Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Мўл ва сифатли пилла ҳосили етиштириш кўп жиҳатдан ипак қуртининг озуқа базасига боғлиқ. Шу боис фермерларимиз барги ипак қурти боқиш учун кесилган тут дарахтлари ва тутзорларни парваришлашда агротехника қоидаларига амал қилишса, келгуси йил мавсумида ҳам етарлича барг олишга эришадилар.
   Бунинг учун қурт боқиш мавсумида чала кесилган ёки умуман кесилмай қолган тут дарахтлари новдаларини шу кунларда кесиб ташлаш талаб этилади. Акс ҳолда қисман кесилган ёки умуман кесилмай қолган тут дарахтларидан келаси йил ўсиб чиққан новдаларнинг барглари сифатсиз ва майда бўлиши баробарида, бундай тутларни кесиш учун жуда кўп куч ва ортиқча вақт сарфланади.
      Вақтида кесилган тут дарахтларидан янги сурх новдалар ўсиб чиқади ва бундай дарахтлардан мўл ва тўйимли барг олиниб, сифатли пилла етиштирилади.
    Агротехника қоидаларига кўра, тут дарахтлари ва тутзорларни вегетация давомида икки марта минерал ўғитлар билан ўғитлаш тавсия этилади. Биринчи марта март-апрель ойларида, иккинчи марта тут дарахтларининг новдалари ипак қурти боқиш учун кесилгандан сўнг – июнь ойида амалга оширилади.
    Тут дарахтлари ва тутзорларга ўғит берилгандан сўнг, уларни қондириб суғориш тавсия этилади, акс ҳолда солинган ўғитларнинг таъсирчанлиги камаяди. Тутзорлар шароитига қараб, ҳар бир гектар хисобига 360–400 кг аммиак селитраси ва 400–500 кг суперфосфат минерал ўғитлари билан озиқлантирилади.
    Якка қаторлаб экилган тут дарахтларига, уларнинг ёшига қараб, ҳар бир туп дарахт ҳисобида: 10 ёшгача – 375 г аммиак селитраси, 300 г суперфосфат; 10 ёшдан 20 ёшгача – 750 г аммиак селитраси, 625 г суперфосфат; 20 ёшдан 40 ёшгача – 1500 г аммиак селитраси, 1250 г суперфосфат минерал ўғитлари билан озиқлантириш тавсия этилади.
   Тут дарахтлари ва тутзорлар ўз вақтида парвариш қилиниб, минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, ўз вақтида суғориб турилса, барг ҳосили 25–30 фоизгача ошади. Шу билан бир қаторда баргнинг таркибида ипак қурти учун зарур бўлган озиқ моддалар етарли бўлади ҳамда ипак қуртлари бақувват ва соғлом ривожланиб, мўл ва сифатли пилла етиштиришга замин яратилади.
  Тут парвонаси – ҳосил кушандаси. Тут парвонаси ҳозирги кунда Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Фарғона водийси вилоятларида тарқалиб, тут дарахтларига катта зарар келтирмоқда. Тут парвонаси хавфли зараркунанда бўлиб, тут баргининг ашаддий кушандаси ҳисобланади. У ипак қуртининг озуқаси бўлган тут баргини кемириб еб, уни бутунлай яроқсиз ҳолатга келтиради.
    Ҳозирги кунда бу зараркунандага қарши (тут новдалари ипак қуртига кесиб олингандан сўнг) кураш чораларини ўтказиш учун, биринчи навбатда ўтган мавсумда тут парвонаси тарқалган майдонларда кузатув олиб бориш ва шу майдонлардаги тут новдаларини тўлиқ кесиб олиш талаб этилади.
    Тут парвонаси билан зарарланган дарахтларнинг сонини аниқлаш ва уни ҳимоя қилиш учун сарф қилинадиган кимёвий препаратлар миқдорини белгилаш, ишлатиладиган ОВХ-28, ОВХ-600 ва бошқалар мосламалар сонини аниқлаш ва уларнинг тайёрлигини таъминлаш зарур.
   Тут дарахти қатор ораларини ҳайдаш, суғориш, айниқса, яхоб суви бериш, ўз муддатида озиқлантириш ва бошқа тадбирлар дарахтларнинг тут парвонасига чидамлилигини орттиради ва зараркунанданинг ривожланиши учун ноқулай шароит вужудга келтиради. Бундай тадбирларни ўтказилиши тут баргларининг қайта ўсиб чиқиши ва физиологик жараёнларни тезлаштиришига хизмат қилади.
    Тут баргини зараркунандадан сақлаб қолиш учун дарахтнинг танасига июнь ойидан бошлаб эски қоп ва материаллардан белбоғ боғлаш яхши натижа бериши мумкин. Хавфсизлик техникасига риоя қилган ҳолда, белбоғ биронта инсектицид эритмасига ботириб олинса янада яхши самара беради. Бунда Карбафос (0,2%), Циперметрин (0,15%), Каратэ (0,05%), Эконил (0,5%), Эсфен-альера (0,2%) ва бошқа препаратлардан фойдаланиш мумкин. ўумбакка айланишдан олдин пана жойни топган тут парвонасининг қурт¬лари шу жойда қирилиб кетади.
    Тут парвонасига қарши курашиш мақсадида инсектицидларни ишлатиш самарали усул бўлишига қарамай, уни қўшимча сифатида ва зарурат пайдо бўлганидагина қўллаш мақсадга мувофиқ. Зараркунанда қуртларига қарши дорининг ҳар 1 гектарга мўлжалланган миқдорини тўғри белгилаш учун бир ёқлама ва икки ёқлама ишлов олиб бориш усулларига қараб ҳисоб-китоб ўтказиш лозим.
    Мисол учун, бир қаторда жойлашган тутларнинг 1000 м. дагиси (10 м кенгликда) 1 гектарни ташкил этади (10000 м2). Ушбу майдонни ОВХ-28 пуркагичи билан бир ёқлама ишлов бериш учун бакка (300 л) сув + Карбофос (0,4 л) ёки икки ёқлама ишлов бериш учун (600 л) сув + Карбофос (0,8 л) солиш талаб этилади.
   Шланг ва бранспойд қўлланилганда 10000 литр сув ҳисобида 2 л Карбафоснинг (50%) концентрация кўрсаткичидан фойдаланиш керак. Масалан, Карбафоснинг 0,2 фоизли эритмасини тайёрлаш учун ҳар 1000 л сувга 200 г ёки 10000 л сувга 2 кг (л) препарат қўшиш зарур. Юқорида кўрсатилган кураш чораларидан ўз вақтида унумли ва самарали фойдаланиш республикамизда тут парвонасининг тарқалиши ва у келтирадиган зарарнинг олдини олиш имконини беради.
      Ў.Қўчқоров, Ф.Адилов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech