Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21 apr

2021 йил 21 апрель куни Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг (ҲК) Саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан ЎзР қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев, Латвия томонидан — Латвия деҳқончилик вазири Каспарс Герхардс ХК йиғилишига раислик қилишди. Онлайн форматда ўтказилган йиғилишда икки мамлакатнинг соҳага доир вазирлик ва идораларидан турли даража ва мақомдаги элчилар ва раҳбарлар иштирок этишди.

Томонлар савдо-иқтисодиёт, туризм, таълим, транспорт-логистика соҳалари, ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялар, стандартлаштириш ва фитосанитария тармоқлари ҳамда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда чорвачилик жабҳаларида ҳамкорлик ва инвестициялар масалаларини муҳокама қилишди.


«Латвия Европа давлатлари орасида Ўзбекистоннинг энг асосий ва фаол савдо ҳамкорларидан биридир, - таъкидлади тадбирни очар экан ХКнинг Ўзбекистон томонидан раиси Жамшид Ходжаев.- Пандемия товар айланмасининг тушишига ўз таъсирини ўтказди, аммо ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошира олишимизга ишонамиз. Экспорт ва импорт хажмларини баланслаштириш муҳимдир. Савдо миссияларини фаоллаштириш, савдо уйларини очиш, ўзаро етказиб бериш учун истиқболли маҳсулотлар рўйхатларини мунтазам алмашиш иккитомонлама товар айланмасини оширишда катта роль ўйнайди, устига-устак мамлакатларимиз салмоқли экспорт салоҳиятига ҳам эга. Хусусан, Ўзбекистон Латвия бозорининг тўқимачилик саноати товарлари, кўнчилик ва чарм маҳсулотлари, минерал ўғитлар, янги ва қуритилган мева-сабзавотларга бўлган талабини қондира олади. Ўз навбатида биз Латвиядан ёғоч-тахта ва ундан ишланган буюмлар, дон ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар, мебель аксессуарлари, ёритувчи асбоблар, тиббиёт ускуналари, оптика жихозлари, сут маҳсулотларини ҳарид қилишга тайёрмиз».



Учрашувда таъкидланганидек, яқинда Европа Иттифоқининг «GSP+» имтиёзли тариф тизимининг бенефициар мамлакати сифатида Ўзбекистон томонидан қўлга киритилган мақом ҳам ўзаро савдо хажмининг ошишига ёрдам беради. Ўзбекистон сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, энг яхши амалиёт ва замонавий технологик ечимларни жалб қилишда Латвиянинг етакчи компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдордир. Озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика каби соҳаларда шериклик муносабатлари аллақачон муваффақиятли йўлга қўйилган. Маиший кимё ва косметика воситалари, матолар ва тайёр тўқимачилик, қандолатчилик ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида ҳамкорлик истиқболлари мавжуд. Иштирокчилар жаҳон бозорларига экспорт қилишга мўлжалланган ўзбек маҳсулотларини синовдан ўтказиш, сертификатлаш, стандартлаштириш, маркировка қилиш, санитария-карантин жараёнларидан ўтказиш масалаларида маслаҳат ва техник кўмак кўрсатиш борасида иккала мамлакатнинг соҳага оид ташкилотлари ўртасида аллақачон мавжуд бўлган ҳамкорлик муносабатларига алоҳида урғу беришди.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасида автомобиль ва темир йўл транспорти орқали жуда фаол юк ташиш оқими мавжуд, авиақатновлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон юк ташиш ҳажмини янада ошириш ва ташувчилар учун ўзаро қулай шароитларни яратиш, қайта юклашга кўмаклашишни таъминлашдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Латвия бой тажрибага эга бўлган фармацевтика саноатида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида ҳозирда Ўзбекистонда «OlainFarm», «Grindeks», «Biosan», «Silvanols» сингари фармкомпаниялар томонидан жами 63 та дори воситалари, 2 та тиббий маҳсулоти ва 6 та тиббиёт техникаси рўйхатга олингани таъкидланди. Ўзбекистон ҳар йиди 2 млрд. АҚШ долларидан зиёд суммалик фармацевтика воситаларини импорт қилади. Дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чоралари кўрилмоқда ва шу мақсадда 9 та фармацевтика зоналари ташкил этилган бўлиб, уларнинг резидентлари барча турдаги солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади.Ўзбекистон Латвиядаги фармацевтика компанияларини ушбу соҳада Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, Ўзбекистон томони ҳар йили Латвия университетларида ўқиш учун тақдим этилаётган грантлар сонининг оширилиши муносабати билан миннатдорчилик билдирди. Шу туфайли қўшалоқ диплом бериш ҳамда ўзбекистонлик талабаларнинг Европа Иттифоқининг «Erasmus» и «Horizon Europe» сингари дастурларидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш орқали икки мамлакатнинг таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи киритилди.

Шунингдек, томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини алоҳида муҳокама қилдилар. Латвия томон тиббий туризм ва реабилитация хизматлари соҳасида Ўзбекистоннинг туроператорлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, умуман, икки мамлакатнинг сайёҳлик, меҳмонхона ва ресторан бинесларига ихтисослаштирилган уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Таъкидлаш жоизки, Латвия фуқароларига Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва 30 кун давомида мамлакатимизда бўлиш имкони берилган.

Интенсив боғларни яратиш, чорвачилик, балиқчилик, виночилик ва иссиқхона хўжаликлари ҳамда замонавий қишлоқ хўжалиги билимлари ва технологияларини ривожлантириш бугунги кунда аграр тармоқдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади. Ўзбекистонда Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва бошқа ҳамкорлар кўмагида янги билим ва инновациялар тизими — Agricultural Knowledge and Innovation System (AKIS) жорий этилиши бошланди. Бу Латвиянинг илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек маҳсулотлар ва экинларни етиштириш учун замонавий технологиялар етказиб берувчилари билан ҳамкорлик қилиш учун янги шароитлар яратишга имкон беради.

Латвия билан минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон томонидан Ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳаси ишлаб чиқилди. У яқин кунларда Латвия томонига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Манба: ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Медиа-ахборот маркази томонидан тайёрланди




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech