Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 may

Ҳурматли пиллакорлар, пиллачиликка мутасадди ва алоқадор вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари!

Маълумки, пилла ва ундан тайёрланадиган ипак матолар ва тайёр ипакчилик буюмлари ўзбек халқининг бой ва миллий мероси ҳисобланади.

Мамлакатимиз пиллачилиги ўзининг кўп асрлик тарихига эга. “Буюк ипак йули”нинг мамлакатимиз орқали ўтиши бунинг яққол тасдиғидир.

Халқимизнинг минг йиллик бой ва миллий меросига чексиз ҳурмат сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги бежиз эмас.

Кейинги 3 йил ичида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш, хусусан унинг озуқа базасини кенгайтириш, тут ипак қуртининг маҳаллий зот ва дурагай уруғларини тайёрлашни ҳамда пилла етиштиришни кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаб, ундан дунё бозори талабларига жавоб берадиган экспортбоп тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳамда тармоқ кохоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасиадан бир қатор қарорлар қабул қилинди.

Мазкур қарорлар билан 2020 йилда 21,0 минг тонна тирик пилла етиштириш ва 2025 йилга бориб тирик пилла етиштириш ҳажмини 30 минг тоннадан ошириш, республикамизнинг уруғчилик корхоналарида тут ипак қуртинингмахаллий маҳсулдор зот ва дурагай уруғлари тайёрлашни 500,0 минг қутига етказиш назарда тутилди.

Андижон вилояти, Асака тумани. Парваришланаётган ипак қурти.

Шунингдек, интенсив технология асосида янги тутзорлар барпо этиш мақсадида 2020 йилда 20,0 минг гектар ер майдонлари ажратилади, 5,8 минг гектардаги яроқсиз ҳолга келган тутзорлар реконструкция қилинади.

2020-2024 йиллар давомида республика ҳудудларида мелиоратив объектлар атрофида ва қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун 22,0 млн. туп тут кучатлари экилиб, 12 минг гектар иҳота тутзорлар барпо этилади.

Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани Усмон Носир ҳудудида кичик ёшларда парваришланаётган ипак қуртлари.

2020 йилда тажриба синов тариқасида ҳудудлардаги 10 минг гектар тутзорлар аҳолига оилавий пудрат асосида бириктириб берилади ва тажриба синов натижаларига асосан республиканинг қолган ҳудудларидаги мавжуд тутзорлар тўлиқ аҳолига оилавий пудрат асосида тақсимланади.

Тут ипак куртини аҳоли хонадонларида парваришлашдан босқичма-босқич воз кечиш мақсадида 2019-2021 йиллар мобайнида умумий эквивалент қиймати 33,0 млн.АҚШ долл.га тенг 2200 та тут ипак қурти парваришлашга ихтисослашган иншоот (қуртхона)лар қурилади.

Азиз юрдошлар, мазкур прогноз кўрсаткичларни сўзсиз бажариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Президентимиз қарорлари билан пиллачилик тармоғи корхоналарига ва тут ипак қурти парваришлаш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга бир қатор имтиёзлар ва преференциялар жорий этилди.

Хусусан:

2023 йил 1 январгача уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан, пилла етиштирувчи ташкилотлар- хусусан фермер хўжаликлари пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари бўйича ягона ижтимоий тўловдан озод этилди ва бундан бўшаган маблағларни касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш белгиланди;

белгиланган миқдорлардан ортиқча пилла топширилганида, пилла харид нархига устама тўлаш тизими жорий этилди;

тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларнинг тўлиқ бир мавсумда ишланган даврлари уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига тенглаштирилди;

пиллачилик тармоги корхоналари тутзорлар майдони бўйича ер солиқларидан, мол-мулк ҳамда экспортер корхоналар белгиланган тартибда фойда солиғидан озод қилинди;

пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига тутзорларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этган ҳолда янгидан ташкил этилган тутзорларнинг ҳар бир гектарига 8 миллион сўмгача;

майдони 35 гектардан зиёд тутзорларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмгача субсидия тақдим этилиши белгиланди.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ипак қуртларини парваришлаш жараёни

Президентимиз соҳа учун жон куйдириб, уни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган бир пайтда, пиллачиликка мутасадди ва алоқадор вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг бугунги синов кунларида Президентимизга камарбаста бўлаётганлиги улардаги ватанпарварлик ҳиссининг юксак намунасидир.

Азиз дўстлар, ҳурматли пиллакорлар! Жорий йилда тут ипак қуртларини парваришлашни белгиланган агротехника қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил қилиб, мўл ва сифатли пилла етиштиришда фаол иштирок этайлик.

2020 йилда 21,0 минг тоннадан ортиқ тирик пилла етиштириш, янгидан 33,2 минг гектар интенсив тутзорлар ва 27,0 млн.туп тут қаторлари барпо қилиш, халқимизни хусусан қишлоқ аҳолисини муҳим ижтимоий ахамиятга эга бўлган иш жойлари билан таъминлаш ва уларнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшайлик!

Пилла хирмонингиз мўл бўлсин ва янада юксакликка кўтарилсин! 

Манба: Вазирлик ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech