Изен иккита кенжа турга бўлинади.

У ҳар хил экологик шароитда чўл, тоғ, тоғолдиларигача бўлган ҳудудларда тошли, шағалли тупроқдан тортиб бўз, қўнғир, оғир қумоқ ва шўрланган тупроқларда ҳам учрайди.

Изен эрта баҳордан кеч кузга қадар ўсади. Кузги қорасовуқ тушгач (октябрь-ноябрь), ўсишдан тўхтайди. Бу ўсимликнинг муҳим биологик хусусияти шундаки, ундан қурғоқчил (ноқулай) келган йилларда ҳам мўл ҳосил олиш мумкин (бундай йиллар чўл ва ярим чўлларда ўртача 10 йилда 2–3 маротаба такрорланади.

Уни экишда ерларни 25–27см чуқурликда ҳайдаш лозим. Шудгорланган ернинг устки қисми текис бороналаниб, мола босилади. Мола босилган майдонда йирик кесаклар бўлмайди. Шунда тупроқ структураси яхшиланиб, уруғни сеялкаларда экишга шароит қулайлашади ва бир текисда ниҳоллар ундириб олинади. Изенни ерни қор қоплаган пайтда қўл билан сепиб экиш йўли ҳам яхши самара беради. Уруғнинг тупроққа кўмилиш чуқурлиги тупроқ хилига қараб 2–5 мм. дан ошмаслиги керак. Уруғни катта майдонларда экишда дон, чигит, қанд лавлаги экиладиган сеялкалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда қатор оралиғи 90–100 см, узунлиги эса дала шароитига қараб белгиланади. Изен, одатда куз ва эрта баҳорда экилади. Сўнгги тажрибалар шуни кўрсатаяптики, уни январ, феврал ва март ойининг биринчи декадасида ҳам экиш мумкин. Уруғ меъёри унинг унувчанлиги, тозалигига қараб бир гектарга 3–5 кг. ни ташкил этади.

Экилган изен уруғи март ойларининг бошларида кўкара бошлайди. Биринчи йили изен ўсимлиги ҳар қанча яхши ривожланган бўлса ҳам, изензорда мол боқиш ярамайди. Чунки биринчи йили ер усти пояси, новдалари ҳали тўла етилмаган бўлади. Моллар уни илдиз бўғизгача еб, қайта ўсиб чиқиши, ривожланишига зарар етказади. Вегетациянинг иккинчи йилидан бошлаб изензорлардан яйлов ёки пичанзор сифатида тўла фойдаланиш мумкин.

Изензорлардан асосан пичан олиш мақсадида фойданилгани маъқул. Сабаби чўл ва ярим чўлларда чорвани қишнинг қорли-совуқ кунлари озиқлантириш учун пичан йиғадиган майдонлар йўқ ҳисоби. У қиш мавсумида қўй, эчки, туялар учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Сернам келган йилларда сунъий яратилган изензорлардан икки мартага қадар пичан ўриб олиш мумкин. Бундан ташқари, ўриб олинган майдонлардан куз ва қиш ойларида ростмана ўтлоқ сифатида ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Инқирозга учраган табиий янтоқзорларга изен ўсимлиги экиш усули билан яйловларнинг ҳосилдорлигини 4–5 маротаба ошириш мумкинлиги аниқланган.

Изен ажойиб озуқа бўлиши билан бирга агрономик (мелиоратив) аҳамиятга молик. Унинг сершох туплари тупроқни сув ва шамол эрозиясидан сақлайди. Қолаверса, чуқур таралган қалин илдиз тизими кейинчалик чириб, тупроқни органик моддалар билан бойитади. Яна бир томони, тупроқнинг сув ҳамда ҳаво режимини яхшилаб, бошқа ўсимлик турларининг ўсиши учун қулай шароит яратади.
       
       Х.Мавланов, С.Қодирова

Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech