Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
13 oct

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Бухоро шаҳрида Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 21-йиғилишида иштирок этди.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида вазирликлар ва тегишли идоралар раҳбарларининг Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлик тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди.

Ўзбекистон томонидан ҲКнинг 9 та кичик комиссияси раҳбарлари савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва минтақалараро ҳамкорлик, банк-молия, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги фаолият йўналишларида ҲКнинг 20-йиғилиши баённомаси билан қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Вазир Ж.Ходжаев қўшма кичик комиссия томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида ўрта муддатли истиқбол учун Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қўшма «Йўл харитаси»нинг имзоланиши агросаноат мажмуи соҳасидаги иккитомонлама муносабатларнинг ривожланишига катта туртки бўлди.

Ҳамкорлик алоқалари ҳақида Вазир Ж.Ходжаев маълумот берар экан, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирди:

- Шу йил август ойида ҳамкасбим – Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Николевич Патрушев мазкур йўл харитасини амалий натижаларга янада тўғри йўналтириб, муваффақиятли тарзда унинг долзарблигини таъминладик. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида агросаноат мажмуи соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Бизнинг ҳар бир қўшма учрашувимизда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги қирралар юзага келмоқда. Давлатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат савдосининг ижобий ўсиш динамикасини зўр мамнуният билан қайд этиб ўтмоқчиман. Бунда 2020 йил январь-август ҳолатига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари айланиши ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизга ошди ва 630 млн долларга етди. Ҳар икки томон ҳам қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг тўғридан-тўғри етказиб берилишини йўлга қўйиш ва учинчи давлатлар орқали етказиб бериш ҳолатларини камайтириш бўйича умумий фаолиятни давом эттириш зарур, деган фикрда. Бу Ўзбекистондаги етказиб берувчилар учун ҳам, россиялик охирги истеъмолчилар учун ҳам фойдали. Россия ҳукуматининг мевалар учун ҚҚС меъёрини 20 % дан 10 % га туширишга оид қарори давлатларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри етказиб беришлар ортишига аҳамиятли тарзда ижобий таъсир кўрсатганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ишончим комилки, келажакда тўғридан-тўғри етказиб беришлар улушини янада орттиришга эришишимизга ишончим комил.

Қайд этилганидек, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича «яшил йўлак» муваффақиятли ривожланишда давом этмоқда. Фитосанитар назоратдан ўтишнинг соддалаштирилган шаклига эга ўтиш пунктларининг миқдори 2018 йил 7 бирликдан 22 тагача ошди. Уларнинг сони ўсишда давом этади.

Шунингдек, савдо-сотиқ учун мустаҳқам инфратузилмани яратиш устида ишлаш давом эттирилмоқда. Қўшма агрологистик марказлар очиш масаласида кўзга кўринарли муваффақиятларга эришилди. Жумладан, Жиззах вилоятида агорологистик марказ барпо қилиш мақсадида Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилди.

Қурилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, мажмуа икки йил мобайнида фойдаланишга топширилади ва Россия Федерациясига етказиб бериш учун ҳар йили 260 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ишлов бериши мумкин.

Шу билан бирга, чорвачилик, балиқчилик ва озуқа ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатига ўтдик.

Ўзбекистоннинг наслдор балиқ етиштириш бўйича миллий базасини яратиш доирасида 2021 йилнинг баҳор ойларида россиялик ҳамкасблар билан биргаликда урғочи зоғорабалиқ, қора амур ва маҳаллий бозорда талабгир бўлган бошқа балиқлар сонини кўпайтириш ишларини бошлашни режалаштирганмиз.

Икки давлатнинг тегишли тармоқ бирлашмаси ўртасида паррандачилик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка оид битим, шунингдек балиқчилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро шартнома имзоланишга тайёрланмоқда.

Шунингдек, аграр таълими йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик кузатилмоқда. Айни дамда Тошкент давлат аграр университети томонидан Россиянинг аграр соҳасидаги бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Қўшма таълим дастурлари доирасида талабаларни тайёрлаш ва ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар жадал тарзда ривожланмоқда. Бунга Астрахань давлат техника университетининг Тошкент шаҳрида янги ташкил этилган филиали ёрқин мисол бўла олади.

Бундан ташқари, агросаноат мажмуи соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган қўшма фаолиятимиз доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка оид идоралараро Келишув тайёрланди. Ушбу ҳужжатни шу йил якунида Қўшма комиссиянинг 2-йиғилиши доирасида икки давлат ҳукумат раҳбарлари иштирокида имзолаш режалаштирилмоқда. 




Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech