Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Мамлакатимизда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда такрорий экинлар, жумладан, кунгабоқар етиштириш халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш имконини беради.
   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 31 октябрда қабул қилинган «2012–2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилда 35 минг гектардан зиёд майдонда такрорий кунгабоқар етиштириш белгиланган.
    Бунда кунгабоқарнинг серҳосил, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли «Душко» дурагайи ҳамда «Жаҳонгир», «Бузулук» ва «КК–1» навлари экилиши режалаштирилмоқда. Кунгабоқардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз:
     Донли экинлардан бўшаган ерлар бегона ўтлардан тозаланади. Агар ер қақраб қолган бўлса, ҳайдашдан олдин 600–900 м3/га сув миқдори билан суғорилади.
     Ер етилиши билан 30 см чуқурликда ҳайдалади. Ер ҳайдалишидан олдин фосфор ва калий ўғити йиллик меъёрининг 100 фоизини солиш тавсия қилинади. Ерга ишлов беришда тупроқ текислигига ва экиладиган уруғнинг бир хилда текис тушишига аҳамият бериш зарур. Экиш олди ишлов беришда зиг-заг борона билан 5–6 см чуқурликда икки марта бороналаб, мола бостирилади.
   Экин майдони бороналанганда, биринчидан янги ўсиб чиққан бегона ўтлар йўқотилса, иккинчидан ер юзидаги нам сақланади ва уруғнинг бир текис чуқурликка кўмилиши таъминланади ҳамда уруғ бир текис униб чиқишига шароит яратади.
  Юқори агротехника тадбирларидан энг асосийси, сифатли уруғнинг яхши кўкариб чиқишига сабаб бўладиган тадбирлардан бири кунгабоқар уруғини экишга тайёрлаш ишларидир.
    Экиш мумкин бўлган уруғларнинг белгиси – уларнинг уруғлик сифати, яъни лабораторияда текшириш йўли билан аниқланадиган унувчанлиги, унинг қуввати, тозалиги, хўжалик жиҳатдан яроқлилиги ва намлиги ҳисобланади.
  Кунгабоқар ҳосилдорлигини ошириш омилларидан бири уруғнинг кондицион намликда бўлишидир. Уруғининг катта ва оғир бўлиши кунгабоқар унувчанлигини тезлаштиради ва бир текисда хатосиз униб чиқади.
      Кунгабоқар уруғининг унувчанлигини ошириш омилларидан яна бири офтоб нурига иситиш йўли билан бажарилади. Бунинг учун экишга 5–6 кун қолганда кунгабоқар уруғини брезент устига 5–7 см қалинликда ёйилади ва кунига икки марта ағдарилади. Қуёш нуридан баҳра олган уруғнинг унувчанлиги ошади. Уруғ 5–7 см чуқурликда экилади, чунки ернинг намлик даражаси етарли бўлиши шарт. Агар кунгабоқар уруғи экилаётганда қуруқ ерга санчилса, унда экиш билан бирга қатор ораларидан жўяк олиниб суғориш зарур.
  Кунгабоқар униш ва вегетация даврида замбуруғли ва бактерияли касалликларга чалинади. Шулардан кўп зарар етказадиганлари – оқ чириш, қора чириш, кулранг чириш, вертициллёз, фузариоз ва саватчаларининг қуруқ чиришидир. У ёки бу касалликларнинг тарқалиши, кўпроқ экологик муҳит ва иқлим минтақаларига боғлиқ.
   Уруғни биокимёвий воситалар билан ишлов бериб экиш соғлом ва бақувват ниҳол олишни таъминлабгина қолмасдан, турли замбуруғли, вирусли касалликларга чидамлилигини оширади. Бунда уруғларни экишдан бир ҳафта олдин «Наврўз» (400 л/т), «Максим» (2 л/т), «Фундазол» (2 кг/т), «Витарос» (4 л/т) каби уруғдорилагичларнинг бири билан ишлов берилса, униб чиқишини 25–30 % кўпайтиради.
    Препаратларни эритиш суюқлик меъёри 20 л/т. ғунчалаш бошланишида «Наврўз» препаратини (40 мл/га) сепиш саватчаларнинг қуруқ чириш билан касалланишини 42–47 % камайтириб, ҳосилни 15–20 % кўпайтиришни таъминлайди.
    Кунгабоқар қатор оралари кенглиги 70–90, туплар ораси 25–30 см қилиб экилса, яхши натижа беради. Экишда пневматик сеялкадан фойдаланилганда гектарига 6–8 кг уруғ сарфланади. Ер шароитига қараб, кунгабоқар уруғининг унувчанлиги ер намининг етарли бўлиши ва тупроқнинг иссиқлиқ даражасига боғлиқ.
    Уруғ униб чиққандан кейин 1 м2 га 3,5–4 дона кўчат қолдириш шарти билан ягана қилинади. Унда кунгабоқар кўчат қалинлиги гектарига 35–40 минг донани ташкил қилади. Кунгабоқарнинг ўсиб-ривожланиши даврида майдонни бегона ўтлардан тозалаш, илдизларига ҳаво ўтиши учун тупроқни юмшоқ сақлаб туриш мақсадга мувофиқ. Шунда кунгабоқарнинг илдизлари яхши ривожланади, пояси ўсади, натижада саватчаси катталашиб ҳосилдорлиги ошади. Қатор ораларини культивация қилишни кунгабоқар ниҳоллари кўкариб чиққандан кейин 10–12 кун ичида ўтказиш мақсадга мувофиқ.
   Биринчи культивацияда ўртадаги ишчи органи 10–12 см чуқурликда бўлиб, икки ён томони ўсимликдан 10–12 см узоқликда, ишчи органларини 7–8 см чуқурликда ўрнатиш керак.
  Иккинчи культивацияда ўрта ишчи органини 12–14, ён ишчи органларини эса 8–10 см чуқурликда ўрнатиш мақсадга мувофиқдир.
   Учинчи ва кейинги культивацияларда ўсимликдан 6–8 см узоқликда бўлиб, ишчи органлари 6–8, ўртадагиси 12–14 см чуқурликда ўрнатиш яхши натижа беради. Культивацияларни ўтказишда тракторга ўрнатилган ишчи органлар тўлиқ бўлишини таъминлаш зарур.
   Кунгабоқардан юқори ҳосил олиш йўлларидан бири ўз вақтида тўғри талаб қилинган миқдорда минерал ўғитларни солишга боғлиқ. Такрорий экилган кунгабоқарнинг ҳар гектарига соф ҳолда 200 кг азотли, 150–200 кг фосфор ва 200 кг калийли ўғитлар қўллашни тавсия қиламиз.
    Кунгабоқар минерал ўғитларга ниҳоятда талабчан бўлиб, ўғитларни бир меъёрда текис тақсимлаш мақсадга мувофиқ. Изланишлар шуни кўрсатдики, ўсимликнинг ўсиш даврида минерал ўғитлар билан тўлиқ таъминлаб туриш юқори ҳосил гаровидир. Кунгабоқар ўсиш даврида, яъни гуллашгача энг тез ўсиб, асосий массасини йиққан даврида ўғитга талаби катта бўлади.
    Гуллашгача кунгабоқар 60 % азот, 80 % фосфор ва 90 % калий ўғитини тупроқдан ўзлаштиради. Фосфор ва калийли ўғитларнинг йиллик меъёри агрегат ёрдамида сепилади ва шудгор қилинади. Ўсиш даврида азотли ўғитлар иккига бўлиб солинади.
   Биринчи озиқлантириш кунгабоқар униб чиққандан 20–25 кундан кейин, иккинчиси кунгабоқар гуллашидан олдин берилади. Кунгабоқарни бутун ўсиш даврида сув билан етарлича таъминлаб туриш катта аҳамиятга эга. Кунгабоқар сувга талабчан ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун ўсиб-ривожланиш даврида тупроқнинг таркибида етарли нам бўлиши учун суғорилади.
  Суғоришда асосан вақти, меъёри, оқиш тезлигини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ. Биринчи суғориш жуда эҳтиётлик билан амалга оширишни тақозо қилади. Чунки, катта ҳажмдаги сув тупроққа солинган ўғитни ювиб кетиши мумкин. Шунинг учун суғорганда кам ҳажмдаги сув билан эҳтиётлик билан суғоришга тўғри келади.
     Кунгабоқарнинг илдизи олдида доимо намлик етарли бўлиши учун, кўп йиллик илмий-текширишлар натижаси асосида қабул қилинган 70-70-60 % тупроқ дала нам сиғими сақланиши, кутилган юқори ҳосилни бериши мумкин. Ўртача намликни сақлаб туриш учун иккинчи сувгача 16–21 кун ўтади. Сизот сувлари ернинг устки қатламидан 2–3 метр чуқурликда жойлашган бўз ва ўтлоқи-аллювиал тупроқ шароитида олиб борилган уч йиллик илмий изланишлар натижасида кунгабоқар уч марта суғорилди.
   Суғориш миқдори 1-1-1 схемаси асосида, биринчи суғоришга 1000–1200, кейинги суғоришларга 1200–1400 м3/га сув кетганлиги аниқланган. Умуман, кунгабоқарни экишдан то ўриб-йиғиб олгунча гектарига 3500–4200 м3 сув сарфланади.
    Кунгабоқарни суғориш биринчиси дастлабки ўсув даврига тўғри келса, иккинчиси гуллаш бошланиши олдидан, учинчиси ёппасига гуллаш ва мева тугиш даврига тўғри келади. Ер ости сизот сувлари чуқурлигига қараб суғориш миқдори аниқланади. Сизот сувлари чуқурлиги 2–3 м бўлганда 3 марта, ундан ҳам чуқурликда жойлашган ер ости сувларида эса 4–5 марта суғориш лозим.
    Куз фаслининг эрта келиши ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши ва пишиб етилишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ноқулай шароитларда жадал агротехник тадбирларни қўлламасдан юқори ва сифатли ҳосил олиш мушкул. Ўсимлик баргларини қуритиб, уни тезроқ етилишига қаратилган агротехник чора – дефолиациядир.
   Кунгабоқар гуллаганига 30–35 кун бўлганида 10 л Хлорат магний дефолиантига 25 кг/га карбомид қўшиб сепилганда 7–8 кундан сўнг ўсимлик барглари 100 % қурийди. Десикациядан сўнг ўсимлик саватчалари касалликка чалинмай 10–15 кун вақтли пишиб етилиши натижасида ҳосилни кузги ёғингарчиликдан олдин комбайн ёрдамида сифатли йиғиб олиш имкони яратилади.
   Тажрибаларимизда аниқланишича, дефолиация кунгабоқар ҳосили, сифати ва мой миқдорига салбий таъсир кўрсатмайди. Кунгабоқарнинг мева тугиш вақти гуллаш давридан бошланиб, уруғининг намлиги 35–40 % бўлганда етилади. Бу ҳолат физиологик етилиш дейилади. Кунгабоқар қуриши, намлиги йўқолиши донининг қуришига олиб келади, бу ҳолатда 18–20 фоизгача намлик камаяди ва ўрим-йиғимга киришилади.
   Ҳосил мослаштирилган Класс-Доминатор ва бошқа дон комбайнларда йиғиб олинади. Унчалик катта бўлмаган дала майдонларидаги кунгабоқар қўлда ўриб-йиғиб олинади. Катта майдондагиси эса дон комбайнларида йиғиштириб олинади. Кунгабоқар саватчалари қуригандан кейин махсус молотилка ва дон тозалагичларда уруғи ажратиб олинади.
   Кунгабоқарни такрорий экин сифатида экадиган фермер ва деҳқончилик хўжаликлари илмий асосланган парваришлаш технологиясини қўллашса гектаридан 20–30 центнергача ҳосил олиш имкони яратилади.
    Т.Азизов, И.Анорбоев, С.Тўхтаева




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech