Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Мазкур тавсияда деҳқончилик тадбирлари ва юмушларини белгилаб қўйилган тартиб ва талабларга мос равишда бажариш ёки бошқача айтганда, деҳқончилик маданиятига амал қилиш, фермер хўжаликлари бошлиқлари ва аъзоларининг бу борадаги вазифа ва мажбуриятлари баён этилган.
    Фермер хўжаликларига узоқ муддатга ижарага берилган суғориладиган ер майдонининг ҳар бир қаричидан оқилона ва самарали фойдаланиш орқали деҳқончилик маданиятини кўтариш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қўшимча даромад олиш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилган.
   Ундан фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши мутахассислари қўлланма сифатида фойдаланишлари мумкин.
   КИРИШ. Ҳар биримиз тез-тез тилга олиб турадиган «деҳқон» сўзи форсчада «ер эгаси, заминдор, қишлоқ ҳокими» деган маъноларни беради. Унинг асосий касби ерга ишлов бериш, экин уруғлари ва дарахт кўчатларини экиш, уларни парваришлаш, пишган ҳосилни йиғиб-териб олиш ва аҳоли дастурхонига тортиқ этишдир. Кўриниб турибдики, деҳқон ҳам шарафли, ҳам масъулиятли касб эгаси экан. Шунинг учун ҳам бекорга уни «қишлоқ ҳокими» – қишлоқда маҳсулот етиштириш ишларини амалга оширувчи ва бошқарувчи деб аташмаган.
    Деҳқон табиийки, деҳқончилик билан шуғулланади. Деҳқончилик – бу қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, чорвачиликни ем-хашак, кўпгина саноат тармоқларини (озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, қайта ишлаш ва бошқалар) хомашё билан таъминлайдиган зироатчилик соҳасидир.
  Деҳқончилик соҳаси далачилик, сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик, гулчилик ва яйлов-ўтлоқчилик тармоқларини ўз ичига олади. Ҳозир мамлакатимизда бу тармоқларда пахтачилик-ғаллачилик, сабзавот-полизчилик, боғдорчилик-узумчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда.
  Шуни таъкидлаш лозимки, деҳқончиликда амалга ошириладиган юмушларни пала-партиш, ўзбилармонлик ва ўзбошимчалик билан бажариш асло мумкин эмас. Бунда ҳар бир деҳқон, ҳар бир фермер деҳқончилик маданиятига амал қилиши шарт.
   Арабча мадина (шаҳар) сўзидан келиб чиққан «Маданият» сўзи кенг маънога эга. Масалан, лотинчада ерни ишлаш, парваришлаш деганидир. Русчадаги «культура» сўзи ҳам шундан олинган.
   Республикамизнинг суғориладиган ерлари халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Чунки, бир гектар суғориладиган ердан олинадиган ҳосилга 8–12 гектар суғорилмайдиган лалми ердаги ҳосил тўғри келади. Бас шундай экан, суғориладиган ерларимизнинг ҳар бир қаричидан оқилона ва самарали фойдаланиш фермер хўжаликлари раҳбарлари ва барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши керак.
    Мазкур тавсияда деҳқончилик тадбирлари ва юмушларини белгилаб қўйилган тартиб ва талабларга мос равишда бажариш ёки бошқача айтганда, деҳқончилик маданиятига амал қилиш, фермер хўжаликлари бошлиқлари ва аъзоларининг бу борадаги вазифа ва мажбуриятлари баён этилган.
  1. Деҳқончилик маданияти, унинг моҳияти ва вазифалари. Деҳқончилик маданияти – бу қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича бажариладиган тадбирларнинг деҳқончилик қонун-қоидалари, агротехнология меъёрлари ва агротехника талабларига мувофиқлик даражасини белгилайдиган мезон.
  Деҳқончилик маданияти бир томондан, фермер хўжаликларида деҳқончилик юритиш даражаси ва сифатини билдирса, иккинчидан, фермерлар ва агрономларнинг деҳқончиликка оид билим ва тажрибалари, уларни қўллаш маҳорати, малакаси ҳамда бу йўналишда нафақат фермерлар, агрономлар, балки барча қишлоқ хўжалик ходимлари ва мутахассисларининг вазифалари, мажбуриятларини ифодалайди.
    Фермернинг энг муҳим вазифаси – белгилаб қўйилган агротехнологик, мелиоратив, ташкилий ва иқтисодий тадбирлар мажмуини бажариш йўли билан, яъни оқилона деҳқончилик тизимига амал қилиш орқали тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда экинлардан юқори ҳосил олишдан иборат. Шу сабабли деҳқончилик маданиятини ўстиришда фермерларнинг малакаси ва маҳорати марказий ўринда туради.
    Деҳқончилик маданиятини ошириш ер, табиий-иқлим шароитларининг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда экинларни етиштириш ва тегишли техника воситаларини қўллаш, агротехнологияни ҳар бир ҳудуд, фермер хўжалиги, ҳатто ҳар бир даланинг тупроқ-иқлим шароитларига, шунингдек, экилган ғўза навларининг биологик хусусиятларига қараб табақалаштиришни тақозо қилади.
  Умуман айтганда, деҳқончилик маданиятига амал қилиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фермерлар ва соҳа мутахассисларининг долзарб вазифалари ва мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
  - тупроққа тўғри ишлов бериш;
 - ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;
 - тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, экинларни навбатлаб ва алмашлаб экиш қоидаларига риоя қилиш;
  - селекция ва уруғчилик ишларини билиш ва ташкил қилиш, серҳосил навларнинг сифатли уруғлигини тайёрлаш;
  - сифатли уруғликни белгиланган муддатларда экиш, тўлиқ гектарлар ҳосил қилиш ва экинларни сифатли парвариш қилиш;
  - бегона ўт, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш;
  - минерал ва маҳаллий ўғитлардан тўғри ва унумли фойдаланиш;
  - барча агротехнологик тадбирларни мақбул муддатларда ўтказиш;
  -ерни шамол ва сув эрозиясидан ҳимоя қилиш;
 - дала иҳота ўрмонзорларини барпо этиш;
 - фермер хўжалиги аъзолари меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш.
 Фермер хўжаликлари ишлаб чиқаришини юқори даражадаги деҳқончилик маданиятига амал қилган ҳолда ташкил этиш экинлардан юқори ҳосил олишни, фермерларнинг иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлишини, энг муҳими, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди.
 2. Деҳқончилик маданиятининг белгилари ва фермерларнинг мажбуриятлари. Фермер хўжалигининг экин майдонларидаги деҳқончилик маданиятининг даражаси бир қатор мезонларга (белгилар, кўрсаткичлар, сифатлар) қараб баҳоланади. Бу мезонлар далада ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Улар режали тинимсиз меҳнат эвазига барпо этилади ва фермерлар зиммасига муайян мажбуриятларни юклайди. Қуйидаги жадвалда фермер хўжаликларида деҳқончилик маданияти даражасини белгиловчи мезонлар ва уларни қондириш йўлида фермер томонидан бажарилиши шарт бўлган мажбуриятлар келтирилган.
   3. Фермер хўжаликларига тегишли дала четлари ва уватлари ҳамда зовур бўйларида сабзавот, полиз ва картошка етиштириш. Ўзбекистоннинг тупроқ ва табиий-иқлим шароити фермерларимиз далаларида витаминларга бой сабзавот, полиз, картошка ва дуккакли экинларни йил давомида етиштириш имкониятини беради.
  Шу боис ғўза майдонлари четлари, уватлари, зовур ёқалари ва чеккаларидан ҳамда дала шийпонларига тегишли ерлардан омилкорлик билан фойдаланиб, йил давомида икки эмас, ҳатто 3–4 турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларидан ҳосил етиштириш мумкин.
 Фермер хўжаликларида деҳқончилик маданияти даражасини белгиловчи мезонлар ва уларнинг мажбуриятлари
    3.1. Fўза майдонлари четлари ва уватларига экиладиган экинлар Fўза майдонлари четлари ва уватларига картошканинг эртапишар ва ўрта эртапишар ҳамда оқ бошли карамнинг эртапишар навлари шаффоф плёнкалар остига экилади.
   Жанубий минтақалардаги фермер хўжаликлари ўртаги картошка ва карамни апрель ойининг бошларида экадилар. Марказий иқлим минтақасида жойлашган фермерлар ерларига улар март ойининг биринчи 10 кунлигида экилади. Шимолий ҳудудларда ушбу муддат март ойининг иккинчи 10 кунлигига тўғри келади. Туганак ва кўчат 30–35 см оралиғида экилади.
    Экиладиган ўртаки карам кўчатининг ёши 40–45 кунлик бўлиши керак. Ўртаги картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун ундирилган туганакларни экиш зарур. Баҳорги муддатларда ниш урган туганакларни экиш, ундирилмаган туганакларга нисбатан ҳосилни 10–15 фоизга оширади, 15–20 кунга эрта пишишини таъминлайди.
   Эрта баҳорда ғўза майдонлари четлари ва уватларига ва бўш ерларга редиска, сабзавот кўкатларидан укроп, кашнич ва петрушка ҳамда нўш пиёзлар экилса, уларнинг ҳосили узоғи билан 1,5–2 ойда пишиб етилади. Шунингдек, ўртаги карам, сабзавот кўкатлари ва мош, ловия, нўхат каби дуккакли экинларни экиш мумкин. Пайкаллар ён атрофига қовоқ, қовун ва тарвуз экинларини ҳам экиб юқори ҳосил олса бўлади.
   Шуни эсда тутиш лозимки, ғўза майдонлари атрофига, ўқариқларга помидор, бақлажон, бодринг ва ширин қалампирни экиш тавсия қилинмайди. Чунки, улар ғўза ҳосилига кўп зарар келтирадиган кўсак қурти ва бошқа зараркунандаларни ўзига тез жалб қилади.
    3.2. Зовур ва ариқ бўйларига экиладиган экинлар. Зовур ён бағирлари ва тупроқли тепалик чеккаларига барча сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни экиш тавсия этилади. Жумладан, сабзавот экинларидан – пиёз, саримсоқпиёз, сабзавот кўкатлари, бодринг, помидор, булғор қалампири, қалампир, бақлажон ҳамда картошка; полиз экинларидан – тарвуз, қовун ва қовоқ; дуккакли экинлардан – мош, ловия, нўхат, сабзавот сояси.
  Полиз экинларини, жумладан, қовоқни зовур сувидан 1–1,5 м баландликка экиш зарур. Қовоқнинг қатор ораси 0,8–1,2 м бўлиши керак.
    Зовур ва ариқларни тозалаш ва таъмирлаш ишларига халақит қилмасдан уларнинг бир ёнбошига терак қаламчалари, кўчатлари ва тут ниҳолларини экиш тавсия қилинади. Чунки, улар биодренаж вазифасини бажаради, экинларни пайҳондан сақлайди, иқлимни юмшатади, саноатбоп ёғоч беради, ипак қурти учун мустаҳкам озиқа базаси яратилади. Айниқса, шўрга ва сувсизликка чидамли бўлган наъматак (шиповник) ўсимлигини экиб, ундан «яшил қалқон» сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
    Наъматак экиш агротехника қоидалари билан амалга оширилса, далалар атрофларида яшил тўсиқлар барпо этилади; четан учун ишлатиладиган катта ҳажмдаги ёғоч тежалади; наъматак меваси доривор ҳисобланади, фермер оиласидан ортганини сотиб даромад олиши мумкин; наъматак асалари учун тўйимли озуқа манбаи ҳисобланади, чунки, у май-август ойларида гуллаб туради.
   3.3. Дала шийпонлари атрофларига экиладиган экинлар. Фермер хўжаликларининг ишчи ва хизматчиларини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда далада иссиқ овқат ташкил қилиш мақсадида дала шийпонлари атрофларидаги ерларга барча сабзавот экинлари, сабзавот кўкатлари ва картошкани жойлаштириш мақсадга мувофиқдир.
    Фермер хўжаликлари ишчиларини тухум, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун дала шийпонида камида 100 бош парранда, 2–3 бош сигир ва 5 қути асалари оиласини парваришлашни ташкил этиш даркор.
   3.4. Экиш учун тавсия этиладиган навлар.
  Картошка навлари. Эртапишар навлар – Латона, Фреско, Ред, Скарлет; ўртаги-эртаги навлар – Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра; ўртапишар навлар – Тўйимли, Умид, Кўксарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова; ўртаги-кечки – Ақроб, Мондиал, Диаманд, Пикассо.
  Қовоқ навлари. Исканский–73, Плов каду, Нон кади.
 Қовун навлари. Эртапишар – Роҳат; ўртапишар – Суюнчи–2, Олтин водий, Лаззатли, Олтинтепа, Кичкинтой, Оби новвот, Гурвак, Бўри калла; кечпишар – Тўёна, Гурлан, Амударё, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Саховат, Умир воки, Бешак.
  Тарвуз навлари. Эртапишар – Ўринбой, Манзур, Чиллаки F1, Крисби F1, Кримстар F1; ўртапишар – Сурхон тонги, Деҳқон, Фермер.
  Карам навлари. Эртапишар – Фарао F1, Парел F1, Балбро F1, Барбон F1, Назоми F1; ўртапишар – Термиз–2500, Тошкент–10; ўрта-кечпишар – Саратони, Ўзбекистон судьяси; кечпишар – Шарқия–2.
  Сабзавот навлари. Сабзининг эртапишар – Машак-95, Нурли–70; ўртапишар – Мирзои сариқ–304, Қизил мирзои-228, Нантская–4, Шантане–2461, Зийнатли; пиёзнинг Зафар, Истиқбол, Сунбула Марғилон, Самарқанд қизили, Оқдур.
  Ош лавлаги навлари. Маҳаллий Диёр нави, чет эл навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1.
  Шолғом навлари. Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллий ва Муяссар навлари.
  Турп навлари. Андижон–9, Марғилон маҳаллий, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари.
  Редис навлари. Саксо, Дунганский, Лола, Красний великан, Майский местний навлари.
 3.5.Бажариладиган тадбирларнинг иқтисодий самарадорлиги. Ўртача 50 гектар пахта ери бор фермер хўжалигининг дала четларида жойлашган ва фойдаланилмаётган қисми 2 фоизни, яъни 1 гектарни ташкил этади.
   Ушбу майдонга картошка экиб, ўртача 18–20 тонна ҳосил олиш мумкин. 1 кг картошка ўртача 800 сўмдан баҳоланганда, фермер йилига бўш ётган ердан 14–16 млн сўм даромад олиши мумкин.
   Агар шу майдонга сабзи, пиёз ва карам экилса гектаридан тегишлича 20–25 тонна ҳосил олиниши, 1 кг сабзи ўртача 300 сўмдан сотилса 6 млн сўм, пиёз 250 сўмдан сотилса 5 млн сўм ва карам 200 сўмдан сотилса 5 млн сўм қўшимча даромад қилинади.
    Шунингдек, ушбу бўш майдонга қовоқ, тарвуз ёки қовун каби полиз экинлари экиладиган бўлса, ўртача 5–6 кг уруғ сарфланади. 1 гектар майдондан ўртача 20–25 тоннагача ҳосил олиш мумкин. 1 кг қовоқ ўртача 300 сўмдан баҳоланганда, йилига бўш ётган ердан 6–7,5 млн сўм, 1 кг тарвуз ўртача 300 сўмдан баҳоланганда, 8–10 млн сўм, 1 кг қовун ўртача 500 сўмдан баҳоланганда эса 10–12,5 млн сўм қўшимча даромад олишга эришилади.
  Борди-ю, дала четлари ва уватларига дуккакли экинлар экиладиган бўлса, унинг ҳар гектаридан мош ва нўхатдан камида ўртача 2 тоннадан, ловиядан 3 тонна ҳосил кўтариш мумкин 1 кг мош ва ловия 2500 сўмдан сотилса 5 ва 7,5 млн сўм, нўхат 3000 сўмдан сотилса 6 млн сўм қўшимча даромад олинади.
   Наъматак 3-йилдан бошлаб мева беради. Унинг меваси табобатда қўлланиладиган ва инсон саломатлиги учун энг шифобахш ҳисобланади. Ҳар бир наъматак бутаси камида қуруқ ҳолда 1 кг мева беради. 1 кг наъматак меваси ҳозирги кунда ўртача 3000 сўмдан сотилмоқда. Экспорт баҳоси янада қиммат бўлиб, ушбу маҳсулотга талаб юқоридир.
    Наъматак ўсимлигини ҳам 50 гектарлик фермер хўжалиги мисолида ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 3 км масофада наъматак кўчати дала увотларига тўсиқ сифатида экиш учун 6 минг дона кўчат талаб этилади. Бу кўчатлар 3 йилдан кейин 8–10 тонна наъматак мевасини беради. 1 кг мева ўртача 3000 сўмдан сотилса, бўш ётган ердан фермерга 24–30 млн сўм қўшимча даромад келади.
   Ҳисоб-китобларга қараганда, республика бўйича дала четлари ва уватлари 26300 гектарни ташкил қилади. Мазкур майдонларнинг 60 фоизига полиз экинлари (қовоқ, тарвуз қовун) экиб 124–160 млрд сўм, 25 фоизга сабзавот экинлари (сабзи, пиёз, карам) ва картошка экиб 53–57 млрд сўм ва қолган 15 фоизига дуккакли экинлар (мош, ловия, нўхат) экиб 23 млрд сўм қўшимча даромад қилиш мумкин.
    Демак, барча фермер хўжаликлари раҳбарлари ўзларининг мажбуриятларини чуқур ҳис қилиб деҳқончилик маданиятини амалиётда тўлақонли қўллайдиган бўлсалар мамлакатимиз бўйича жами 200–240 млрд сўмлик қўшимча махсулот ишлаб чиқаришлари ҳамда даромадга эга бўлишлари мумкин.
   Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
   Ўзбекистон Республикаси фермерлар Кенгаши




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech