Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2020 00:00

2020 йилдаги об-ҳаво ва иқлимнинг ўзгариб туриши, мураккаб табиат инжиқликлари мамлакатимиз ғаллачилигида бироз қийинчиликларни келтириб чиқарди. Республикамизнинг барча ҳудудларида, айниқса, жанубий минтақаси Қашқадарё ҳамда Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида 8–9 апрель кунлари ғалланинг тўла найчалаш ва бошоқлаш даврида қалин қор ёғиб, ҳаво ҳароратининг қисқа муддатли пасайиши бошоқ ичидаги гулнинг оталик чангига таъсир қилди.

Об-ҳавонинг совиши ва май ойи 2-ўн кунлигининг охирида ҳавонинг кескин исиб кетиши оқибатида ғалла ҳосилдорлигига жиддий зарар келтирганлиги кузатилди. Бироқ, шунга қарамай, республикамизда ғалладан олинган ялпи ҳосил 6 405 629 тоннани ташкил этди. Ҳар гектар майдондан ўртача 64,9 центнер дон ҳосили олишга эришилди. Республикада ғалладан энг юқори ҳосил – Андижон вилоятида 68,0 ц/га, Сурхондарё вилоятида 67,7 ц/га, Фарғона вилоятида 64,8 ц/га, Тошкент вилоятида 62,5 ц/га. ни ташкил этди. Шунингдек, шимолий минтақа – Қорақалпоғистон Респуликасида ўртача дон ҳосили гектаридан 52,8 центнерни, марказий минтақада жойлашган Сирдарё вилоятида 52,4 центнер, Жиззах вилоятида 52,7 центнерни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалигида бошоқли дон экинларини етиштириш ҳамда ғалладан юқори ҳосил олинишига ҳар йили ҳам қулай шароитлар мавжуд бўлмайди. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиш учун турли янги технологиялар қўлланилмоқда.

Республика қишлоқ хўжалигида асосий экин майдонида пахта ва ғалла экинлари етиштирилади. Бу эса тупроқ унумдорлиги ва тупроқларнинг турли хоссаларига таъсир этади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда асосий ва такрорий экин сифатида соя, мош ва бошқа дуккакли экинларнинг қўшилиши тупроқ унумдорлигини сақлаш ва аста-секинлик билан унумдорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Дунё миқёсида глобал иқлим ўзгариши кутилаётгани турли экологик муаммолар сабабли бошоқли дон экинлари навларининг морфо-физиологик ҳолатларини ҳамда уларда кечадиган ирсият қонунларини, чангланиш, уруғланиш ҳолатларини ўзгартириб юбормоқда. Бошоқли дон экинларини юқори ҳамда сифатли ҳосил берадиган, қурғоқчиликка бардошли ёки иссиқлик кучайгунга қадар пишиб етиладиган эртаги, касалликларга чидамли навларни яратиш ва турли иқлим шароитларида экиш муддатлари ҳамда парваришлаш агротехнологияларига ўзгартириш киритиш устидаги илмий изланишлар кўламини кенгайтиришни тақозо қилмоқда.

Маълумки, кузги бошоқли дон экинларининг дон ҳосили минтақа иқлим шароитида асосан июнь ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида пишиб етилади. Кейинги йилларда июнь ойида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб бораётганлиги кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, бошоқли дон экинларининг интенсив типдаги эртапишар, ўта тезпишар навларини яратиш, май ойи охирига бориб пишадиган, юқори ва сифатли ҳосил берадиган, кам сув ва озуқа талаб этадиган, пакана ва яримпакана навларни яратиш устида олимларимиз ишламоқда. Бир неча йиллик изланишлар натижасида кузги буғдойнинг ўта тезпишар 2 та нави яратилди. Ушбу навларнинг уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиб, 2021–2025 йилларда амалиётга кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда июнь-июль ойларида бўладиган иссиқнинг май ойининг иккинчи ўн кунлигида кузатилаётгани эрта муддатларда экилган кузги бошоқли дон экинлар ҳосил нишоналарининг уруғ шаклланишига, чангланишига салбий таъсири сезилмоқда. Бунинг оқибатида бошоқдаги бошоқчаларда дон тўла шаклланмасдан, пуч бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бундай ҳолат ҳосилдорлик пасайишига асосий сабаб бўлмоқда. Шунинг учун республикамизда бошоқли дон экинлари навларининг биологик хусусиятларидан келиб чиқиб, экиш муддатларига минтақа тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда.

Республикамизнинг шимолий минтақаси –Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида кузги бошоқли дон экинларини экишни 1 сентябрдан 1 октябргача тўлиқ якунлаш зарур. Ушбу минтақада кечки “Юка”, “Краснодарская-99”, “Андижон-2”, “Гром”, “Алексеич”, “Аср”, “Ўзбекистон-25”, “Зимница” навларини экиш муддатларини 1–15 сентябрь, интенсив типдаги эритроспермум турига мансуб “Звезда”, “Ёғду” навларни эса 15–30 сентябрь оралиғида экиш тавсия этилади.

Жанубий минтақалар – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузги ғаллани экишнининг мақбул муддати 1 октябрдан 5 ноябргача ҳисобланади. Ўртаки кечки “Таня”, “Краснодарская-99”, “Аср”, “Алексеич”, “Антонина”, “Безостая-100”, “Гром”, “Первица”, “Васса”, “Гурт”, “Давр”, “Ўзбекистон-25”, “Навбаҳор” навларини 1–15 октябргача, эритроспермум турига мансуб эртапишар “Яксарт”, “Звезда”, “Ғозғон”, “Бунёдкор”, “Бобур”, “Туркистон”, “Ёғду” навларини эса 15 октябрдан 5 ноябргача экиш мақсадга мувофиқдир.

Марказий минтақада жойлашган Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузги бошоқли дон экинларини экиш 25 сентябрдан 30 октябргача мақбул муддат ҳисобланади. Ушбу минтақаларда бошоқли дон экинларини экиш муддатларини 25 сентябрдан 30 октябрга ўзгартириш ўз ижобий натижасини беради.

Марказий минтақада эрта муддатларда кечки ўртапишар “Антонина”, “Алексеич”, “Гром”, “Аср”, “Первица”, “Краснодарская-99”, “Гурт”, “Безостая-100”, “Давр”, “Дружба”, “Андижон-2”, “Ўзбекистон-25”, “Навбаҳор” навларини 25 сентябрдан 15 октябргача, эртапишар эритроспермум турига мансуб “Звезда”, “Ёғду”, “Есаул”, “Яксарт”, “Семурғ”, “Бобур” ҳамда лютесценс туркумига мансуб “Веха” навларини 15–25 октябргача экиш мақсадга мувофиқдир.

Фарғона водийси вилоятлари тупроқ-иқлим шароитларида бошоқли дон экинларини энг мақбул экиш муддатлари 25 сентябрдан 25 октябргача ҳисобланади. Водий шароитида келгусида бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш учун экиш муддатлари 1 октябрдан 25 октябргача қилиб белгиланганда юқори натижаларга эришилади.

Фарғона водийси учун эрта муддатларда кечки ўртапишар “Юка”, “Аср”, “Давр”, “Антонина”, “Гурт”, “Безостая-100”, “Гром”, “Первица”, “Ўзбекистон-25”, “Навбаҳор”, “Дурдона”, “Таня”, “Краснодарская-99”, “Юка”, “Васса”, “Азиз” навлари 25 сентябрдан 20 октябргача, эртапишар эртироспермум туркумига мансуб эртапишар навларни, “Звезда”, “Чиллаки”, “Андижон-4”, “Бобур”, “Ёғду”, “Яксарт”, “Семурғ” ва лютесценс туркумига мансуб “Веха” навларини 10–25 октябргача экиш мақсадга мувофиқдир.

Мамлакатнинг шимолий минтақасида доимий кузатиладиган, айрим йилларда барча минтақаларда бўлиб турадиган кескин ҳаво ҳароратининг паст даражага тушишига чидамли навларни яратиш ва мавжуд навларни тўғри танлаб экишни тақозо этмоқда. Бу борада олимлар томонидан қисқа муддатли совуққа ва иссиққа чидамли бўлган бир қатор навлар танланиб, ишлаб чиқаришда экишга жорий қилинган. Бироқ ушбу навларни экиш муддатларига тўлиқ риоя қилмаслик натижасида ҳосилдорлик имконияти 80–100 центнерни ташкил этадиган бошоқли дон экинларидан кўзланган даражадаги ҳосил олинмаслигига сабаб бўлмоқда. Агар ушбу тавсияларга амал қилиб, ғалла парваришида агротехника талабларига қатъий амал қилинса келгуси йилда ғалладан янада мўл ҳосил олишга эришамиз, албатта.

Равшан Сиддиқов, қ.х.ф.д., РФА академиги,

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот

институти директори.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech