Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Мамлакатимизнинг иқлим шароитларидан оқилона фойдалана олган сабзавоткор деҳқонларимиз йил давомида икки-уч маротаба мўл ҳосил етиштириш имконига эга бўлмоқдалар.
   Июнь республикамизнинг барча вилоятларидаги сабзавоткор деҳқонлар учун жуда масъулият палла. Эрта баҳор ойларида экилган эртаги сабзавот, картошка ҳамда бошоқли дон экинлари ҳосили пишиб, етилади. Уларни нест-нобуд қилмай қисқа муддатда йиғиб олиб, бўшаган майдонларни сифатли тайёрлаш зарур. Такроран-кечки картошка, карам, бодринг, сабзи, ош лавлаги, шолғом, турп, мош ҳамда кўкат сабзавотларни ўз вақтида экиб парвариш чора-тадбирларини сифатли бажарилиши улардан мўл ҳосил етиштириш таъмин этади.
  Катта майдонларга эрта баҳорда асосий экин сифатида экилган сабзавотлардан – помидор, сабзи, ширин қалампир, бақлажон, полиз экинларидан – қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий чора-тадбирлар яъни ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимлик оралиқларини эса қўлда чопиб юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, экинлар касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чоралари амалга оширилиши зарур.
    Экинлардан мўл ҳосил етиштиришни таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 480–500 м3/га меъёрда суғориб туриш, ҳар 2–3 маротаба сув қуйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А русумли юмшатгич билан 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади.
  Республика марказий вилоятларида эртаги сабзавот, картошка ҳамда июннинг 2–3 ўн кунлиги даврида ғалладан бўшаган майдонларни тезда қайта экин экишга тайёрлаб-кечки бодринг, сабзи навларини, ош лавлаги ёки картошка экиб олиниши тавсия этилади.
   Такрорий экинларни экиш ишлари ва муддати ҳаво ҳароратининг энг юқори даврига тўғри келади. Шу туфайли ҳосилдан бўшаган майдонларни қайта экишга тайёрлашда ҳайдашдан олдин майдон тупроғи намлиги камайиб, қотиб қолса, бундай майдонни аввал суғориб, ер етилган даврида ҳайдаб тайёрланиши лозим.
    Акс ҳолда, бундай майдонни суғормай ҳайдаш, у ердан йирик кесаклар пайдо бўлиб такрорий экинларни экиш ишларига салбий таъсир кўрсатади. Такрорий экиш учун ҳайдалган майдонлардаги намлик парланиб кетмасдан кетма-кет ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона ёрдамида 10–12 см чуқурликда юмшатиб чиқилади, кейин эса экин турига мос равишда КРН-2,8 А русумли культиватор билан экиш эгатлари олинади.
  Кўчати билан экиладиган кечки сабзавотларни экишдан олдин майдонларни қондириб суғориб, кейин ер етилган даврида экиш амалга оширилиши лозим. Кечки бодринг экиш мўлжалланган майдонларни ҳам уруғ экишдан олдин суғориб, ер етилган даврида экилади.
     Майда уруғли сабзавот экинлари уруғларини эса сепиб олиниб, сўнгра майдонларни қондириб суғориш тавсия этилади. Уруғ ердан тўлиқ униб чиқиб олгунча майдонлардаги тупроқ намлиги меъёрида бўлиши керак, акс ҳолда уруғ тўлиқ униб чиқа олмаслиги туфайли кўчат сони сийрак, меъёридан кам бўлиб, оқибатда ҳосил камайиб кетади.
   Уруғлар тўлиқ униб чиққунча майдонни қондириб суғориш туфайли бегона ўт уруғлари ҳам бирга униб чиқиб тез ривожланади. Шу туфайли уруғ униб чиққан даврдан кечиктирмай бегона ўтларни ўтаб йўқотиш, ўташ билан бирга ўсимлик қалин қисмидаги ортиқча ўсимликлар ҳам юлиб ташланиб, ягана қилиш лозим. Орадан 20–23 кун ўтгач ўсимликларни 2-маротаба ўтаб, ягана қилиб, режаланган маданий ўғитларни бир қисми солиниб, кейин суғорилади.
   Сабзи экилган майдонларда бегона ўтларга қарши гербицидларни қўллаш юқори самара беради. Бунда ёзги муддатда сепиладиган сабзида бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларга қарши экишгача ёки униб чиққунга қадар 50 % Гезагард гербицидидан 2–3 кг/га ёки 33 % Стомпдан 1–2 л/га ҳисобида 600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.
      Сабзини ўсув даврида яъни 3–4 чингбарг чиқарган даврида бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтлар учун 12,5 % Фюзилад супер гербицидидан 1–2 л/га ёки 20 % Набу 1,5–3,5 л/га ҳисобида пуркалади. Сабзида кўп йиллик бошоқли экинлар учун 10,4 % Зелек супер 1,0 л/га ёки 12,5 % Фюзилад супер 2,4–4 л/га ҳисобида бегона ўтларнинг бўйи 10–15 см бўлганда сепиш мумкин.
    Такроран экилган кечки карам кўчатлари тутиб олгач, сепилган сабзи, пиёз, ош лавлаги, шолғом, турп, кечки бодринг уруғлари, картошка туганаклари ердан тўлиқ униб чиққач ўсув даври давомида 8–11 кун оралатиб 500–600 м3/га меъёрда суғориб, ҳар 2–3 марта сув қўйиш орасида ўсимлик қатор ораларини 8–12 см чуқурликда юмшатиб қўйиш, бегона ўтларни йўқотиш, тупроқда нам сақланиши ўсимликлар ўсиб-ривожланиши учун қулай шароит яратади.
  Республикамиз сабзавотчилик хўжаликларида экиш муддатларига мувофиқ равишда ҳар бир такрорий сабзавот, полиз ҳамда картошка майдонларида амалга оширилиши лозим бўлган барча чора-тадбирлар яъни ўсимликларни яганалаш, ўташ, қатор ва ўсимлик ораларини чопиш, юмшатиш, маҳаллий, мадан ўғитлар билан озиқлантириш, сув беришни ўз вақтида сифатли бажариш зарур.
   Бундан ташқари экинзорда пайдо бўлаётган касаллик, зараркунанда ҳашоратларга қарши курашни ўз вақтида қўллаб тезда йўқотилиши экинлардан мўл ҳосил етиштиришга пухта замин бўлади.
   Эртаги сабзавот ва ғалла ҳосилини йиғиб олиб, ушбу майдонларга юқорида таъкидланган сабзавот, полиз ҳамда картошка экиб олиниши, ҳар бир экин майдонидан 2 маротаба ҳосил олишнинг асосий ва муҳим омилидир.
   Кечки картошкани экиш учун ерни тайёрлашда эртаги муддатдаги сингари экин қолдиқларидан тозалаб, органик ва минерал ўғитлар тавсия асосида солиниб, майдон кетма-кет 28–30 см чуқурликда ҳайдалиб, ортидан 20–22 см чуқурликда чизелланади, сўнгра бороналаш билан бирга молаланиб суғориш эгатлари олинади.
      Ер етилиб экиш механизми кириш мумкин бўлган даврда картошкани СН-4Б русумли мосламада экиш тавсия этилади. Истемол учун етиштириладиган картошка уруғлари 70х25х30 см ёки 90х20х25 см оралиқда экилади. Уруғ тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра, 1–2 марта суғорилади.
    Суғоришдан сўнг ўса бошлаган бегона ўтларни тўрсимон борона ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Шундан сўнг КРН-2.8А русумли юмшатгич ёрдамида майдондаги ўсимликлар биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб кейин тўйинтириб суғориш тавсия этилади.
   Иккинчи комплекс ишлов бериш (1-дан кейин) 25–28 кун ўтган ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади, яъни эгат ва ўсимликлар оралари юмшатилади. Фосфорли ўғитни қолган 25%, азотли ўғитни қолган 50% аралаштириб берилади ва қондириб суғорилади. Дастлаб 2–3 суғоришда гектарига 500–600 м3 меъёрида сув берилади, жаъми 10–12 марта суғорилади.
    Ёзги муддатларда картошканинг маҳаллий Сарнав, Умид–2, Пском ҳамда хорижнинг Аринда, Курода, Кондор, Марфона, Пикассо, Санте каби дурагайларини экиш тавсия этилади. Кечки карам кўчати июнь-июль ойларида, яъни ҳаво ҳарорати 35–40, тупроқники эса 50, ҳатто 60 оС бўлган пайтларда ўтқазилади. Кечки (оқбош) карам СКНБ-4 экиш механизми ёрдами билан 70х40 ёки 90х30 см схемада экилади.
  Карам ўсув даврида 13–14 марта суғорилади. Оқбош карамнинг Тошкент–10, Термиз–2500, Ўзбекистон судьяси, Ўзбекистон–133 каби навларни экиш тавсия этилади. Ёзги сабзи экишнинг энг қулай муддати 10 июндан 10 июлгача бўлиб, бу муддат минтақаларга қараб 10–15 кунга фарқ қилади. Сабзи уруғлари СОН-2.8, СКОН-4.2, СММ-4 сеялкаларида 1,5–2 см чуқурликка экилади. Экиш оралиғи 52х8, 62х8 см.
    Сабзи уруғи экиб олингач, майдонлар қондириб суғорилиши керак. Уруғ тўлиқ униб чиққач, унган бегона ўтлар ўтаб йўқотилиши, шу билан бирга ягана қилиш лозим. Орадан 20–30 кун ўтгач ўсимликни 2-маротаба ўтаб, ягана қилиш тадбири такрорланади. Ёзги сабзи ўсув даври давомида ер ости сувлари жойлашишига қараб 10–14 марта суғорилади. Суғориш меъёри 400–500 м3/га. Экиш учун сабзининг Мирзойи сариқ–304, Мирзойи қизил–228, Мушак–95, Нурли–70 навлари тавсия этилади.
     Р.Ҳакимов, Ф.Ғаниев, М.Холдоров,Ф.Расулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech