Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.10.2017

Сабзи шарбати тайёрлаш. Сабзи шарбати кўз нурини равшанлаштиради, буйракни яхшилайди, овқат ҳазм қилишни осонлаштиради ва иммунитетни кучайтиради. Бу шарбатни тайёрлаш учун ортиқча куч ва меҳнат талаб қилинмайди. Керакли нарсалар: сабзи, шарбат сиқиб чиқарувчи аппарат.

Тайёрлаш усули: сабзининг заха бўлмаган ширинроқ турини танлаб оласиз. Пўстини арчиб, шарбат сиқиб чиқарувчи аппаратдан ўтказасиз. Бир стакан сабзи шарбатига 1 ош қошиқ лавлаги сувидан қўшиб юборсангиз унинг фойдали хусусияти янада ошади.

Анор шарбати тайёрлаш. Анор шарбати витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади, шу боис уни организмнинг силласи қуриганида, кам­қонликда, атеросклерозда, нафас олиш йўллари инфекцияларида, бронхиал астмада, ангинада, радиоактив нурланишда ичиш тавсия этилади.

Анорнинг ширин навларидан олинадиган шарбат жарроҳлик операцияларидан кейин, буйрак санчиқлари ва ошқозон-ичак бузилишларида самарали тикловчи восита сифатида яхши фойда беради.

Анорнинг нордон навларидан олинадиган шарбат эса, диабет касаллигида ёрдам беради. Анор меваси пўчоғидан тайёрланган қайнатма ичак ёки ошқозон яллиғланиши ҳолатида ёрдам беради, дизентерия ва геморройга қарши курашда қўшимча самара келтиради. Таркибида C витамини жуда кўп миқдорда бўлган анор суви организмни мустаҳкамлайди ҳамда кўплаб вирусли касалликларнинг олдини олишда цитрусли мевалар шарбатидан қолишмайди. Шунинг­дек, анор иштаҳани очади, унинг уруғлари эса юрак мушакларини мустаҳкамлайди. Анорнинг ҳамма қисмлари фойдали: пўчоғи ҳам, доналари ҳам, шарбати ҳам, данаклари ҳам, гуллари ҳам, илдизи ҳам.

Қовунқоқи тайёрлаш. Қовунқоқи қимматли озиқ-овқат маҳсулоти. Қовун таркибидаги глюкоза, фруктоза ва сахароза, клетчатка ва гемицеллюлозалар, шунингдек, пектинлар сақланади. Қовунни офтобда оддий усул ёки махсус қуритгич шкафларда қуритилади. Қовунқоқини ҳамма навлардан тайёрлаш мумкин, қовун этининг тиғизлик даражасига қараб, қуритиш ва қирқишнинг турли усулидан фойдаланилади. Эти тиғиз бўлган Қизилуруғ, Оқ уруғ, Кўкча, Гулоби ва бошқа нав­лари оддий усулда илмоқларда, эти бўш, юмшоқ этли (Босволди, Тошлоқи, Гурвак ва бошқалар) нав­ларни сўкчакларга ёйиб 2-3 кун қуритилади, сўнгра яхши қуриб етилиши учун зангламайдиган симларга осиб қўйилади. Қовунқоқини об-ҳаво шароити ва қовун тилимларининг қалинлигига кўра, қуритиш 6-14 кунга боради. Тайёрлаш усули: қовун ўртасидан тенг иккига ажратилиб, уруғи олинади. Паллалар эни 3-4 см қилиб тилимланади, пичоқ орқали пўстидан ажратилади ва ўртаси охиригача кесилмай бир жуфт қилиб осиб қўйилади. Ширалиги ўртача навлардан 4,5-5,5, жуда ширин навлардан 7,5-10,1% (ўртача 7%) қоқи тушади. Таркибида умумий қанд миқдори 38-75,7%, намлиги 20% атрофида бўлади. Асосан, қиш ва баҳор фаслларида истеъмол қилинади.

Олма, беҳи, анор меваларини сақлаш. Ҳўл меваларни сақлашга қўйишдан олдин чириган, шикастланган ва ёрилганларидан сараланади. Сара меваларни омбор ёки ертўлада тахта ёки фанерадан тайёрланган оддий сўкчаклар устига териб сақлаш мумкин.

Одатда етилган олма ва ноклар бошқаларидан ажралиб туради. Улар бандидан осон узилади ва кучлироқ шамол эсса тўкилиб кетади. Қуйида олма ва нокларни бешикаст териб олиш ва сақлаш борасида бир неча тавсияларни келтирамиз.

Терилган олмаларни қуруқ ва тоза ертўлада сақлаш тавсия этилади. Агар ертўла ҳаддан ташқари қуруқ бўлса, унинг ўртасига бир қутида қум қўйилади ва унга вақти-вақти билан сув қуйиб турилади. Борди-ю, ертўлада керагидан ортиқ намлик бўлса, у ҳолда унинг ўртасига бир челак сўндирилмаган оҳак қўйиш мумкин. У ортиқча намликни ўзига тортиб олади.

Ертўлада ҳароратнинг кескин ўзгаришига йўл қўймаслик керак, олмаларнинг мазаси ўзгариб кетиши мумкин. Сақлаш учун терилган олмаларга ҳеч қандай заха етмаган бўлиши шарт. Йўқса, пўстлоғидаги арзимаган тирналган жой ҳам чиришга сабаб бўлади.

Меваларни бир хил катталикда саралаган маъқул. Кейин олмаларнинг ҳар бири қоғоз билан ўралади ва ёғоч қутиларга икки қават қилиб терилади. Қатлам орасига эса ёғоч қириндиси солинади. Олмалар бир-бирига тегиб турмаслигига алоҳида эътибор беринг.

Олмаларни полиэтилен халталарда ҳам сақлаш мумкин. Аммо бунда мевалар орасига сиркага ботирилган пахта қўйилади. Мевалар "нафас" олганда кислород сарфлайди ва карбонад ангидрид чиқаради. Кислород микроорганизмларнинг ривожланишига ёрдам берса, карбонад ангидрид уларнинг ривожланишини тўхтатади.

Шу сабабдан ҳам бундай халталарда олма узоқроқ муддат сақланади. Уларни ертўлада эмас, балки уйда сақласа ҳам бўлади. Аммо бунинг учун олма пишишидан бир ой олдин дарахтни суғоришни тўхтатиш талаб этилади. Йўқса, мевада намлик ошиқча бўлгани учун яхши сақланмайди.

Олма дарахтига калийли ўғит кўпроқ солинган бўлса, унинг эти қаттиқ бўлади. Гўнг ёки азот кўп солинса, таъми тахирроқ бўлади.

Нокларни ҳам худди олма каби сақлаш мумкин. У жуда нозик мева бўлгани сабабли териш чоғида эҳтиёткорлик талаб этилади. Худди олма каби ҳар бир мева алоҳида-алоҳида қоғозга ўралади. Уни ёғоч қутиларга бир қатор қилиб териш керак. Банди эса кейинги қатордаги мевалар орасига тўғрилаб қўйилади.

Узумни сақлаш. Узум бошларидан чириган мевалар бирма-бир териб ташланади. Бошлар сояга ёйилади, 1-2 кун мобайнида шамоллатиб сўлитилади. Кейин узум бошлари иккитадан қилиб бойланади ва ипга осилади. Сақлаш жойидаги ҳаво ҳарорати 0-5 даража атрофида илиқ, намлик 85-95% атрофида бўлиши лозим. Омборхона ёки ертўла вақти-вақти билан олтингугурт билан дудлаб турилиши керак.

Картошкани сақлаш. Картошка ковлаб олингандан кейин 20-25 кун ўтгач, лат еган ёки димиқиш туфайли зарарланганларидан сараланади.

Картошка оддий омборларда яшикка, тўрхалтага солинган ёки тўкма ҳолда сақланади. Омборда ҳарорат 2-4 даража илиқ, нисбий намлик 80-85 фоиз бўлса, маҳсулот яхши сақланади.

Омбор бўлмаса, картошкани сизот сувлари яқин бўлмаган ерларда ковланган ўраларга кўмиб сақлаш мумкин. Бунда ўранинг эни 60-70 см, чуқурлиги 70-80 см, узунлиги 2-3 м бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўрага картошка жойлангач, устига 10-15 см қалинликда похол ёки қамиш ёпилади, сўнгра устидан 30-35 см қалинликда тупроқ тортилади. Картошка шундай шароитда апрель ойигача яхши сақланади.

Картошкани уй-рўзғор шароитида сақлаш учун ёруғ тушмайдиган жой танланиши керак. Чунки ёруғ тушадиган жойда туганаги тез бузилиб, аччиқ бўлиб қолади. Сақланаётган картошкани ҳар ойда саралаб туриш зарур.

Пиёзни сақлаш. Пиёзни сақлашдаги асосий вазифа маҳсулот сифатини пасайтирмасликдир. Сақлаш муддати мумкин қадар узоқроқ бўлиши лозим. Пиёз ертўла ёки омборда тўрхалталарда, яшикларда сақланади.

Маҳсулот сақланадиган жой қуруқ, ҳавоси алмашиб турадиган бўлиши керак. Хонадаги ҳарорат илиқ, нисбий намлик 70-75% атрофида бўлгани маъқул. Пиёз музлаб қолгандан сўнг ҳам ўз ҳолига келиши мумкин. Аммо бу ҳол қайта-қайта такрорланса, маҳсулот сифати бузилади.

Сабзини сақлаш. Сабзини ковлашдан 10 кун олдин суғориш яхши самара беради. Сабзи барги сар­ғайгандан кейин ковланиб, баргидан тозаланади. Сабзи ўрада сақланади. Ўра тупроғи нам бўлиши, унга ўт ёки яшил барглар тушмаслиги талаб этилади.

Ўрага сабзи тўлдириш вақтида эланган қум солиб борилса, сабзи сўлимайди ва узоқ сақланади. Ўра тўлдирилгандан кейин усти похол ёки қамиш (5-10 см) билан ёпилади ва 30-35 см тупроқ тортилади.

Сабзини январь-февраль ойларигача салқин ертўлаларда полиэтилен қопларда, яшикларда (ичига полиэтилен тўшама қилиб) сўлимаслиги учун устини қум ёки нам тупроқ билан ёпиб, кунлик эҳтиёж учун ишлатиб бориш мумкин.

    Ахборот хизмати


Back to the list



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech