Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Жаннатмакон диёримизда айни кунларда гилос, ўрик, олча, олма ва нокнинг эртанги навлари, малина ва қорағат мевалари ғарқ пишиб етилмоқда. Пишган меваларни пешма-пеш териб, халқимиз дастурхонига етказиш зарур.
   Аммо, айрим боғларда меваларнинг кўплигидан ҳосилнинг бир қисми тўкилиб кетиши кутилмоқда. Бу меваларни нобуд қилмасдан, қуритиш зарур. Эртаги ўрик навлари асосан истеъмол учун ишлатилса, ўртаги ва кечки Арзами, Исфарак, Хурмои, Юбилейный Навои каби навларнинг мевасини қайта ишлаш учун саноат корхоналарига (шарбат, мураббо ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашга) юбориш мақсадга мувофиқ.
  Гилос меваларини тўлиқ пишишидан 7–8 кун олдин териб, хорижга экспорт қилиш мумкин. Тўлиқ пишган мевалари истеъмол қилишга ҳамда ундан мураббо, шарбат тайёрлашда фойдаланилади.
   Олманинг эртаги Жонақи, Старк Эрлист, Ҳосилдор, Қизил тарам олма, нокнинг эртаги Сари гўзал, Салом–2 навларининг пишиб етилган меваси истеъмол учун ҳамда экспортга жўнатилади.
    Малина ҳамда қорағат мевалари ҳам июнь ойида тўлиқ пишиб етилиши боис уларни асосан истеъмолга ҳамда мевасини қайта ишлаб, мураббо, джем, шарбат тайёрлаш мумкин.
   Бунинг учун малина ва қорағат мевасини эзиб, 1 кг мевасига 1,5 кг шакар қўшиб, аралаштириб қўйилса, бундай маҳсулот 1 йил давомида яхши сақланади. Уни йил давомида истеъмол қилиш мумкин. Институтимиз олимлари томонидан меваларни сифатли қуритишда ярим очиқ йиғма палаткалар ташкил қилиб, меваларни ушбу палаткаларда қуритиш тавсия қилинмоқда. Ушбу палаткаларда қуриган меваларнинг тозалиги ва тез қуриш сифати оддий усулда қуритилганга нисбатан юқоридир.
  Боғларимизда меваларнинг тўкилиши, турли касаллик ва зараркунандаларнинг ривожланиши кузатилмоқда. Бу мавжуд ҳосилнинг бир қисмини йўқолишига сабаб бўлади. Бунинг асосий сабабларидан бири боғларда тупроқ таркибида озуқа моддаларининг етишмаслигидир. Мева тўкилишининг олдини олиш мақсадида, азотли ўғитлардан аммиак селитраси (120–200 кг/га) ёки карбамид (100–120 кг/га), аммофос (100 кг/га) ва калий ўғити билан қўшимча озиқлантириб, шарбат усулида суғориш яхши натижа беради.
  Органик ўғитлар билан озиқлантирилса, ҳосилни сақлаб қолишга имконият яратилади. Бунинг учун боғ-токзорларнинг юқори қисмида сув келадиган йўлда чуқур ковланиб, гўнг солинади ҳамда сув билан аралаштириб оқизилади.
     Ҳосилли боғларни суғориш учун боғ қатор ораларини бир-биридан 80 см оралиқда 4–5 та 22–24 см чуқурликда ариқлар олиниб, сув 1–1,5 кун давомида тупроқ тўлиқ захлагунча жилдиратиб оқизиб қўйилади. Бунда битта суғориш миқдори оғир соз тупроқларда гектарига 700–800, шағалли, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3 бўлиши керак.
   Боғларда меваси кўп бўлган дарахтларга шохлари синиб кетмаслиги учун тирговучлар қўйиш тавсия этилади. Боғларда касалликлардан клястероспориоз, парша, ун шудринг, айниқса, монилиал куйиш (монилиоз), зараркунандалардан олма қурти, ширалар, нок бургаси (медяница) кучли ривожланиши кутилмоқда.
    Олма, нок ва олхўри қурти ва нок шира бургасига қарши июнь ойининг 2-ярмида 10–15 кун оралатиб, боғларга кимёвий ишловлар берилиши керак. Бу тадбир мева боғларида мевахўр қуртларнинг 2-наслига қарши бўлиб, олмалар гуллаб бўлганидан 45–47 кун ўтгач бажарилади.
   Шу муддатларда ҳосилли олма, нок ва олхури боғларида қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос (100 л сувга 200–300 г ҳисобида), Циперфос (100 г) ёки Децис, Суми-альфа (50 г) Карате, Талстар, Циракс (30–40 г) ёки Фуфанон (100 г).
   Жорий йилда монилиоз касаллиги кўпайиши кузатилса, бунинг учун Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмасини пуркаш яхши натижа беради. Июнь ойи бошларида ёғингарчилик бўлса, ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтларини юқорида қайд қилинган клястероспориоз, барг бужмалоқлиги ва ун шудринги каби замбуруғли касалликларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси ёки намланувчи олтингугуртни такрор пуркаса бўлади.
   Кимёвий препаратларни қўллаш билан бир қаторда дарахт атрофини ағдариб чопиш, уруғли мева дарахтларининг тана ва она шохларига тутқич белбоғлар боғлаб, ҳафта ўн кун ичида тушган қуртларни йўқотиш, тушган меваларни териб олиш каби ишлар бажарилиши лозим. Жорий йилда республикамизнинг барча минтақаларида катта майдонларда янги боғ-токзорлар ташкил этилиб, эски боғ-токзорлар қайта таъмирланмоқда. Янги экилган кўчатларни бехато ва тўлиқ кўкариши, илдиз олиши, яхши ўсиб-ривожланишига эътиборни кучайтириш зарур.
  Бунинг учун июнь ойида янги экилган кўчатлар икки-уч маротаба суғорилиши ҳамда ҳар суғоришдан сўнг эгатлар ва дарахт атрофини юмшатиш керак. Интенсив боғларда кўчатларнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун июнь ойида кўчат атрофига иккинчи марта 100–120 г. дан азотли ўғит солиш яхши натижа беради.
   Томчилатиб суғориладиган интенсив боғларда барча озиқалар (минерал ўғитлар) сув орқали берилса, ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги ортади. Сурхондарё вилоятида узумнинг эртаги Сурхак китабский, Чиллаки ва бошқа навлари пишиб етилади. Ушбу навларни пешма-пеш териб, аҳоли истеъмоли учун юбориш ҳамда маълум бир қисмини хорижий мамлакатларга экспорт қилиш ҳам мумкин.
  Ушбу ойда энг асосий ишлардан бири бу – шўра ҳамда ғўра ҳомтокларни ўз вақтида ўтказилишига эътиборни қаратишдир. Шўра ҳомтокдан сўнг орадан 15–20 кун ўтгач ғўра ҳомток бошланади. Токзорларда ток туплари ёнидан чиққан бачки новдалар олиб ташланади.
   Ток тупларида шўралар ривожланади, юқори ҳосил олиш учун ҳар гектар майдонга 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий ўғити билан қўшимча озиқлантирилиб, суғорилади. Тозорларда технологик тавсияларга биноан май ва июнь ойида оидиум (кул касаллиги), антракноз ва мильдю касалликларига қарши 8–10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (25–30 кг/га) чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, ўтказилаётган тадбиримиз самарадорлиги ошади.
   Кичик майдондаги ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллаш имкони бўлмаса Вектра, Топаз, Титул (10 л сувга 3–5 г) ёки Топсин (10 г), томорқа шароитида калий перманганати (марганцовка) 5 г ёки 10 л сувга 50 г ҳисобидан кир содаси эритмасини қўллласа ҳам бўлади. Ток тупида асосий ва бачки новдалар қалинлашиб кетса, намлик юқори бўлишига сабаб бўлади ва замбуруғли касалликларни ривожланишига олиб келади.
     Бачки новдаларни олиб ташлаш тадбири албатта бажарилиши шарт. Шу билан биргаликда ортиқча новдалар ҳам олиб ташланади. Шундан сўнг новдалар боғланади. Токзорларда ҳомток ўз вақтида ва сифатли бажарилса, касалликларнинг ривожи сусаяди ва унинг ҳисобига кимёвий ишловлар сони камаяди, самараси эса ошади.
  Бунинг учун июнь ойининг иккинчи ярмида ўтказиладиган ғўра ҳомтогини ниҳоятда сифатли ўтказиш ва новдаларни яхшилаб кун тушадиган қилиб тараб боғлаш зарур. Бу тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, боғ ва токзорлар ҳосилдорлиги сақлаб қолинади. Айрим фермер хўжаликларининг боғ ёки токзорларида кейинги йилларда девпечак (кускута) тарқалиш ҳоллари кузатилмоқда. Бундай ҳолда ток туплари ва мева дарахтлари девпечак пояларидантозаланиб, боғ ва токзордан ташқарига олиб чиқиб куйдириб ёки чуқур қазиб кўмиб ташланади.
  Суғориш тармоқлари атрофида тарқалиши кузатилса, девпечак уруғлагунга қадар пуркаш йўли билан йўқотилади. Бунда аммиак селитраси 10 л сувга 1,5 кг ҳисобида ёки карбамид 1 кг ҳисобидан эритилиб жиққа ҳўлланиб пуркалади. Юқорида тавсия этилган агротехник тадбирлар ўз вақтида тўлиқ бажарилса, жорий йилда ҳам боғ-токзорлардан мўл ва сифатли мева-узум етиштиришга эришилади.
     Р.Абдуллаев, М.Исроилов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech