Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 apr


2021 йил 2 апрель куни Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида дастлабки AKIS Агрохизматлар маркази (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази)нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Миллий марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги ахборот ва маслаҳат тизими асосида иш юритадиган ҳудудий агрохизматлар марказлари Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг узвий қисми сифатида ўзига хос форматга эга бўлиши кутилмоқда.

Бундан аввалроқ, жорий йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Тошкент вилоятида Агрохизматлар маркази ҳамда унинг қошида ташкил этилган Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий маркази тантанали равишда очилган эди.

AKIS Агрохизматлар марказининг кенг жамоатчилик, турли вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан сўзга чиқишди.

“AKIS маркази — бу аграр соҳада илм-фан ва дала интеграцияси бобидаги биринчи қадамимиз, — таъкидлади вазир Ж.Ходжаев. — Бугунги кунда давлат раҳбарининг кўплаб фармон ва қарорлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегияси ишлаб чиқилиб, ижро этиляпти... Биз бу борада “илм, инновация ва таълимсиз замонавий қишлоқ хўжалиги бўлмайди” деган ғояга таянамиз. Тошкент вилоятидаги Агрохизматлар маркази ва у ерда тақдим этилганларнинг барчаси бутун дунёда оммалашган AKIS (Agricultural Knowledge and Innovations System) номини олган. Биз ушбу тизимни Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ва унинг кўмагида яратмоқдамиз ва ривожлантиряпмиз. Марказга келган фермерлар, деҳқонлар ўзини ўз уйидагидай ҳис қилиши, бир жойда туриб, давлат ёки хусусий сектор орқали ҳам илм, ҳам керакли хизматларни олсин, эҳтиёжидаги маҳсулотлар — йирик техника ва технологиядан тортиб, ўғитларгача олиб кетсин. AKIS марказлари орқали нафақат фермер-деҳқонлар зарурий билимга эга бўлади, балки бу билан биз қишлоқ хўжалиги секторининг барча давлат ташкилотларини трансформация қилишни мўлжаллаганмиз. Илк қадамлар, албатта, осон бўлмайди. Йўлимизда муаммолар, камчиликлар учраши табиий ва биз уларни инобатга олишимиз, шу орқали янги тизимни тўлиқ йўлга қўйишимиз ва ўзимизга мослаштиришимиз керак. Бунинг учун маълум бир вақт талаб этилади. Биз ҳар бир меҳмонни тинглашга, Марказ ҳамда ушбу соҳага ҳисса қўшмоқчи бўлган инсонларга зарур шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Ягона мақсадимиз, янги тизим самарали ишласин”.

AKIS Қишлоқ хўжалигидаги билим ва инновациялар тизими Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6159-сонли "Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида"ги Фармони билан тасдиқланган.

AKIS тизими тушунчаси Европа Иттифоқининг кўмагида ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.

-“Европа Иттифоқидаги (дунёнинг бошқа мамлакатларидаги) барча АКИС тизимларини бирлаштирадиган асосий элемент — бу аслида одамлар ва ташкилотларни ўзаро ўрганиш, ижодкорлик, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ билим ва маълумотлар алмашиш, — таъкидлади Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Шарлотта Адриан. — Улардан айрим инсонларнинг, хусусан, аёлларнинг ҳаётини яхшилаш учун, ҳамда қимматбаҳо табиий бойликларимиздан барқарор фойдаланишни таъминлашга интилиш муҳимдир”.

Тошкент вилоятидаги AKIS Агрохизматлар маркази бўйлаб “гид”

AKIS маркази Марказий Осиё учун янги ва ноёб тизим ҳисобланади, унда фермер, деҳқон хўжаликлари, кластерлар, томорқа ер эгалари учун кенг кўламдаги — юздан ортиқ агрохизматлар тақдим этилади, шунингдек, ўз мақсадли аудиторияси билан тўғридан-тўғри самарали мулоқотга киришишга интилувчи хусусий ва хорижий агро-йўналтирилган компаниялар учун шароитлар тақдим этилган.

Шу тариқа қишлоқ хўжалиги сектори вакиллари Тошкент вилоятидаги Агрохизматлар маркази ҳудудида бўла туриб, лаборатория, консультация, юридик хизматлар, кенг кўламдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳарид қилиш, соҳанинг бошқа иштирокчилари билан алоқа ва муносабатлар ўрнатиш ва уларни кучайтириш имконига эга бўладилар.

· ДАВЛАТ АГРОХИЗМАТЛАРИ ПАВИЛЬОНИДА (марказий бино) 17 хил агройўналиш бўйича давлат муассасаларидан маслаҳат олиш ва бошқа ёрдамга эга бўлиш мумкин. Банк ва ҳуқуқий хизматлар шулар жумласидан.

· “ЛАБОРАТОРИЯЛАР” секторида (марказий бинонинг чап қаноти) бир вақтнинг ўзида 14 та илмий-тадқиқот институти ва аграр соҳадаги лабораториялар фаолият юритади. Уларда 5 хил йўналиш бўйича (ўсимликлар ҳимояси / агрокимё ва тупроқ таҳлили / қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш / қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги / ветеринария) 45 та хизмат тури кўрсатилади.

· ЎҚУВ ВА МАЪРУЗА АУДИТОРИЯЛАРИДА (асосий бинонинг иккинчи ва учинчи қаватлари) маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, маърузалар ва тренинглар ўтказилмоқда. Баъзи аудиториялар чет эллик агромаслаҳатчилар билан тўғридан-тўғри онлайн алоқа олиб бориш учун махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бугунги кунда фермерлар ва аграр соҳада таълим олаётган талабалар учун венгер, турк ва хитойлик маърузачилар иштирокида маърузалар ўтказилди.

Таъкидлаш керак, AKIS Агрохизматлар маркази фаолияти доирасида Буюк Британия, Туркия, Италия, Венгрия, Австралия, Франция, Россия ва бошқа давлатлардан 20 га яқин хорижий экспертлар кўмаги назарда тутилган.

· Махсус автомобиллар жамланган автопарк Фермер-деҳқонларга қуйидаги 9 йўналишдаги САЙЁР МОБИЛ ЛАБОРАТОРИЯЛАР хизматидан фойдаланиш имконини беради:

1. Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати (сертификатлаш) лабораторияси

2. Тупроқ ва ўғитлар таҳлили лабораторияси

3. Ўсимликлар клиникаси лабораторияси

4. Ветеринария лабораторияси

5. Дрон ва АТ-лабораторияси (Геоахборот)

6. Сув хўжалиги (сув таҳлили, суғориш ускуналарини ўрнатиш) лабораторияси

7. Ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматлари (пуркагичлар)

8. Агросервис (қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш)

9. Ландшафт дизайни ва ҳудудларни ободонлаштириш

· Алоҳида жойлашган “AKIS – AGROXIZMATLAR” ХУСУСИЙ СЕКТОРИ ХИЗМАТИ ПАВИЛЬОНИ – бу AKIS марказидаги яна бир истиқболли йўналиш. Бугун Ўзбекистон агросоҳасида маҳсулотлар ва хизматлар бозори фаол ривожланиб бормоқда. Ушбу павильон ёрдамида аграр соҳа иштирокчилари қишлоқ хўжалиги техникаси, суғориш технологияси, кимёвий жараёнлар, уруғчилик каби йўналишларда мустаҳкам ўрин топган маҳаллий хусусий ва хорижий компаниялар билан танишиш ҳамда улар билан фойдали шартномалар тузиш имконига эга бўлади.

Бугунги кунда павильонда ана шундай 20 та компания ўз хизматини таклиф этади:

RUBIСON (Inverson Technologies SA) – Ирригация каналларини рақамлаштириш

SMART BASE – Қишлоқ хўжалигида коинот ёрдамида мониторинг қилиш

UZGPS AGRO (Be pro) – Агротехниканинг онлайн-мониторинги

JOHN DEERE – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

AGROINAL – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

PROMZONA – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

BARBAROS MAKINA – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

HEKTAS – Ўсимликлар ҳимояси

AGROVER – Картошка етиштириш

IRU– Иссиқхона хўжалиги

MAVSUM – Иссиқхона/суғориш

NETAFIM – Суғориш

AGRO POSITIVE (RIVULIS) – Суғориш

AGRO-VET FARMA PROFESSIONAL (ELIHAYRAT) – Ветеринария

PAHTAMASH – Пахтани қайта ишлаш

PARLAR FIDAN – Мева кўчатлари

GO‘ZAL TABIAT – Уруғ ва ўғитлар

BIONOVATIС – Биологик ҳимоя

BIOGENTA – Биологик маҳсулот

CB CATTLE BREEDERS GMBH – Чорвачилик

AKIS Агрохизматлар маркази хусусий сектор билан ҳамкорликни давом эттиришга ва бу борада агрокорхоналарнинг фермерлар, деҳқонлар, кластерлар ва бошқа манфаатдор шахслар билан фаол алоқаси учун зарурий шароитни яратиб беришга тайёр.

· АGROBOZOR (Агрохизматлар марказининг ён томони)бу ўз мақсадли аудиторияси билан бевосита муносабат ўрнатишни кўзлаган ишлаб чиқарувчилар ва турли агромаҳсулотлар бўйича «биринчи қўллардан» батафсил маълумот олишни, ушбу маҳсулотларни харид қилишни хоҳловчи фермер, деҳқон ва кластерлар учун жуда қулай платформа.

· ДЕМО-МАЙДОНЧА (AKIS марказининг ички қисми) ҳудудида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан замонавий машина ускуналари ва агрегатлар намойиш этилган бўлиб, бу ерда қисқа вақт давомида қишлоқ хўжалиги техникаси турлари ва уларга доир муҳим таклифлар билан танишиб чиқиш мумкин.

· AKIS ДАЛА ТАЖРИБА МАЙДОНЛАРИ Агрохизматлар маркази ёнида жойлашган бўлиб, Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги ерларининг 72 гектарини эгаллаган. Бу ерда замонавий демо-иссиқхоналар, интенсив боғлар, совутгич омборхоналари жойлашган. Экин экиладиган майдонда 10 хил навдаги ғўза, 8 навдаги картошка, турли сабзавот экинлари, ғалла, маккажўхори, полиз ва дуккакли экинлар навлари етиштирилади.

Тошкент вилоятидаги AKIS Агрохизматлар марказида, шунингдек, қуйидаги марказ фаолияти йўлга қўйилган:

· Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигидаги Картошкачилик илмий марказида венгриялик мутахассислар ўзбек олимлари билан ҳамкорликда картошканинг вирусга ўта чидамли ва бошқа турларини, шу жумладан in vitro технологияси ёрдамида етиштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.

Бошқа вилоятдаги фермерлар агрохизматлар учун

қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Республиканинг бошқа вилоятларида бу каби марказлар очилгунга қадар Тошкент вилоятидаги AKIS Агрохизматлар маркази мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча иштирокчиларига хизмат кўрсатишга тайёр.

Яқинда AKIS Агрохизматлар маркази Фарғона вилоятида ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. 


Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech