Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
16 may


Яганалашни 1-2 чинбарг пайдо бўлганда ўтказиш оптимал муддат бўлиб, ушбу тадбирни 3-5 кун кечиктириб ўтказиш пахта ҳосилини 2-3 центнерга камайишига олиб келади. Яганалаш сифатсиз ўтказилганда кўчат қалинлиги юқори бўлади ва ғўзани сув, озиқадан фойдаланиш самарадорлиги камайиб, пахтадан 15-20% кам ҳосил олинади.

Яганалаш мақбул муддатларда ўтказилган майдонларда ғўзани ўсиши ва ривожланиши жадаллашади, озиқа элементлари билан таъминланиши яхшиланади, эртаки, мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштирилади.

Яганалаш ўтказилгандан 7-8 кундан кейин ҳар бир даладаги кўчат қалинлиги яна бир бор кўздан кечирилиб, кўчат қалин қолган ёки кейин униб чиққан жойлардаги ниҳоллар олиб ташланиб, тўлиқ гектар ва бир текис кўчат қалинлиги ҳосил қилинади.

Пахта майдонларида ғўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради. Яганалаш тадбирини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб қуйидагича амалга ошириш тавсия этилади.

Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдор тупроқларида С-6524, Ан-Баяут-2, Наманган-77, Султон, Пахтакор-1, Келажак, Кўпайсин, Навбаҳор, Гулбаҳор, Порлоқ-1, Порлоқ-4 ғўза навлари 90 см қатор ораларига экилиб, гектарига 90-100 минг туп кўчат ҳосил қилиш учун 1 погонометрда 8-9 дона, қатор ораси 60 см да экилганда 5-6 дона ниҳол қолдирилиши керак.

Ўртача унумдор тупроқларда 90 см қатор ораларига экилганда, гектарига 100-110 минг туп кўчат ҳосил қилиш учун, 1 погонометрда 9-10 дона, қатор ораси 60 см да экилганда 6-7 дона ниҳол қолдирилади.

Унумдорлиги паст, қумли, тош шағалли тупроқларда 90 см қатор ораларига экилганда, гектарига 120-140 минг кўчат ҳосил қилиш учун, 
1 погонометрда 10-12 дона, қатор ораси 60 см да экилганда 7-8 дона кўчат қолдирилади. Шунингдек, Бухоро-102 ғўза навида 90-100 минг, унумдорлиги юқори тупроқларда эса 85-90 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Тупроқ унумдорлиги паст, шамол ва гармсел кучли бўладиган чўл ҳудудларида гектарига 100-110 минг кўчат қолдириш яхши самара беради.

Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида унумдор тупроқларда Ан-Боявут-2, Омад, С-8286, Султон навлари гектарига 100-110 минг, Бухоро-102, Бухоро-6, Бухоро-8, Бухоро-10, С-01, Порлоқ-1, Порлоқ-2 навлари 90-100 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 9-10 ва 8-9 та, 60 см қатор оралиғида 6-7 ва 5,5-6,0 дона), унумдорлиги ўртача тупроқларда Ан-Боявут-2, Омад, С-8286, Султон, С-01 навлари гектарига 100-110 минг, Бухоро-102 , Бухоро-8, Бухоро-10, С-01, 
Порлоқ-1, Порлоқ-2 навлари гектарига 90-100 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 9-10 та ва 8-9 та, 60 см оралиғида 6-7 ва 5,5-6,0 та), унумдорлиги паст майдонларда Ан-Боявут-2, Омад, С-8286, Султон, Порлоқ-1, Порлоқ-2 навлари гектарига 110-120 минг, Бухоро-102 ва Бухоро-8,Бухоро-10, навлари 80-90 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 7-8 ва 8-9 та, 60 см қатор оралиғида 7-8 ва 5-6 та) туп қолдириш тавсия этилади.

Бухоро вилоятида Бухоро-6, Бухоро-8, Бухоро-10, Бухоро-102 ва Жондор Қудрати ғўза навларини яганалаш тадбирини унумдорлиги юқори, механик таркиби оғир тупроқларда 90-100 минг, унумдорлиги ва механик таркиби ўртача тупроқларда 100-110 минг, унумдорлиги паст, механик таркиби енгил тупроқларда гектарига 110-120 минг кўчат қолдириш мақсадга мувофиқдир.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ингичка толали “Сурхон-14”, Сурхон-16, ғўза навларида унумдор тупроқларда ҳар гектарига ўртача 120-130 минг туп/га, ўртача унумдор тупроқларда 130-140 минг туп/га ва кам унумли тпроқларга 150-160 минг туп/га ва қўшқаторлаб экиш усулида 160-170 минг туп/га кўчат қолдиришга мўлжаллаб яганалаш олиб борилиши тавсия қилинади. Қатор ораси 60 см кенгликда экилганда ҳар погонометрда 7,8,9 та ва кенгқаторлаб (90 см) экилганда 11,12,13 ва 14 та ўсимлик қолдириш ва қўшқаторлаб парвариш қилинганда 60х30-2 (6,7,8 ўсимлик) қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ғўза навларини яганалашда учта омилга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Яъни навнинг хусусияти, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароитлари. Унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда С-6524, Наманган-77, Наманган-34, Андижон-35, Андижон-36, Андижон-37 , ЎзПИТИ-201, ЎзПИТИ-202, С-8290 ва Порлоқ-1 ғўза навлари учун гектарига 90-100 минг туп, Султон, Бухоро-102 навлари учун 90 минг туп (қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 8-9, 60 см бўлганда 6-7 та), ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100-110 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 9-10 та, 60 см бўлганда 6-7 та) Султон, Бухоро-102 навлари учун 90-100 минг туп (қатор ораси 90 см бўлганда бир метрда 8-9 дона, қатор ораси 60 см бўлганда 5-6 та), унумдорлиги паст тупроқларда эса, гектарига 110-120 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 10-11, 60 см бўлганда 7-8 та), туп кўчат қолдирилади.

Шунингдек, ер ости сув сатҳи юза бўлган тупроқларда, гектарига 110-120 минг кўчат қолдириб, қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 10-11, қатор ораси 60 см бўлганда 7-8 та кўчат қолдирилади. Чигит плёнка остига экилган майдонларда якка қатор ҳолатда гектарига 100-110, қўшқатор экилган бўлса 140-160 минг туп қолдириш тавсия этилади.

Қашқадарё вилоятида Бухоро-6, Бухоро-8 ва Бухоро-102 навлари шохланишига қараб, тупроқ унумдорлиги паст майдонларда (чўл ҳудудида) гектарига 100-110, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 90-100 минг туп қолдирилади.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида экилган Наманган-77, Бешқаҳрамон , Султон, Жарқўрғон навлари қатор ораси 90 см бўлганда 1 погонометрда 8-9 та, Бухоро-102 навида 7-8 та, қатор ораси 60 см бўлганда Наманган-77 навида 6-7 та, Бухоро-102 навида 5-6 та кўчат қолдириш зарур. Тошлоқ ва қумлоқ ерларда 90 см қатор оралиғида 1-2 та, 60 см қатор оралиғида эса 1 та дан ортиқча кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади. Унумдорлиги паст ерларда кўчат қалинлиги 15-20 % гача кўп қолдириши ҳамда қўшқатор экилганда кўчат қалинлигини 30-35% оширилиши мақсадга мувофиқ.

Сурхондарё вилояти жанубий туманлари Шеробод, Музработ, Қизириқ, Ангор, Термиз, Жарқўрғон туманларида ғўзанинг Бухоро-102, Наманган-77, Бешқаҳрамон, Султон, Жарқўрғон, Порлоқ-1 навлари экилиб, қатор ораси 90 см бўлганда кўчат қалинлиги 1 метрда Бухоро-102 навида 7-8 туп, 95-100 минг/га, Наманган-77 навида 9-10 туп 100-110 минг/га, қатор ораси 60 см бўлганда Бухоро-102 навида 6-7 туп, Наманган-77 навида 7-8 туп қолдирилиши ва юқоридаги кўчат қалинликлари ҳосил қилиниши керак. Агар чигит қўшқатор қилиб экилган бўлса, тавсия этилган кўчат қалинликлари 30-35% га оширилади.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида экилганингичка толали “Сурхон-14”,Сурхон-16, Сурхон-103 ғўза навларида унумдор тупроқларда ҳар гектарига ўртача 120-130 минг туп/га, ўртача унумдор тупроқларда 130-140 минг туп/га ва кам унумли тпроқларга 150-160 минг туп/га ва қўшқаторлаб экиш усулида 160-170 минг туп/га кўчат қолдиришга мўлжаллаб яганалаш олиб борилиши тавсия қилинади. Қатор ораси 60 см кенгликда экилганда ҳар погонометрда 7,8,9 та ва кенгқаторлаб (90 см) экилганда 11,12,13 ва 14 та ўсимлик қолдириш ва қўшқаторлаб парвариш қилинганда 60х30-2 (6,7,8 ўсимлик) қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади.

“Термиз-202” ғўза навида кўчат қалинлиги тупроқ тип-тури ва унумдорлик даражасига кўра гектарига 120-140,0 минг туп, енгил қумоқ тупроқларда эса 150-160 минг туп/га кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ.

Кўчатларни қатор ораси 60 см кенгликда 60х15-1; 60х12-1 ва 90 см кенгликда 90х10-1; 90х8-1 ҳолатда жойлаштирилиши лозим.

Агар чигит қўшқатор қилиб экилган бўлса, тавсия этилган кўчат қалинликлари 30-35 фоизга оширилади. Унумдорлиги паст, қумоқ ерларда ҳам кўчат қалинлиги 15-20 фоизгача кўп қолдирилиши керак.

“Термиз-49” навини қаторораси 60 см кенгликда 60х13 60х10 ва 90 см кенг қаторлаб экишда 90х10, 90х8 ва 90х6 ва қўшқаторда 60х30х6, 60х30х7 тизимида ўсимлик жойлаштириш тавсия қилинади.

“Термиз-31” ғўза навида кўчат қалинлигини гектарига 120-140 минг туп (енгил, шағалли, тошлоқ, ҳар хил турдаги шўрланган тупроқларда кўчат қалинлиги 20% га оширилган) бўлишини таъминлаш керак.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида С-4727, Хоразм-127, Хоразм-150, Меҳнат, Чимбой-5018, Дўстлик-2, Султон, 
С-8294 , С-9085 ғўза навларини яганалашда, унумдорлиги юқори ерларда 90-100, ўртача унумдор тупроқларда 100-110, унумдорлиги паст ерларда 110-120 минг/га кучат қолдирилади. Бухоро-102 ғўза нави экилган майдонларда кўчат қалинлиги унумдор ерларда 85-90, ўртача унумдор ерларда 95-100, унумдорлиги паст тупроқларда 100-110, Омад ғўза навида 100-110 минг/га туп кўчат қолдириш тавсия этилади.

Қўшқатор экилган майдонларда кўчат қалинлиги гектарига 140-160 минг туп атрофида бўлишини таъминлаш лозим. Яганалашда Бухоро-102 ғўза навида, Меҳнат, Хоразм-127, Хоразм-150 навларига нисбатан 5-10 фоиз кўчат камроқ қолдирилишига эътибор бериш керак. Шўрланган ерларда яганалаш пайтида 10-15 фоиз кўпроқ кўчат қолдириш лозим. Чунки, ғўзанинг ўсув даври давомида, тузларнинг юзага кўтарилиши натижасида ниҳоллар нобуд бўлиш ҳоллари кузатилади.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech