Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
28 apr

Пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида “Республика аҳолисини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мутасадди вакиллари ҳам иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан тегишли хулоса қилган ҳолда 2021 йилда озиқ-овқат саноати, агрологистика ҳамда боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик, картошкачилик ва иссиқхона хўжалиги йўналишлари бўйича юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг кафолатланган заҳирасини яратиш ва нарх-наво барқарорлигига эришиш мақсадида мева-сабзавотчилик, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш ҳамда ҳар бир худудда ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш чоралари ишлаб чиқилди;

жумладан, Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги 121-сонли қарори қабул қилинди.

республика ҳудудларида боғ ва ток қатор ораларига ҳамда асосий ва такрорий майдонларга жами 567,2 минг гектар, шундан 343 минг га сабзавот, 86,5 минг га картошка ва 137,5 минг га полиз экинлари экилиб, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 13,8 млн тн мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ишлари ташкил этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йилда 389 минг гектар майдонга мойли экинлар экилиши белгиланган бўлиб, бунинг натижасида 663,7 минг тн мойли экинлар (шундан асосий майдонларга 125,3 минг гектар, такрорий майдонларга 121,0 минг гектар лалми майдонларга 21,4 минг гектар ва ғўза қатор ораларига 100,0 минг гектар мойли экинлар экилади. Шундан 139,6 минг гектар соя, 177,0 минг гектар кунгабоқар, 50,0 минг гектар кунжут, 5,1 минг гектар зиғир ва 16,3 минг гектар масхар ва 602 га рапс) экилиши белгилаб олинган бўлиб ўтган йилга нисбатан 6,6 баробар кўп ҳосил олиш кутилмоқда. Бугунги кунга қадар, асосий майдонларга 171,1 минг га мойли экинлар (72%), жумладан, 108,6 минг га соя, 37,5 минг га кунгабоқар, 25,1 минг га кунжут, зиғир 5,1 минг ва 16,3 минг гектар масхар экинлар экилди.

Мойли экинларни экиш учун уларнинг уруғ масалалари, импорт ва маҳаллий уруғчилик компаниялар ҳисобидан ҳал этилган.

Ушбу мойли экинларни экиш бўйича “экиш штаблар” ташкил этилган бўлиб, барча мутасаддилар, жумладан Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, прокуратура органларидан иборат ишчи гурухлар экиш ишларини ташкил этишга ва мониторинги олиб боришга жалб этилган.

Бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан 86,5 минг гектар майдонга картошка экинлар экилиши белгиланган бўлиб, бунинг натижасида 1 548 минг тн картошка ҳосили олиниши кутилмоқда. Бугунги кунга қадар, асосий майдонларга .44,6 минг га картошка экилди (51,5%).

Республика ҳудудларида жами 175,2 минг га, шундан 88,6 минг га майдонда интенсив ва мевали боғлар ҳамда 86,6 минг га токзорлар барпо этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, республика ҳудудларида 2 минг гектар майдонда замонавий иссиқхоналар ишга туширилиши таъминланади, жумладан Тошкент вилоятида 415 гектар майдонда саноат усулида бир ҳил типдаги совутгичли сиғимлар, қадоқлаш, қайта ишлаш ва логистика марказларини ўз ичига олувчи замонавий иссиқхоналар комплекслари қурилади;

Озиқ-овқат саноати соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг концепцияси ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий дастури ишлаб чиқилади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича умумий 7,9 трлн сўмлик 623 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиш натижасида:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, гўшт ва сут) қайта ишлаш қувватлари 5,5 млн тн дан 6 млн тн га ошади, қайта ишланган 49 трлн сўмлик озиқ-овқат саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади;

совутгичли ва сақлаш омборхоналарининг қувватлари 1,4 млн тн га етказилади.

Республика худудлари буйича жами қуввати 282 минг тонна бўлган 20 та агрологистика марказлари лойиҳаларини амалга оширилиб, жами агрологистика марказлари сони 71 тага ва қуввати 1 020 минг тн га етказилади;

Республикада интенсив кўчатчиликни ривожлантириш, интенсив кўчат етиштиришни маҳаллийлаштириш ва импортни қисқартиш мақсадида етиштирилган интенсив кўчатларни сотиб олиш ҳаражатларининг бир қисмини фермер хўжаликларига қоплаб беришнинг;

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишдаги консалтинг ва инфратузилмаси билан боғлиқ харажатларни субсидиялаш тизими йўлга қўйилади;

Европа Иттифоқи грант маблағлари ҳисобига академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Намаган илмий-тажриба станциясида мевали дарахтлар пайвандтаглари етиштиришни йўлга қўйиш бўйича “ин-витро” лабораторияси ишга туширилади;

Республика ҳудудларида босқичма-босқич жами 436,6 минг гектар ер майдонлари мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилади.

17,2 минг га қишлоқ хўжалиги ерлари “Organic” стандарт талабига мувофиқ (жумладан, 10,3 минг га пахта майдони, 1,1 минг га дон, дуккакли ва мойли экин майдонлари, 3 минг га боғдорчилик, 1,3 минг га узумчилик, 1,5 минг га сабзавот-полиз экин майдонларида) ташкил этилади;

27,3 минг га қишлоқ хўжалиги ерлари Global G.A.P. стандарт талабига мувофиқ (жумладан, 10,3 минг га мева, 5,5 минг га узум, 7,7 минг га сабзавот, 3,8 минг га полиз майдонларида) етиштириш йўлга қўйилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech