Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2020 00:00

Барча агротехник тадбирлар каби ғўза дефолиациясини ўтказиш бўйича бажариладиган агротехник тадбирлар ҳам муҳим ҳисобланади. Дефолиация ўтказишда ҳудудларнинг иқлим шароитига, ғўза навларининг биологик ҳолатига, тупроқ намлигига, қўлланиладиган кимёвий препаратларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ташқи ва инсон томонидан бажариладиган омиллар натижасида дефолиантларнинг самарадорлигини ошириш ёки унинг сифатини пасайтириш мумкин. Дефолиация тадбири айнан ғўзанинг пишиш фазасида бажарилиб, баргларни сунъий тўктириш эвазига кўсаклар очилиши тезлашади. Бугунги кунда кўплаб органик ва ноорганик моддалардан ташкил топган дефолиантлар мавжуд. Ушбу дефолиантларнинг мақбул меъёрини қўллаш пахтачиликка ихтисослаштирилган кластер ва фермер хўжаликларига иқтисодий томондан самара олиб келади. Қолаверса, ғўза барглари тўкилишини таъминлаш эвазига қисқа навбатли алмашлаб экишда қўлланилиб келинаётган кузги буғдой экинларини ўз вақтида экиб олиш имкони юзага келади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ғўза дефолиациясини ўтказиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Кўплаб олиб борилган илмий тадқиқотлардан маълумки, дефолиация тадбири ўз вақтида ва сифатли ўтказилганда, баргларнинг тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, балки, ғўзадаги бўлиқ кўсакларнинг пишиб етилиши 10-15 кунга тезлашиши ва натижада 1-терим салмоғи 15-20% га ошиб, юқори сифатли хомашё миқдорининг ошишига олиб келиши исботланган.

Юқорида келтириб ўтилган мисоллардан келиб чиққан ҳолда, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда дефолиация тадбирига бевосита қатнашадиган ҳар бир масъул ходимлар ушбу тадбирнинг сифатли ўтказилишини таъминлаш учун қуйидаги талабларга тўлиқ риоя қилишлари шарт.

Энг аввало, ғўза майдонларини дефолиацияга тайёрлашда дала ичидаги ва атрофидаги ўқариқлар кўмилишини таъминлаш зарур. Дала атрофидаги айланма майдончалардаги ғўзалар 8-12 метр кенгликда десикация қилиниб, ўриб-йиғиштириб олиниши ва сўнгра дала четига чиқариб ташланиши зарур. Бу тадбирни амалга оширишдан асосий мақсад шуки, бунда дефолиация жараёнида қўлланиладиган трактор агрегатлари бир текис ишлаши таъминланади.

Шунингдек, ғўза қатор ораларида тупроқ намлиги 60-65% атрофида ёки содда қилиб тушунтирилганда трактор юрганда ғилдирак излари билинадиган даражада бўлиши лозим. Агарда тупроқ намлиги 60-65% дан тушиб кетса, ғўза баргидаги суюқлик концентрацияси ошиши ҳисобига, баргларнинг дефолиантларни сингдириб олиш қобилияти пасаяди, натижада эса дефолиантларнинг самараси пасайиб, ғўза баргларининг тўкилиши камаяди. Агар, аксинча, тупроқ намлиги ошиб кетса, ўсимликдаги шира концентрацияси пасайиши ҳисобига, дефолиантларнинг таъсири камаяди ва ғўзада иккиламчи ўсиш содир бўлиб, кўсаклар очилиши кечикади. Сизот сувлар чуқур жойлашган қуруқ тупроқли далаларни дефолиация қилишдан 10-12 олдин енгил суғориш тавсия этилади.

Дефолиация самарадорлигига таъсир этувчи омиллардан бири, бу - ҳаво ҳароратидир. Ҳаво ҳарорати ҳар бир дефолиантнинг кимёвий хусусиятидан келиб чиқиб, унинг турли даражада таъсир этишига олиб келади. Бинобарин, ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар ҳаво ҳарорати ўртача 22-25°С даража бўлганда яхши самара берса, қаттиқ таъсир этувчи дефолиантлар 17°С да, юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар эса 22°С даражадан пасайганда таъсири сезиларли даражада камаяди. Нисбатан юмшоқ таъсир этувчи УзДЕФ, ПолиДЕФ, ФанДЕФ дефолиантлари 20-22°С даражада ҳам яхши самара бераверади, аммо ҳаво ҳарорати 18°С даражадан тушиб кетса, ғўза баргларини етарлича тўкмайди.

Бу йилги шароитда ғўзаларнинг бироз кечкилигини инобатга оладиган бўлсак, ғўзанинг ғовлашга мойил бўлган майдонларида дефолиация тадбирини ярусли қилиб ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ғўза дефолиациясини ўтказишда унинг муддатини ва гектарига қўлланилиш меъёрини тўғри белгилаш энг муҳим вазифалардан биридир. Чунки, муддатидан олдин дефолиация ўтказилса, унинг салбий оқибатлари намоён бўлади, яъни пахта ҳосили ва сифатига путур етади. Агар дефолиация муддатидан кейин ўтказилса, кутилган натижани бермайди, яъни барглар кам тўкилади. Худди шундай, дефолиантларни қўллаш меъёри ошиб кетса, пахта ҳосили ва сифатига салбий таъсир этиши мумкин. Аксинча, кам меъёрларда қўлланилса, унинг фойдаси кам бўлади. Дефолиация муддати ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари, ғўза навларининг морфо-биологик хусусиятларига қараб белгиланади. Турли ғўза навларига дефолиантлар ҳам турлича таьсир этади. Масалан, ўртапишар, барги катта ва қалин, сербарг навлар дефолиантларга камроқ таъсирчан, тезпишар, барги кичик ва юпқа навлар кучли таъсирчан бўлади. Масалан, тезпишар (Наманган-77, Султон, Бухоро-102, С-8290, Омад, Андижон-35, С-4727, Андижон-36, Бешқахрамон, Хоразм-150, Дўстлик, Чимбой-5018, Наманган-34) навларнинг дефолиантларга таъсирчанлиги юқори, ўртапишар навларнинг (С-6524, Бухоро-6, Бухоро-8, Хоразм-127, Меҳнат, С-6541) эса тезпишар навларга нисбатан дефолиантларга таъсирчанлиги пастроқ бўлади. Шу боис, дефолиантларга таъсирчан навларга камроқ меъёрларда дефолиант қўлланилса ҳам бўлади. Ғўза навларининг биологик етилганлиги ҳам муҳим кўрсаткич бўлиб, бу йилги шароитда ғўза ривожининг кечикаётганлигини инобатга олиб, ўрта толали ғўза навларида ғўза кўсакларининг 30-40 фоиз очилиш муддатида, ингичка толали ғўза навларида эса 50-60 фоиз очилиш муддатида дефолиация ўтказиш лозим. Далаларда кўсакларнинг очилиш даражасини аниқлаш учун ҳар бир даланинг камида 3 жойидан диагонал бўйича ёки 5 жойидан конверт усулида 10 м2 (60 см қатор оралиғида 16,6 м, 90 см қатор орлиғида 11,1 м) майдондаги кўчат сони, жами кўсаклар сони ва шундан очилганлари ҳисоблаб чиқарилади. Шунга қараб, ушбу далада дефолиация ўтказиш муддати ва меъёри белгиланади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, амалиётда ғўзанинг юқори ярусидаги иккинчи кўсаги пичоқ билан кесиб кўрилганда, у қийин кесилса ёки чигит пўстлоғи қорайса, дефолиацияни ўтказиш мумкин бўлади.

Ғўзани дефолиация қилишда пайкаллардаги кўчат қалинлигини ҳам алоҳида эътиборга олиб, дефолиантлар сарфини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Чунки, кўчат қалинлиги ошиб борган сари, бир гектар майдондаги ғўзанинг барг юзаси ҳам кўпайиб боради ва дефолиантлар меъёрини бироз оширишни тақозо этади. Бу ҳолатлар қўшқатор экиладиган майдонларда кўчат қалинлиги 140-160 минг тупдан юқори бўлиши, барг сатҳининг ҳам ошиб боришини таъминлайди. Шунинг учун ҳам бундай майдонларда дефолиантлар меъёрини 15-20 фоизгача ошириш тавсия этилади.

Дефолиация даврида ҳаво ҳарорати 22-25°С бўлганда СуперХМД-с, УзДЕФ, ПолиДЕФ ва ФанДЕФ дефолиантларини ғўзанинг морфобиологик ҳолатидан келиб чиқиб, яъни тезпишар навлар экилиб, меъёрида ривожланган майдонларда 6,5-7,0 л/га, ўртапишар навлар экилиб, нисбатан кўпроқ биомассага эга бўлган майдонларда 7,0-7,5 л/га меъёрларда қўллаш лозим. Ҳаво ҳарорати 18-20°С ва ундан пасайганда эса юқоридаги меъёрларни 10-15% гача ошириш керак.

Дефолиацияни сифатли амалга ошириш учун, аввал ишчи эритмани тўғри тайёрлаш керак. Бугунги кунда дефолиант ишчи эритмаларини тайёрлаш учун марказлашган бетон ҳовузлар ва металл идишлар барпо этилган. Улар асосан қуйидаги 3 қисмга бўлинади. Биринчи қисмида тоза сув 4000-5000 литр ҳажмли идишга солиниб, бир сутка давомида тиндирилади. Эритма тайёрланиш жараёнининг иккинчи қисмида ҳовузга ёки металл идишда кунлик керакли ишчи аралашма тайёрланади. Учинчи қисмидаги ҳовузда ёки металл идишларда тайёр эритма сақланади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, эритма тайёрлашдан олдин ғўзанинг ҳолатини ўрганиб чиқиш керак ва сўнгра ғўзанинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда алоҳида эритмалар тайёрлаш зарур. Жойлардаги мутахассис агрономлар ғўзанинг ҳолатини аниқлаб олгандан сўнг, шунга мос равишда, сувга қўшиладиган дефолиант меъёрини аниқлаб олишади. Эритма тайёрланадиган идишларда сув меъёрини кўрсатувчи махсус белгилар қўйилади. Дефолиантлар сувга қўшиб, насослар ёрдамида яхшилаб аралаштирилади. Тайёрланган аралашмалар бошқа ҳовузга насослар ёрдамида тортиб олиниб, аралаштирилиб турилади. Тайёр бўлган аралашма автомашина ёки трактор тиркамаларига ўрнатилган цистерналарга солиб, ОВХ агрегатлари ишлаётган далаларга олиб борилади.

Ғўза дефолиациясини самарали ўтказиш учун катта ташкилотчилик ва уюшқоқлик билан ишлаш талаб этилади. Бунда ҳар бир ҳудуд учун дефолиация ўтказиш графиги агроном, фермер ва мутахассислар томонидан ишлаб чиқилади ҳамда ғўзанинг биологик етилганлиги инобатга олиниб, кунлик дефолиация ўтказиш майдони аниқланади.

Туманда ҳудудлар бўйича дефолиация ўтказувчи ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, ҳар бир гуруҳга энтомолог-агроном, аралашма тайёрлаш марказида 5-6 нафар мавсумий ишчи, сув ташиш агрегати, камида 2-3 та ОВХ пуркагичи, аралашма ташиш агрегати ва тиббиёт хизмати ходими бириктирилади. Ишчи гуруҳни энтомолог-агроном бошқаради. Унинг тавсиясига кўра дефолиация қилинадиган дала танланади, дефолиантлар меъёри белгиланади ҳамда керакли тартибда ишчи аралашма тайёрланади ва график бўйича дефолиантлар трактор агрегатлари ёки самолётлар ёрдамида сепилади. Гуруҳ раҳбари ҳар куни эртанги куни дефолиация қилинадиган майдонларни кўриб, белгилаб қўяди ва зарурий тавсияларни беради. Ишчи гуруҳ аъзолари барча шароит ва керакли иш асбоблари билан таъминланган бўлиши керак.

Дефолиация куннинг салқин пайтларида ўтказилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланиб, шамолнинг тезлиги 3-5 м/сек дан паст бўлиши лозим. Дефолиация ўтказилган майдонларга белги сифатида қизил байроқлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, бугунги кунда ғўзага системали таъсир этувчи, яъни ғўза баргларининг яшил ҳолатда тўкилишини таъминлайдиган дефолиантлар қўлланилиб келинмоқда. Уларга мисол тариқасида Энто-дефол, Удропп, Байстар, Дропп-ультра, Дропп-плюс ва бошқа дефолиантларни келтириб ўтиш мумкин. Ушбу препаратларни қўллашда эҳтиёткорлик билан, белгиланган меъёрдан оширмаган ҳолда ишлатиш тавсия этилади. Агарда юқори меъёрларда қўлланилса, ёки тупроқ намлиги юқори бўлган майдонларда ишлатилса, ҳатто 15-20 кунлик кўсакларнинг тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Бунда, асосан, ғўзанинг биологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ушбу юмшоқ таъсир этувчи дефолиантларни кўсакларнинг 45-50% очилган муддатларида гектарига 0,150-0,200 литр миқдорда қўллаш мумкин.

Ғўза дефолиацияси таъкидлаб ўтилган тавсияларга амал қилган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказилса, 12-15 кун ўтгандан кейин ғўза барглари 85-90 фоиздан зиёд тўкилиб, кўсаклар очилиши 15-20 фоизга тезлашади ва пахта теримига эртароқ киришилади.

Фатхулла Тешаев, қ.-х.ф.д., профессор,

Султон Алланазаров, қ.-х.ф.ф.д., к.и.х.,

Убайдулла Абдурахманов, қ.-х.ф.ф.д., к.и.х.,

ПСУЕАИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech