Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2020 00:00

Бу йилги ғўза парваришидаги ўзгарувчан ва ҳар йилгидан бутунлай фарқ қилган мавсум ҳам охирлаб бормоқда. Таъкидлаш лозимки, ёз мавсумининг нисбатан салқинроқ келиши, ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 33-37оС даража, кечалари 22-25оС атрофида бўлиши ғўзанинг кечаю кундуз авж олиб ўсиши ва ривожланишига имкон берди. Шунингдек, ҳар йилгидан ҳам кўпроқ биостимуляторларга эътибор берилди, баъзи жойларда сув танқислиги сезилса-да, булар ҳаммаси ғўзанинг мақбул ўсиб, ривожланишини жадаллаштирди. Яъни, сувни ортиқча бермаслик, биостимуляторларни мақбул муддат ва меъёрларда қўллаш, қатор ораларини ишлаш, ғўзани енгил суғориш ҳамда зарарли ҳашаротларга қарши мажмуий кураш олиб бориш, чилпишни ҳар йилгидан эртароқ ўтказиш ўз самарасини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда – июль ойининг ўрталарида ғўза далаларида ўртача 2-3 донадан 5-7 донагача кўсаклар шаклланди. Лекин, шунга қарамасдан, пахта ҳосилида август ойида бажариладиган тадбирларнинг аҳамияти ниҳоятда муҳим. Бу борада доим айтиб келинган. Негаки, шу ойда ҳосилга ҳосил қўшиш ёки уни йўқотиш мумкин.

Чунки ғўза агротехникаси август ойида ҳам илмий тавсияларга мувофиқ бажарилса, ривожи янада тезлашиб, кўсакларга кўсаклар қўшилади, вазни ҳам ошади, эртаги бўлиб пишиб етилади, толаси ҳам пишиқ бўлади, чигити ҳам тўлиқ етилади. Демак, бу ойда ҳам барча пахтакорларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса, сувчи, механизатор, энтомолог-агрономлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи керак. Ғўзани энди қондириб суғориш мумкин, бироқ, шу билан бирга, ортиқча суғориш туфайли тупроқдаги намликнинг юқори бўлиши эвазига пастки яруслардаги кўсакларда чириш ва қора шира тушиши мумкин. Ерни оби-тобида культивация қилиш, бунда культивацияни ҳар бир ишчи органларининг сирт тарафи яхшилаб, силлиқ қилиб ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган, ғилдиракларига шитлар ўрнатилган ҳолда олиб бориш шарт. Бу тадбир тавсияга асосан олиб борилмаса, ғўза шохлари ва ҳосил элементларига зарар етказилади, натижада ҳосилдорлик камаяди. Мазкур жараёнда механизатор тажрибали бўлиши, тракторнинг бир маромда юриши талаб этилади.

Оҳирги культивацияга алоҳида эътибор бериш лозим, бу культивация асосан 90 ва 76 см қатор орасига экилган майдонларда ва кечки экилган майдонларда ўтказилади, 60 см қатор орасига экилган майдонларда эса ғўза туташгандан сўнг культивация ўтказиш кўсакларнинг тўкилишига олиб келади. Қўшқатор қилиб экилган майдонлардаги ғўза шохлари бир-бири билан туташгандан сўнг, культивация ўтказилмайди, ўтказилса, ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Қатор орасини юзароқ юмшатиш пахта териш машиналарининг текис ишлашини таъминлайди ва ҳосил ерга тўкилишининг олдини олади.

Ғўзани унда учрайдиган зарарли ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, ғўза қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилиш, вилт ва бошқа ҳавфли касалликларга қарши чоралар кўриш талаб этилади.

Бу йилги табиий иқлим шароитида баъзи ерларда ғўза чигити қайтадан экилгани учун бундай жойларда ҳали ғўза ривожи кечки. Бундай далаларда ғўзанинг ўсиш ва ривожланишини жадаллаштириш учун биостимуляторлар: ғўзанинг ҳосил тугиш-кўсаклаш даврида Узгуми 0,4 л/га ёки Байкал ЭМ 1 3,5 л/га, ретардантлар ғўзада 11-12 ҳосил шохи шаклланганда Энтожеан 90-100 г/га ишлов бериш ҳамда кўсаклар очилишини тезлаштириш учун август ойи охирлари ва сентябрь ойи бошларида ғўза тупига кўсаклари 30-40% очилганда таркибида этефон бўлган Далрост 2,0-2,5 л/га, Узпреп 1,8-2,0 л/га, Фон 1,5-2,0 л/га каби препаратлар қўлланилиши ғўза ривожини 10-15 кунга жадаллаштириб, пишиб етилишини тезлаштириб, юқори ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради. Бу йил ушбу технологияни қўллаш лозим бўлган далаларни деярли барча вилоятларда учратиш мумкин.

Августда бажариладиган юмушларнинг яна бири, бегона ўтларни ўтоқ қилишдир. Ушбу ойда кеч ёзги муддатда ўсиб чиқадиган бегона ўтлар: шўра, итузум, қўйпечак, ғумай ва бошқалар жуда тез ўсиб, ғўзадан тепага чиқиб кетади ва ҳашаротларни ўзига жалб этиш билан бирга, турли зарарли микроорганизмлар кўпайишига қулай шароит яратиб беради ва пастки ярусдаги кўсакларнинг чиришига, макроспариоз ва бошқа чириш касалликлари кўпайишига олиб келади. Кўсаклар пишиб етилишини кечиктириб, терим суръати ва ҳосил сифатини пасайтиради. Шу сабабли, барча далаларнинг бегона ўтлардан тозаланишига жиддий эътибор қаратиш лозим. Айниқса, бу борада машинада терим ўтказиладиган далаларга алоҳида эътибор бериш, бегона ўтлар кўпайиб кетмаслигининг олдини олиш лозим. Бунда ғўза баргларини тўктириш учун дефолиация қилиш даврида бегона ўтларга қарши гербицидларни ҳам қўшиб сепилса, уларнинг сонини, айниқса, қўйпечак ва бошқа дефолиация сифатига салбий таъсир кўрсатадиган бегона ўтлардан далалар бутунлай тозаланиб, машина теримига қулай шароит яратилади.

Бу ойда ғўзанинг сувга бўлган талаби энг юқори даражада бўлади ва суғориш сувларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, далада намликни узоқроқ сақлаш, суғоришлар оралиғини узайтириш, кўсакларни тезроқ тўлиштириш ва янги кўсакларни кўпроқ пайдо қилиш ҳам суғориш сифатига боғлиқ бўлади.

Таъкидлаш лозимки, бу ойда ғўзани жуда чанқатиб ёки ўта кўллатиб ҳам суғориш керак эмас. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам ҳосил элементлари ва тугунчалари тўкилиб кетади ва ғўзанинг вегетатив биомассаси ортиб, сербарг бўлиб қолади, натижада, кўсаклар пўсти қалинлашиб, очилиши кечикиб кетади.

Энг муҳими, тунги суғориш яхши самара беради, шунда ғўза қониб сув ичади, лекин кечалари суғорилаётган далалар назоратсиз қолмаслиги керак ва сувнинг ҳар бир томчисидан тежаб-тергаб фойдаланишга эришиш лозим.

Нотўғри суғоришда далада қандай ҳолат юз беришини яна бир таъкидлаб ўтамиз. Масалан, ғўза жуда чанқатиб қўйилса, гул ва тугунчаларини тўкади, кўсаклари кичраяди, толаси етилмайди, чигити пуч бўлади ва 40-50% ҳосил йўқотилади. Агар ғўза жуда кўллатиб, узоқ вақт эзиб суғорилса, бўйига тез ўсиб, бачкилайди ва ғовлаб кетади ҳамда деярли барча ҳосилини тўкиб юборади.

Бу даврда ғўзани гектарига 900-1100, кўсаклари пишиб очилиш даврида 700-800 куб/метр сув билан суғориш тавсия этилади.

Август ойида кўсак қурти, ўргимчаккана, ғўза қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпаяди. Шу сабабали, зарарли ҳашаротларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли тўпланган ҳосилнинг 30-40 фоизи йўқотилиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашишда биологик кураш усулидан Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари тавсиялари асосида фойдаланиш ижобий натижа беради. Агар ҳашаротлар сони иқтисодий зарар етказиш мезонидан ортиб кетса, тавсия этилган кимёвий препаратларни қўллаш лозим.

Кўсак қурти тухуми ва ёш қуртлари мавжуд майдонларда аввал гектарига 1-2 граммдан трихограмма тарқатилади, сўнгра 3-4 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) 1000-2000 донадан бракон энтомофаги учирилиши тавсия этилади. Бу йилги шароитда ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли ишлов берилиши уларни тезда бартараф этади.

Айниқса, ғўза агротехникасида август ойидаги бепарволик фақат зарар келтиради. Шу сабабли ҳосил тақдири ҳал бўлаётган шу кунларда бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Ғўзани август ойида парваришлашда юқоридаги ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, ғўзанинг ривожи янада жадалашиб, ҳосилига ҳосил қўшилади. Бу ишлар соҳа мутахассисларидан, пахтачилик кластерлари ва фермер хўжалиги раҳбарларидан, сувчию механизаторлардан алоҳида масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни талаб этади. Негаки, пахтачиликда доимий эътибор, уюшқоқлик ва бирдамлик ўта муҳимдир.

Шухрат Абдуалимов, қ.х.ф.д., профессор,

Феруза Ҳасанова, қ/х.ф.н., профессор,

Шарофиддин Каримов,

Мусурмон Зиятов,

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари

илмий-тадқиқот институти. 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech