Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 feb

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Гидрометеорология хизмати марказининг берган башоратига кўра, жорий йил 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши сабабли ҳарорат кечаси 17-22°С ва кундузи 10-15°С совуқ кутилиши муносабати билан мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида қуйидаги тадбирларни зудлик билан амалга оширишни тавсия этади:

— мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;

— мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м ҳамда баландлиги 0,5-0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш;

— дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво хароратини кузатиб бориш;

— ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатиш. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;

— эртаги муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш;

— иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;

— иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини парникда тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;

— ҳар бир далада ҳаво ҳароратини кузатиб, ҳаво ҳарорати +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш. Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга совуқ -2-3°С сезиларли таъсир этмайди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech