ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА БИЛИМ ВА ИННОВАЦИЯЛАР МИЛЛИЙ МАРКАЗИ
РЕСПУБЛИКАДА 2024 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН ЭКИЛГАН БОШОҚЛИ ДОН ЭКИНЛАРИНИ ПАРВАРИШЛАШ ТЎҒРИСИДА
ТАВСИЯЛАР
Тавсиянома Республикада ғаллачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар, ғаллачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун мўлжалланган.
Мазкур тавсиянома қ.х.ф. доктори, профессорлар З.Зиядуллаев, О.Аманов, С.Алиқулов ва қ.х.ф.ф. докторлари А.Мансуров, С.Исломов, А.Файзуллаев, А.Убайдуллаев, мустақил изланувчи Ф.Қузиевлар томонидан тайёрланди.
Республикада 2024 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини парваришлаш тўғрисида
Деҳқонларимиз тили билан айтганда, бу йил ҳам деҳқончиликда “Йил йилга ўхшамас” лигини кузатиш мумкин. Бошоқли дон экинлари бугунги кунда мураккаб физиологик жараёнларни ўтамоқда. 2023 йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари илиқ келганлиги (ўтган 2023 йилда ноябрь ойида ўртача кунлик ҳарорат +8+10 0С, декабрь ойида -3-5 0С, бўлиб, ғалла тўлик тиним даврида бўлган эди) кузги бошоқли дон экинларининг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг натижасида эрта (август-сентябрь) ва оптимал (октябрь) муддатда экилган кузги бошоқли дон экинлари тўлиқ туплаш даврига ўтиб, қишловга кирди.
Жорий йилда минтақамизда қиш ойлари иқлимий меъёрдан бироз (январь ойида 2023 йилда -12-140С совуқ, жорий йилда кундузи +15+170С) юқори ва илиқ келиши башорат қилинган.
Республика минтақалари (жанубий, шимолий, марказий ва Фарғона водийси) тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, январь ойи учун башорат қилинган об-ҳаво қуруқ ва илиқ бўлиши кузатиладиган бўлса, ғалла майдонларининг ҳайдов қатламида (ниҳолларни илдиз тизимидаги) нисбий намликнинг камайиши, озиқлантирилмаган ва суғорилмаган, тупроқда намлик етарли бўлмаган ғалла майдонларидаги майсаларда азот ва намлик етишмаслиги оқибатида совуққа, қурғоқчиликка ва бошқа стресс омилларга берилувчан ҳамда касалликларга тез чалинувчан бўлиб қолади.
Натижада, буғдой тупламасдан найчалаш фазасига ўтиб кетиши юзага келиб, дон ҳосилдорлигини 30-35 фоизгача пасайишига сабаб бўлади.
Таъкидлаш жоизки, қиш ойларида кузги бошоқли дон экинлари тиним даврига кирмасдан, ўсиши ва ривожланиши давом этадиган бўлса, азотли ўғитлар билан биринчи озиқлантиришни жанубий минтақада (Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари) январь ойининг охирги ўн кунлигида, марказий (Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навойи ва Бухоро вилоятлари) ва Фарғона водийси минтақасида (Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари) февраль ойининг биринчи ўн кунлигида, шимолий минтақада эса (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) февраль ойининг охирги ўн кунлигида бошлашни тақазо этади. Бунда, азотли ўғитларнинг самарадорлигини ошириш учун озиқлантирилган ғалла майдонларини пешма-пеш шарбат усулида суғоришни ташкил этиш зарур бўлади.
Ушбу муддатда бериладиган азотли ўғит ўсимликнинг илдиз системасини ривожланишини кучайтиради ва натижада тупланиш бўғинини йириклашишига таъсир кўрсатади. Шунингдек, азотли ўғитлар буғдой ўсимлигини вегетатив органларининг ривожланишига, тупланиш бўғинида 2-3 донагача қўшимча поялар, эрта баҳорда эса йирик тупланиш бўғинларидан йирик поялар шаклланишига ва бу пояларда йирик бошоқлар ҳосил бўлишини таъминлайди.
Кузги бошоқли дон экинларининг ҳолатидан келиб чиқиб, олимлар, мутахассислар, тегишли раҳбарлар, ер ресурслари ходимлари, фермерлар билан биргаликда ғалла ривожланишининг ҳозирги ҳолатига аниқ баҳо бериш мақсадида махсус ишчи гурухларни ташкил қилиш зарур ва ишчи гурухлар ғалланинг ривожланиш ҳолати бўйича контурлар кесимида яна бир бор хатловдан ўтказиш ва ғаллани ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, ғалла майдонларини “яхши”, “ўрта” ва “қолоқ” майдонларга ажратиш талаб этилади. Бунда:
“яхши”-эрта ва оптимал муддатларда экилган, 3-5 тагача ва ундан кўп туплаган ғалла майдонлар;
“ўрта”- 3-4 барг ҳолатидаги ва 2-3 та туп ҳосил қилган ғалла майдонлар;
“қолоқ”-кеч экилган, сийрак униб чиққан, 1-2-барг ҳолатидаги ғалла майдонлари киритилади.
Биринчи навбатда, “қолоқ” майдонларни контурлар кесимида
20 январгача аниқлаш, 1м2 майдондаги ўсимликнинг туп сонини контурлар бўйича қайта ҳисоб-китобдан ўтказиш (“яхши”-1м2 майдонда туп сони ўртача 400 дона) зарур.
Таъкидлаш жоизки, ғўзапояси олинмаган ғўза қатор ораларига экилган ғалла майдонларига қуёш нури яхши тушмаганлиги сабабли, ғалла майсалари тўлиқ тупламасдан тез ва қисқа муддатларда найчалаш фазасига ўтиши ҳисобига 1 м2 да бошоқ сонининг кескин камайиб кетишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, ғалланинг ривожини тезлаштириш учун ғўзапоя ўрадиган агрегатларни ва қўл кучини сафарбар этиб, ғалла майдонларини
20 январгача ғўзапоядан тозалаш ишларини якунлаш талаб этилади.
Азотли минерал ўғитлар ва биостимуляторлар билан озиқлантириш
Жорий йилда республикада бошоқли дон экинларини парваришлашни ўтган йилларга нисбатан эртароқ бошлашни талаб этмоқда. Кутилаётган об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, ғалла майдонларига азотли ўғитларни бериш, биостимуляторлар билан барг орқали озиқлантириш, касалликлар, зараркунандалар, бегона ўтларга қарши уйғунлашган кураш чораларини белгилаш ҳамда суғориш ишларини амалга ошириш жуда муҳимдир.
Ғалла майдонларини азотли ўғитлар билан озиқлантиришда ўғитларни табақалаштириб бериш зарур. Кеч экилган ва ривождан орқада қолган майдонларга 1-озиқлантиришда сульфат аммоний ўғити (туплаш даврида 100-150 кг/га), 2-озиқлантириш карбамид ўғити (найчалаш даврини бошида 250-300 кг/га), 3-4 озиқлантиришда аммиакли селитра ўғити (найчалаш-бошоқлаш даврида 200-250 кг/га) бериш яхши самара беради.
Маълумот учун: январ-феврал ойларида Сульфат аммоний ўғитини гектарига 100-150 кгдан берилиши қиш ойларида суғориш имкониятининг йўқлиги, ўсимлик 70 кунгача ўзлаштириши, берилган ўғитнинг ҳавога учиб кетмаслиги, тупроқ ва ўсимликни қиздирувчанлиги ҳамда қўшимча 2,0-2,5 дона туплашга эришилади. Карбамид ўғитини ўсимлик 40 кунгача ўзлаштиради, найчалаш даврида бошоқнинг шаклланишига ижобий таъсир қилади ва ўғитларнинг самарадорлиги ортади.
Ўқариқ оралиғи 50 метрдан олинганда, дон ҳосилдорлиги 55,3 ц/га ни, сув сарфи 800 м3/га ташкил этган. Ўқ ариқлар оралиғи 100 метр ҳосилдорлик 55,1 ц/га ва сув сарфи 1200 м3/га ни ташкил этган. Шу тариқа ўқ ариқлар оралиғи 200 метр бўлганда ҳосилдорлик 53,3 ц/га ва сув сарфи 1600 м3/га ни, 300 метр бўлганда ҳосилдорлик 54,1 ц/га ва сув сарфи 2000 м3/га ни ташкил этган.
Бошоқли дон етиштиришда замонавий суғориш технологияларини жорий қилиш афзалликлари
Жорий йилда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати саноатгача бўлган давр ўртача ҳароратидан 1,3-1,6 даражагача юқори бўлиши прогноз қилинмоқда.
Шу сабабли, 2024 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини ўз вақтида сув билан билан таъминлаш, бунда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш орқали ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Экин майдонларини лазерли қурилмага эга агрегатлар орқали текислаш тадбирларини амалга ошириш орқали сув ресурсларини 15-20 фоизга иқтисод қилиш ҳамда ҳосилдорликни 10-15 фоизга оширишга эришилади.
Лазерли ер текислаш агротехник тадбир амалга оширилганда, экин майдонида сув бир текисда тўғри тақсимланади, шунингдек экин майдонини кўллатиб юборишга йўл қўйилмайди.
Бошоқли дон етиштиришда замонавий суғориш технологияларини жорий қилиш минерал ўғитларни 25-30 фоизга, иш ҳақи ва механизация харажатларини 30-35 фоизга, сув ресурсларини тежаш 35-40 фоизга ҳамда 100 центер дон ҳосилдорлигини шаклланишига замин яратилади.
Ёмғирлатиб суғориш – бошоқли дон экинларини парваришлашда сувни имкон борича табиий ёмғирлатиш тарзида сув етказиб берадиган усулидир.
Ёмғирлатиб суғориш тизими жорий қилинадиган экин майдонининг ўлчамлари 15 гектаргача бўлганда “спринклер”, 15 гектардан
40 гектаргача бўлганда “мобиль” ва 40 гектардан катта майдонлар учун “center pivot” суғориш тизимларини жорий қилиш тавсия этилади.
Бир гектар майдонга жорий қилиш нархи “Спринклер” суғориш тизими учун ўртача 25-27 млн сўм, “Мобил” (кўчма) суғориш тизими учун 20-22 млн сўм, “Center Pivot” суғориш тизими учун 18-20 млн сўмни ташкил этади.
Ёмғирлатиб суғориш тизимининг афзалликлари:
биринчидан, экин майдонларини суғориш учун ўқариқлар ва эгат олиш талаб этилмайди, натижада ҳар бир гектардан ўртача 106 минг сўм иқтисод қилинади ҳамда кўчат сони йўқотилмаслиги сабабли, ҳосилдорлик
30 ц/га ёки даромад 9 млн сўм ортади;
иккинчидан, экин майдонларни суғориш учун ортиқча сув сарфланишини олдини олиш орқали ҳар бир гектардан ўртача 2 600 куб метр сув ҳамда сув солиғи учун сарфланадиган маблағларнинг 60-70 фоизи иқтисод қилинади;
учинчидан, ҳар бир гектарда уруғ сарфи 250-300 кгдан 160-180 кг/га қисқариши эвазига ўртача 90-120 кг уруғ (720-960 минг сўм) иқтисод қилинади,
тўртинчидан, экин майдонларни суғоришда сув бир текис тақсимланади, натижада далани кўллатиб юбориш ёки сув етиб бормаслик ҳолатлари кузатилмайди ҳамда экинларнинг бир хилда ривожланишига эришилади;
бешинчидан, минерал ўғитлар сув билан бирга берилиши натижасида ҳар бир гектарда ўртача 400 кг азотли ўғит тежалиб, 1,1 млн сўм иқтисод қилинади;
олтинчидан, кимёвий кураш, суспензия сепиш учун 8 л/га ЁММ ҳамда 400 минг сўм механизатор харажатидан, жами 464 минг сўм иқтисод қилинади.
Ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги имтиёзлар берилган:
Бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш
Бегона ўтлар:
Таъкидлаш жоизки, бегона ўтлар ғаллага берилган минерал озуқанинг 65-70 фоизини, сувнинг 55-60 фоизини ўзлаштириши ҳисобига ғалла ҳосилдорлиги ва дон сифати кескин пасайиб кетади.
Бегона ўтларга қарши ғалланинг туплаш фазасида гербицидларни тўғри қўллаш юқори ҳосил гарови ҳисобланади.
Шунинг учун, гербицидларни ҳаво ҳарорати +15+200 С дан юқори, тупроқнинг намлиги 50-60 фоизни ташкил қилган муддатда қўллаш энг қулай давр ҳисобланади.
Бир йиллик икки паллали бегона ўтлар
Бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши гектарига гербицидлар Винстар 75% с.д.г. 15-20 г, “Тайфун” 75% қ.о.сус 20 г, “Гранстар Про” 75% қ.о.сус. 15-20 г, Энтостар 75% с.д.г. 15-20 г меъёрда;
бир йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши Атлантис 3,6% с.д.г. 0,25-0,30 кг, Грамин 8% эм.к 0,3-0,4 кг, Клоди Стар 24% н.кук 0,15 кг, Старлантис 3,6% с.э.г. 0,3 кг меъёрда;
кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши Энтостар плюс 75% с.э.г 30 г, AZANSTAR PLYUS 75% с.д.г. 30 г меъёрда кузги буғдойнинг туплаш даврида пуркалганда энг юқори самара беради.
Касалликлар:
Сариқ занг – касаллиги дон тўлиш фазасида учраганда 5-10 фоиздан 30-35 фоизгача ҳосилни нобуд қилади. Касаллик ғаллани байроқ барг чиқариш фазасида (бошоқ чиқариш арафаси) сариқ занг билан касалланиш даражаси ўртача 50-60 % га етса, дон ҳосилининг 45-50 % йўқотиш мумкин.
Занг касаллиги споралари ҳаво ҳарорати 00С бўлиши билан ўсимлик танасида ривожлана бошлайди, унинг авж олиб ривожланиши учун энг қулай ҳарорат +120С дан +230С гача давом этади.
Септориоз – касаллиги ғалла баргларида пикнидиялар ҳосил қилади. Бу пикнидиялардан конидиялар чиқиб, ёмғир ва шамол ёрдамида бошқа ўсимликларга тарқалади. Замбуруғнинг пикнидиялари ва мицелийлари эрта баҳорда ғалла майсаларида тез тарқалади.
Ун шудринг касаллиги- касаллик аломатлари пояда, баргда, барг қўлтиғида, ҳамда бошоқда оқ ғубор ҳосил қилади. Ўсимликни зарарлаш 0°С дан 20 0С даражали ҳароратда ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги 50 % дан 100 % бўлганда ўтади.
Ҳарорат 30 0С даражадан ошса ун-шудринг касаллигининг ривожланиши пасаяди, Ҳосилдорлик 10-15 % дан 30-35 % гача камаяди.
Ушбу касалликларга қарши фунгицидлар, жумладан гектарига Дует экстра 55% н.к. 0,25 кг, Аканто плюс 28% сус.к. 0,3-0,5 л, Броадер 30% эм.к. 0,2-0,3 л, Крест 25% эм.к. 0,2-0,3 л, Колосаль 25% эм.к. 0,3-0,5 литр меъёрда кузги буғдойнинг ўсув даврида қўлланилганда юқори самарани таъминлайди ва бир ой давомида ғаллани касалликлардан сақлайди.
Зараркунандалар:
Зарарли хасва–вояга етган ҳолда ўсимлик қолдиқлари ва барг хазонлари остида қишлайди. Апрел ойида ғалла майдонларига тарқала бошлайди. Найчалаш даврида зарарланган поя бошоқ чиқармайди ёки бутунлай оқ бошоқ (пуч) бўлиб қолади. Пишмаган бошоқ зарарланиши натижасида дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдори камайиб кетади.
Буғдой трипси – ғаллада бошоқлаш даврида пайдо бўлиб, зарар етказишни бошлайди. Трипс личинкалари бошоқ қобиғи ичига кириб, қобиқ ва гул ширасини, кейинчалик эса дон ширасини сўриб озиқланади. Буғдой трипси ғалланинг най тортиш даврида зарарлаганда 38 фоиз, бошоқлаш даврида 26 фоиз, сут пишиш даврида 5 фоизгача ҳосилга зарар етказади.
Ғалла ширалари–ўсимликни майсалик давридан бошлаб пишиб етилгунга қадар зарар етказади. Шираларга қарши ўз вақтида кураш тадбирлари ўтказилмаса 15-20 фоизгача ҳосилга зарар етказади.
Шилимшиқ қурт–кемирувчи зараркунанда бўлиб, личинкаси ғалла баргларини эпидермис қатламини қиртишлаб еб зарар етказади, барглар кучли зарарланганда 50 фоизгача ҳосилни нобуд қилади.
Поя арракаши–кемирувчи зараркунанда бўлиб, личинкаси бўғим оралиқларини зарарлаши натижасида бошоқ пуч бўлиб қолади, кучли тарқалган майдонларда ҳосилга жиддий зарар етказади.
Зараркунандалар сони кўп бўлган майдонларда қуйидаги препаратлар билан кимёвий ишлов ўтказиш зарур. Жумладан, инсектоцидлардан гектарига Децис 10% эм.к. 0,06-0,08 л, Эсперо сус.к 0,1 л, Каратошанс эм.к. 0,15-0,20 л, Гранд-те 5% с.э. 0,2-0,25 л, Ципер ультра 50% эм.к 0,07-0,1 л меъёрда қўлланилади.
Юқоридаги препаратларни белгиланган меъёрларда ва ўз вақтида қўллаш юқори самара беради ва ҳосилни зарарли организмлардан сақлаб қолишни таъминлайди.
Юқоридаги чора-тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлардаги барча раҳбарлар қуйидаги топшириқларни амалга оширишлари зарур бўлади:
биринчидан, ғалла майдонларига гектарига 1,5-2 тонна миқдорида чириган гўнг сепиш. Бунда, гўнг намни сақлашга, шўрланиш даражасини пасайишига ва суғорилганда озуқа сифатида ҳосилдорликни камида 4-6 центнергача ошишига ёрдам беради;
иккинчидан, ғўзапояси олинмаган ғўза қатор ораларига экилган ғалла майдонларига қуёш нури яхши тушмаганлиги сабабли, ғалла майсалари тўлиқ тупламасдан тез ва қисқа муддатларда найчалаш фазасига ўтиши ҳисобига 1 м2 да бошоқ сонининг кескин камайиб кетишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, тезликда ғўзапоя ўрадиган агрегатларни ва қўл кучини сафарбар этиб, ғалла майдонларини 20 январгача ғўзапоядан тозалаш ишларини якунлаш;
учинчидан, ғалла майдонларида ўсимликнинг тупланиш жараёнини, майсаларнинг ўсиш ва ривожланишини тезлатиш, вегетация даврини чўзиш, қишга чидамлилигини мустаҳкамлаш мақсадида гектарига 100-150 кг, феврал ойида 150-200 кг дан, март ойида 250-300 кг, апрел ойида 200-250 кг ва май ойида 100-150 кг меъёрда азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш.
тўртинчидан, фойдали ҳаво ҳарорати +150С дан юқори бўлганда биостимуляторларни ҳамда бегона ўтларга қарши гербицидлар, агарда занг касалликлари аломатлари кўринадиган бўлса, фунгицидларни ҳам қўшиб, комплекс сепишни ташкил этиш. Ушбу йилда биостумляторлар билан 5-7 марта ишлов бериш графигини ишлаб чиқиш;
бешинчидан, тупроқдаги намлик миқдори ҳамда ўсимликнинг ҳолатидан келиб чиқиб, озиқлантирилган майдонларни шарбат усулида суғориш ва ўқариқлар ораси қатъиян 60-70 м.дан бўлиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш;
олтинчидан, вегетация даврида суғоришларни ўз вақтида ўтказиш ва сув исрофгарчилигини олдини олиш мақсадида канал ва ариқларни механизм ҳамда қўл кучида тозалаш, лоток тармоқлари ва сув иншоотларини таъмирлаш, сув олиш қулоқларини жиҳозлаш ишларини 1 февралга қадар якунлаш;
еттинчидан, вегетация даврида озиқлантириш ва бегона ўт, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида минерал ўғитлар, биостимуляторлар, гербицид, фунгицид ва инсектоцидлар захирасини январь ойида тўлиқ яратиш, қисқа муддатда минерал ўғит бериш тадбирлари ва графигини ишлаб чиқиш, ўғит сепгичларни, ўғит ташийдиган техникаларни, суспензия сепадиган штангали пуркагичларни техник ҳолатини назоратдан ўтказиш ва камчиликларини 20 январгача бартараф этиш;
саккизинчидан, ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатиладиган ғалла майдонларини январ-феврал ойларида тўлиқ монтаж ишларини якунлаш ва ишга тушириш.
Қиш – баҳор ойлари ғалла ҳосилига ҳосил қўшадиган давр ҳисобланади, бу даврда тавсияда берилган барча агротехник тадбирлар ўз муддатларида сифатли амалга оширилса, мўл дон ҳосили етиштирилишига замин яратилади.
Imlo xatolari haqida hisobot
Quyidagi matn tahririyatimizga yuboriladi: