Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Fалладан бўшаган далаларни шудгорлаш сифати унинг бир хил чуқурликда бўлиши, тупроқ қатлами қай даражада ағдарилганлиги ва майдаланганлиги, эгат ва марзаларнинг кам бўлиши билан баҳоланади. Ҳайдов сифатига қўйилган агротехник талаблар орасида ҳайдов чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғлари ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳимдир.
    Ҳайдов чуқурлигини аниқлаш учун плугнинг охирги корпуси қолдирган эгат чуқурлиги махсус чизғич ёрдамида даланинг 25 жойидан ўлчанади. Кейин ҳамма кўрсаткичлар қўшилиб, ўртача миқдор топилади. Сифатли ҳайдалган ерларда бу миқдор ва белгиланган чуқурлик орасидаги фарқ +2 см. дан ортиқ бўлмаслиги даркор.
    Бегона ўтларни кўмилиш чуқурлиги ҳам ҳайдалган ернинг 25 жойидан ковлаш ва шудгор юзидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофани ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич 20 см. дан кам бўлмаслиги зарур.
     Шудгорда диаметри 5 см. дан кичик кесаклар камида 75 фоизни ташкил этиши, ҳайдовда ҳосил бўлган нотекисликларнинг ўртача баландлиги 5 см. дан ошмаслиги керак.
   Юқоридаги талаблар сифатли бажарилишини таъминлаш учун ғалла ўриш, далаларни сомондан тозалаш, шудгорлаш ишлари конвейер усулида олиб борилиши лозим.
     Fалла комбайнларидан кейин кетма-кет сомон йиғадиган машиналарни юргизиш даркор. Сомонпоялари 15 сантиметрдан баланд ўрилган майдонлардаги поялар КОС-2,1; КРС-2,1; КДП-4 ва КИР-1,5Г «Умид» сингари ўт ўрадиган агрегатлар ёрдамида ўриб-йиғиб олинади. Акс ҳолда, қолдиқ пояларнинг бир қисми шудгор пайтида тупроқ остига тўлиқ кўмилмасдан ва чириндига айланмасдан, ер бетида қолиб кетади. Улар шудгорлаш ва ерларни экишга тайёрлаш сифатига салбий таъсир этади.
   Ўримдан кейин ерда қолган сомон ва ўт-ўланларни ўша куннинг ўзидаёқ тўплаб, йиғиб олиш лозим. Бунда ПМТ-Ф-1,8; ПС-1,8; ППЛ-Ф-1,6 русумли тўплагич-зичлагичлардан фойдаланилади.
     Fалладан бўшаган майдонларда қолган поялар ва сомонга ўт қўйиб, ёқиб юбориш асло мумкин эмас! Чунки тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой, гумусли юқори қатлами ёнғин туфайли қотиб, ғоваклигини йўқотади, барча микроорганизмлар ва фойдали ҳашаротлар нобуд бўлади.
    Сомонни ёқиш чорванинг тайёр озуқа базасини нобуд қилиш билан баробардир. Шудгорлаш сомон йиғимидан кейин, ҳатто 1–2 кунга кечикса, жазирама иссиқ таъсирида тупроқ намлиги тез кўтарилиб, ернинг қотиб қолиши оқибатида катта-катта кесаклар кўчишига олиб келади. Бу кейинчалик далаларни экишга тайёрлаш ишларини қийинлаштиради, меҳнат, ёнилғи сарфи ва бошқа харажатларнинг кескин ортишига сабаб бўлади.
    Шу боис сомон йиғиштириб олинган куннинг ўзидаёқ шудгорлашни бошлаш (тупроқдаги намлик етарли даражада бўлади, катта кесаклар кўчмайди ва тупроқ майин чиқади), тупроқнинг юза қатлами қуриб кетган ва намлиги 14–16 фоиздан кам бўлса, майдонларни тезликда суғориш ва ер етилиши билан шудгорни бошлаш керак (плуг лемехлари ва отваллари синишининг олди олинади, ер белгиланган чуқурликда яхши ҳайдалади).
    Далалар чимқирқарли ПН-4- 35, ПЛН-5-35, LD-100 ҳамда икки ярусли ПЯ-3-35,ПД-4-45, МР-2/3-45 плуглари билан 35–40 см чуқурликда ҳайдалиши зарур. Чимқирқарли плуглар бегона ўтлар кам ёки бутунлай йўқ далаларни ҳайдашда ишлатилади.
    Бегона ўтлар кучли тарқалган майдонлар эса фақат икки ярусли плуглар билан ҳайдалиши шарт. Корпуслари айланадиган плуглар билан шудгорлашда тупроқ тўла ағдарилади, шудгорланган майдонларда марза ва эгат каби нотекисликлар ҳосил бўлмайди ва тупроқ юзаси текис чиқади. Плугни заводларда ишлаб чиқарилган лемех ва отваллар билан бутлаш, лемехлар тиғларининг ўткир, отваллар юзаларини текис ҳолда ушлаб туриш (лемехлар узоққа чидайди ва белгиланган чуқурликкача ботади), трактор двигатели, юриш қисми ва гидравлика системасининг техник ҳолатини талаблар даражасида сақлаб туриш зарур (плугнинг қамров кенглиги ва иш унумини оширишга эришилади).
     Плуг тўғри созланса, ер сифатли ҳайдалади. Далага чиқишдан олдин ҳар бир плуг текис майдончага ўрнатилиб, кўрикдан ўтказилиши лозим. Бунда унинг барча иш органлари мавжудлиги, лемехлар тиғларининг ўткирлиги, уларнинг учи майдонча юзасига бирдек тегиб туриши, корпусларнинг баландликлари, улар орасидаги масофаларнинг бир хиллиги ҳамда дала тахталарининг ҳаракат йўналишига параллеллиги текшириб кўрилади.
    Лемехларнинг шакли ва ўлчамлари андоза билан текширилади: бунда лемех тиғининг узунлиги андоза ўлчамларидан 15 мм, елкасининг узунлиги 10 мм ва лемехнинг эни 5 мм. гача катта ёки кичик бўлиши мумкин; отвал ва лемехнинг дала томонидаги четлари бир тик текисликда ётиши лозим. Отвал дала четининг юқориги нуқтаси эгат томонга кўпи билан 10 мм оғиши мумкин.
   Лемехнинг отвал билан туташган жойида кўпи билан 1 мм тирқиш бўлишига йўл қўйилади; лемехнинг отвалдан кўтарилиб турилиши мумкин эмас. Бу шартлар бажарилмаса корпусга тупроқ ёпишиб, плугнинг тортишга қаршилиги ошади. Чимқирқарли плугларда чимқирқарлар асосий корпусга нисбатан 25–30 см олдинда туриши ҳамда унинг ҳайдаш чуқурлиги 10–12 см оралиқда бўлиши керак.
  Икки ярусли плугларда юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга ҳамда ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда улар пастки ҳолатга, 30 см. дан кўп бўлганда юқориги ҳолатга ўрнатилиши лозим.
    Шудгор бир текисда бўлиши учун иш жараёнида плугнинг рамаси ер юзасига параллел бўлиши керак. Бу ҳолат ўрнатма плугларда трактор осиш қурилмасининг марказий тортқиси ҳамда пастки тортқиларининг ўнг ва чап кашаклари узунликларини ўзгартириш, тиркама плугларда эса уларнинг орқа ва эгат ғилдираклари механизмларини ростлаш йўли билан таъминланади.
    Ҳайдов отряди бошлиғи, механизатор ва фермер қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари даркор:
  - шудгорлаш ишларини икки сменада ташкил этиш, ҳайдов агрегатларини эрга тонгда ва кечқурун юқори унум билан ишлатиш (трактор двигатели қизиб кетмайди, ёнилғи ва мой кам сарфланади);
  - механизаторлар, таъмирловчи чилангарлар ва барча ишчиларга етарли маиший шароитларни яратиш, қисқа муддатларда сифатли бажарилган шудгор учун уларни моддий рағбатлантириш;
 - ҳайдаш чуқурлиги, тупроқнинг майин ва текис шудгорланишини таъминлаш;
 - дала четлари ва уватларини бульдозер билан қирқиб, тўртбурчак майдон ҳосил қилиш;
  - электр ёки алоқа симларининг таянчлари, майдонлар ичидаги дарахтлар атрофларини 2–3 корпусли плуглар ёрдамида ҳайдаб қўйиш;
   - ҳайдов трактори ва плугни техник соз ҳолатда ушлаб туриш, кундалик техник қаровларни сифатли бажариш, двигателнинг совутиш ва мойлаш тизимлари ишини қаттиқ назорат килиш;
  - кўчма устахоналарда лемех, отвал, дала доскаси, сақловчи болт каби плугнинг ишдан тез чиқадиган деталлари, трактор учун мотор ва гидравлика мойлари захирасини етарлича барпо этиш;
  - ҳар бир ҳайдов агрегатига икки нафардан малакали механизатор ва бир нафардан уста механикни бириктириш;
  - ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш ишларини кўчма устахоналар ва махсус агрегатлар воситасида даланинг ўзида бажариш.
   Яна бир муҳим тадбир – бу шудгорланган далаларни изма-из бороналаш ёки дискалашдир (тупроқда табиий намлик узоқ сақланади, шудгор юзаси қотиб қолмайди).
      М.Тошболтаев, А.Тўхтақўзиев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech