Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Мамлакатимизда халқимизнинг озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда хориждан зотдор, маҳсулдор моллар келтириб кўпайтирилаётганлиги истеъмол бозорини гўшт, сут каби чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдиришга имконият яратмоқда.
    Чорва молларининг маҳсулдорлигини оширишда қорамолларни турли касалликлардан муҳофаза қилиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, қорамолларнинг пироплазмидоз касалликлари инвазион касалликлар ичида алоҳида ўринни эгаллайди. Пироплазмидоз билан касалланган молларда тана ҳарорати ошиши, беҳоллик, анемия каби ҳолатлар кузатилади. Уни ўз вақтида ва сифатли дори-дармонлар билан даволамаганда, касалланган молларнинг 80–90 фоизи нобуд бўлиши мумкин.
   Қорамолларнинг тейлериоз касаллигини қўзғатувучиси Theileriidae оиласига мансуб Theilеria annulata Dschunkowsky et luhs (1904) ҳисобланади. Тейлериялар лимфа тугунларни ретикулоэндотелиал ҳужайраларида, талоқ, жигар ва бошқа органларида, қоннинг лимфоцит ва эритроцитларида ривожланади. Қўзғатувчиларни тарқатувчи Hyalomma detritum ва H. anatolicum каналар 2–5 кундаёқ мол танасида қон сўриш билан бир вақтда ўз сўлак безларида мавжуд 2–3 мкм катталикда бўлган спорозоитларни молнинг териси ичига юборади.
    Тери қатламига кирган спорозоитлар лимфа ва қон оқими билан аввало лимфа тугунларига, кейин паренхиматоз органларга кириб шизогония босқичини ўтади. Шу даврда спорозоитлар лимфоцитлар ва моноцитларга кириб бир неча марта каттаради, уларнинг ядролари бўлиниб кўп ядролик ҳужайраларга айланади, натижада кўп ядроли ҳужайра-шизонтлар, бошқача қилиб айтганда, макрошизонтлар ҳосил қилади.
    Тейлериозни Гиаломма авлодига мансуб икки эгалик Детритум ва уч эгалик Анатоликум деб номланувчи каналар тарқатади. Улар ҳайвонларнинг қонини сўриш билан бир вақтда ўз сўлак безларидаги касаллик қўзғатувчи паразитларни ҳайвон танасига юборади.
     Касалликнинг биринчи белгиси молни кана чаққанидан 17–21 кун ўтгач курак олади, сон ва елин усти лимфа тугунлари катталашади, тана ҳарорати 40,6–40,8 оС гача кўтарилади.
  Орадан 2–3 кун ўтгач кавшамайди, тана ҳарорати 41–42 оС гача кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, йўталади. Юрак-қон томир фаолияти сустлашади, камқонлик кузатилади, интоксикация натижасида шиллиқ пардалар сарғаяди, қон қуйилишлар, қовоқларнинг шишиши ҳамда кўзидан ёш оқиши кузатилади. Мол ориқлаб, соғин сигирлар сут бермай қўяди. Бўғозлари кўпинча бола ташлайди.
  Пироплазмоз ва бабезиозни қўзғатувчилари Babesiidae оиласига кирувчи бир ҳужайрали қон паразитлари Piroplasma bigeminum ва Babesia colchica. Пироплазмаларни меразоитлари одатда ноксимон, амёбасимон, тухумсимон шаклларда бўлиб, жуфт шакллари ингичка учлари билан бирлашган ҳолда ўткир бурчак ташкил қилади.
   Пироплазмоз ва бабезиозни (франсаиллёзни) Боофилус авлодига мансуб бир эгалик Калкаратус номли яйлов каналари тарқатади. Улар асосан ҳайдалмайдиган намгарчилик яйловлар, тўқайзорлар, дарё ёқаларида кўпроқ учрайди.
    Кана личинкаси молга ёпишгач 48 соат давомида сўлак безларидаги пироплазма ёки бабезияларни ҳайвон танасига ўтказади. Орадан 8–12 кун ўтгач, касалликнинг клиник белгилари намоён бўлади.
     Пироплазмалар бабезиялардан морфологик ва биологик хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади. Пироплазмалар бабезияларга қараганда 2–3 баробар каттароқ бўлган ҳолда эритроцитнинг радиусидан катта бўлади ва жуфт шакллари ингичка учлари билан бирлашиб ўтмас бурчак ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам пироплазмоз билан касал молларда касаллик белгиларининг намоён бўлишидан 2–3 куниёқ қон сийиш, яъни гемоглобинурия ҳолати юз беради.
     Бабезиозда бу ҳолат ҳайвонларни ўлиши олдидан кузатилиши мукин ёки ўлган молнинг сийдик халтаси ёриб кўрилганда гемотурия ҳолати кузатилади. Бабезиоз пироплазмозга қараганда оғирроқ кечади, чунки бабезияларнинг ривожланиши кўпинча ички ҳаётий муҳим органларда бўлиб ўтади. Натижада шу органларнинг физиологик функцияси бузилади.
  Пироплазмоз ёки бабезиоз билан касалланган молларда тана ҳароратининг 40,6–41,6 оС гача кўтарилиши, иштаҳасини йўқолиши, қовоқларнинг шишиши, кўз ёши оқиши, кўз ва бошқа шиллиқ пардаларининг сарғайиб кетиши кузатилади. Пироплазмидозлар билан касалланган молларни даволаш ишларини олиб боришдан олдин уларни салқин ва осойишта жойга ўтказиш лозим.
   Уларнинг рационига енгил ҳазм бўладиган барра ўт, майдаланган лавлаги, эндигина соғилган сут, омухта емдан тайёрланган атала киритилиши лозим. Тейлериозни даволашда тейлерияларнинг шизогонал босқичига таъсир қилувчи ва шу билан бир вақтда гаметоцитар шаклига таъсир қилувчи патогенетик препаратларни комплекс равишда қўллаш алоҳида эътиборга лойиқ.
  Тейлериоз билан касал мол ажратилган подалар ҳар куни клиник кўрикдан ўтказиб, кунига 2 мартадан (эрталаб, кечқурун) тана ҳарорати ўлчаниб борилади. Тейлериоз ўта оғир кечувчи касаллик бўлганлиги сабабли уни даволаш ишларини олиб боришда патогенетик, симптоматик ва гемопоэтик препаратларни бир вақтда қўллаш муҳим аҳамиятга эга.
  Шуни эътиборга олган ҳолда тейлериозни даволашда махсус препаратларни қўллаган ҳолда қуйидаги схемаларни биридан фойдаланиш тавсия қилинади.
    1. Даволашнинг 1–3-кунлари молнинг ҳар 1 кг тирик вазни ҳисобига эрталаб 4 мг/кг миқдорида Узбикарб (Узбикарбнинг 4%ли сувдаги эритмасидан молнинг ҳар 100 кг тирик вазнига 10 мл. дан) тери остига ва 5–6 кун давомида кечки пайт молнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 6 таблеткадан (1,5 г) делагил қўллаш тавсия этилади.
    2. Даволашнинг 1–2-кунлари эрталаб 2 мг/кг миқдорида Диамидин ва шундан 3–4 соат ўтгач 3–4 кун давомида кунига 1 мартадан молнинг 100 кг тирик вазни ҳисобига сульфантрольнинг 3%ли эритмасидан 100 мл. дан вена қон томирига қўлланилади. Агар шу эритма 33%ли спиртда тайёрланиб қўлланилса, даволаш янада самарали бўлади.
  3. Даволашнинг 1-куни молнинг ҳар 1 кг тирик вазни ҳисобига тейлериозга қарши гипериммун қон зардобидан 1 мл. дан териси остига қўлланилади, 2-куни эса молнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 5 мл. дан этдин препарати териси остига қўлланилса самарадорлик юқори даражада бўлади.
  4. Саудия Арабистонида ишлаб чиқилган Butachem ва Theilex препаратларини тейлериоз билан касалланган молни 100 кг тирик вазнига 5 мл. дан 48 соат оралиғида 2 марта қўлланса самарадорлик юқори бўлади.
   Пироплазмоз ва бабезиозни даволаш учун молнинг 1 кг тирик вазни ҳисобига 2 мг. дан Диамидин (Диамидиннинг 4%ли сувдаги эритмасидан молнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 5 мл. дан ёки 3 мг/кг миқдорида Узбикарб препаратидан тери остига) қўлланилса қониқарли натижа олинади. Аммо қўлланилган дорилар, айниқса, пироплазмоз+бабезиоз билан аралаш шаклда келган вақтда кутилган натижа бермаса, бир кундан кейин даволашни такрорлаш лозим.
  Симптоматик препаратлардан кофеин-бензоат натрийнинг 20%ли эритмасидан молнинг териси остига 15–20 мл, Ацессоль, Диссол, Триссол препаратларининг биридан 300–500 мл ва глюкозанинг 5%ли эритмасидан 300–400 мл миқдорида вена қон томирига, гемопоэзни кучайтирувчи Ферропирин ёки Ферроглюкин–75 препаратларининг биридан молнинг 100 кг тирик вазнига 20 мл. дан ва витамин В12 препаратидан 500 мкг миқдорида мушаги орасига қўлланилади.
  Тейлериоз, пироплазмоз ва бабезиоз келиб чиқиши касаллик қўзғатувчиларини тарқатувчи Иксод – H. anatolicum, H.detritum ва B. calcaratus каналарининг фаол ҳаётий (йилнинг илиқ фаслларида) даври билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги сабабли унга қарши курашишни биргина йилнинг илиқ фаслларида эмас, балки йилнинг салқин ва совуқ фаслларида ҳам доимий равишда олиб бориш мақсадга мувофиқ.
   Бунинг учун йилнинг салқин тушган фаслиданоқ ферма ва унинг атрофини ободонлаштириш, каналарнинг ривожланиши учун қўлай бўлган биотопларни йўқотиш, келгусида моллар боқиладиган яйловларда санация ишларини олиб бориш лозим. Қиш пайтида моллар боқиладиган биноларни гўнглардан тозалаш, деворларини суваш ва оқлаш талаб этилади.
   Тейлериознинг олдини олишда «Тейлериозга қарши суюқ культурал вакцина»дан йилнинг салқин ойларида (декабрь, январь, февраль) ҳар 1 бош молнинг териси остига 1 мл. дан қўллаш тавсия этилади. Йилнинг илиқ кунлари кириб келиши биланоқ каналарга қарши акарицид препаратлардан бири билан қўлланмаси асосида моллар ювиб турилади.
    Пироплазмидозлардан кимёвий усулда профилактика қилиш учун ҳар 15 кунда 1 марта молнинг ҳар 100 кг тирик вазни ҳисобига 5 мл. дан полиамидин препарати териси остига қўлланилади. Умуман олганда, тейлериозга қарши чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли олиб борилса, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар тейлериоздан омон сақланиб қолинади, натижада халқимиз дастурхонини мўл чорва маҳсулотлари билан таъминлашга эришилади.
     С.Мавланов, А.Ғафуров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech