Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
15 may

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудига Туркманистондан чигирткалар ёпирилиб кириб келгани ҳақида турли хабарлар тарқамоқда. Айни карантин ва об-ҳавонинг инжиқликлари сабаб қишлоқ хўжалигига таъсир ўтказиши айтилмоқда. Ана шундай шароитда зарарли ҳашаротлар экинзорларга жиддий зарар етказиши мумкин.

“Озодлик” радиосида тарқаган видеолавҳадаги чигирткалар четдан келмаган, балки табиатнинг ажралмас аъзоси сифатида ҳудуднинг ўзида пайдо бўлган. Булар учиб узоқ ҳудудларга, мамлакатдан мамлакатга кўчиб ўтиши учун қанот чиқариб, вояга етиши керак. Бунга эса чигирткаларга қарши кураш хизмати асло йўл бермайди.

Маълумот учун республикамизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, шулардан 10 тури қишлоқ хўжалик экинлари, яйловлар ва бошқа ўсимликларга катта зарар етказиши мумкин. Чигирткаларнинг яшаш тарзига қараб 2 гуруҳга ажратилади. Булар тўда ҳосил қилиб яшовчи марокаш, осиё ва воха чигирткалари ҳамда тўда ҳосил қилмайдиган (маҳаллий) чигирткалардир.

Кенг тарқалган чигиртка турларидан бири Марокаш чигирткаси бўлиб, бу тур Шимолий Африка давлатлари ҳудудидан Хитой Халқ Республикасининг Шарқий Туркистон ўлкасигача, қарийб 10 миллион кв.км бўлган тоғ олди майдонларининг ярим чўлларида тарқалган. У Афғонистон, Қирғизстон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларининг, Ўзбекистон билан чегарадош туманларида денгиз сатҳидан 250-1 минг 600 метр баландликдаги тоғ олди ҳудудларининг мавсумий ўсимликлар ўсадиган яйловларда учратиш мумкин.

Ўзбекистонда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг денгиз сатҳидан 250 метр баландликларда бўлган ҳамма ҳудудларида учрайди. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсининг яйловларда кенг тарқалган. Ушбу чигиртка личинкалари эрта баҳорда тупроқнинг устки қатлами ҳарорати +10 даражага етганда, яъни март ойининг охирларида, баҳор салқин келган йилларда эса апрел ойининг ўрталарида чиқади.

Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди: арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига айниқса катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Ушбу зарарли ҳашаротлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг биринчи ярмида кўплаб очарчиликларга сабаб бўлган. Шундан сўнг бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, зарали чигирткаларни илмий нуқтаи-назардан ўрганиш асосида самарали кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Ҳозирги пайтда республикамизда давлат бюджетидан таъминланадиган чигирткаларга қарши кураш хизмати фаолият юритаётган бўлиб, ушбу ташкилотнинг барча вилоятларда бўлимлари мавжуд. Тажрибали мутахассислардан иборат ходимлар Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда ишлаб, зарарли чигирткаларнинг пайдо бўлиш ўчоқларини аниқлаш, қишлаб чиқиш шароитлари ва муддатларини ўрганиш, таҳлилий маълумотларини ишлаб чиқиш ва жойларга етказиш асосида самарали кураш тадбирларини ўтказиб келмоқда.

Хусусан, республикамиз бўйича 2019 йилда 503,4 минг гектар майдонларда ишловлар ўтказилиб, чигирткаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарари бартараф этилган. 2020 йилда республика бўйича зарарли чигирткаларни 597,9 минг гектарда тарқалиши ва кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган. Бу борадаги кураш тадбирлари бўйича иш дастурлари ишлаб чиқилиб жойларга етказилган. Шунингдек, бў йилги кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш бўйича техника, ёқилғи мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар заҳираси тўлиқ яратилган.

Бугунги кунда республика бўйича зарарли чигирткаларни 122,2 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 112 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Жумладан, Қашқадарё вилоятида 38,1 минг гектарда, Сурхондарёда 31 минг гектар, Жиззахда 23 минг гектар, Самарқандда 7,7 минг гектар, Тошкентда 6,1 минг гектар, Навоийда 5,1 минг гектар, Фарғонада 754 гектар, Сирдарёда 177 гектар, Бухорода 66 гектар ва Андижон вилоятида 40 гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди.

Зарарли чигиткаларга қарши кимёвий ишловларни ўтказишга зарур техникалар билан таъминланган. Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан бугунги кунгача зарарли чигирткаларга қарши 320,6 минг гектар майдонда ишловларни ўтказишни таъминлайдиган кимёвий воситалар ва 211 минг гектарни таъминлайдиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари заҳираси яратилган.

Қорақалпоғистон республикасида ва Хоразм вилоятида зарарли чигирткаларга қарши ишловлар май ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошланиши кутилмоқда.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech