Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омиллардан бири уруғчиликдир. Шу боис мамлакатимизда қишлоқ хўжалик экинлари, жумладан, ғалла уруғчилигини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу борадаги барча ишлар 1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Уруғчилик тўғрисида"ги Қонуни асосида амалга оширилмоқда.
  Юқори авлодли уруғликлар якка-оилавий танлаш ва ёппа танлаш усулларида етиштирилади. Барча уруғчилик ишлари юқори агротехника шароитида олиб борилади. Етиштирилган уруғлик навдорлиги ва экувчанлик сифати бўйича давлат андозалари талабига жавоб бериши шарт.
   Қабул қилинган уруғчилик тизими асосида янги нав яратилиб экишга тавсия этилгандан кейин у навларни навдор уруғлари уруғчилик ишларини бошлаш учун кўпайтириш кўчатзорларидан биринчи навбатда нав яратган илмий муассаса ва унинг филиаллари, тажриба хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги тажриба станциялари ҳамда вилоятларда тендер танлови асосида танланган уруғчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига берилади.
   Юқорида келтирилган муассасалар ғаллачилик хўжаликларини нав алмаштириш, нав янгилаш учун керакли бўлган талаб даражасидаги cуперэлита, элита ва 1-авлод уруғликларини етиштиради. Республикамиздаги уруғчилик хўжаликларини талаб даражасидаги уруғлик билан таъминлаш қийин, шундай қилинмас экан яна четдан қиммат нархларда уруғ олиб келишга тўғри келади.
     Бу масаланинг яна бир ечими бор. Илмий-тадқиқот институтлари ва унинг вилоят филиаллари ер майдонларини кенгайтириш ва у ерда ғалла элита уруғчилик хўжалиги ёки уруғчилик бирлашмасини ташкил этишдан иборат.
    Республикада бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги бўйича олиб борилаётган тадқиқот ишларида бирмунча ютуқларга эришилган бўлсада, бу соҳани янада яхшилаш учун қуйидаги вазифалар ва таклифларни амалга ошириш зарур:
   1. Республикада ғалла экинлари, жумладан, бошоқли дон экинлари уруғчилик тизими асосида сара навдор юқори авлодли уруғлик етиштиришни илмий асосда ташкил этиш ва уруғлик экиладиган майдонларини қатъий белгилаш. Республикада экиладиган ғалла майдонларига талаб этиладиган уруғликни авлодлари бўйича экиладиган майдонлари ва тайёрланадиган уруғлик миқдорини илмий асосда тўғри белгилаш мақсадга мувофиқ.
    2. Республикада ягона ғалла уруғчилик тизимини тўғри йўлга қўйиш лозим. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг рухсатисиз ҳар хил ташкилотлар ва бошқа шахсларни ғалла уруғчилигига аралашишига чек қўйиш керак.
  Fалла уруғлиги сертификатланган ер майдонларига экилгандан то уруғликни ўриб йиғиштириб олганга қадар у майдонлар доимо назоратда бўлиши шарт. Бундай уруғлик майдонлари вазирликнинг соҳага оид олим ва мутахассислари томонидан ўсув даври давомида 2–3 марта дала кўригидан ўтказилиб, ғалла бошоқлагандан кейин 2 марта нав тозалиги, яъни асосий навни бегона навлардан тозалаш ишларини ўтказгандан кейин, у майдонларни уруғликка олиш мумкин. "Ўздавуруғ-назоратмарказ" мутахассислари ушбу майдонлар ҳолати ва уруғликка яроқлилиги ҳамда уруғлик кондициясига етказиш жараёнларини вазирлик мутахассислари ажратган майдонларни дала кўригидан ўтказишлари лозим.  Шундагина етиштирилган ғалла уруғлик ҳажи аниқланади.
   3. Бирламчи ғалла уруғчилиги билан фақат Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг вилоятларда жойлашган филиаллари ҳамда рухсат этилган илмий муассасаларда шуғулланиши керак. Fалланинг бошланғич уруғчилиги Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг филиалларидаги олимлари назорати остида олиб борилади.
   4. Fалланинг суперэлита, элита ва 1-авлод уруғликлари билан эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Fаллачиликни ривожлантириш бошқармаси, ғалла уруғчилик бўлими ва унинг кўрсатмаси асосида Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларининг ғаллачилик бўлимлари назорати остида уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари шуғулланиши керак.
    5. Республика бўйича ғалла уруғчилигининг ягона ҳисоботини юритиш, Республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Fаллачиликни ривожлажлантириш бошқармаси, ғалла уруғчилик бўлими раҳбарлигида илмий-тадқиқот институти, "Ўздавуруғназоратмаркази", Республика қишлоқ хўжалик экинлари Давлат нав синаш комиссияси, Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Fалла уруғчилик бўлимлари, авлодли уруғлик етиштирадиган фермер хўжаликларида амалга оширилиши керак.
   6. Экишга тавсия этилган ва истиқболли навлар уруғчилигини йўлга қўйишда ҳар бир минтақага мос келадиган навлар уруғчилиги билан шуғулланиши лозим.
   7. Минтақаларда ғалла уруғлиги ўрим-йиғим даврида нав софлигини сақлаш мақсадида, махсус уруғлик ўрадиган комбайн отрядларини тузиш. Ушбу отрядларга бириктирилган раҳбарларни ўрим-йиғим олдидан ҳар бир нав ва авлодлар ўрими бошлашдан олдин комбайн ва ташиш техникаларини яхшилаб тозалаш ишлари бўйича 1 кунлик махсус ўқув курсини ўтказиш лозим. Шундагина юқори сифатли уруғлик етиштириш мумкин.
   Бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилигини яхшилаш бўйича соҳа мутахассислари олдидаги вазифалар:
   - буғдой селекциясининг маҳсулдорлиги ва дон сифати юқори янги навларни яратишга қаратиш;
   - экишга тавсия этилган ва истиқболли буғдой навлари уруғчилик тизимини илмий асосда ташкил этиш;
  - ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароитига қараб навларни жойлаштириш;
  - ҳар бир минтақада экишга тавсия этилган навларнинг минтақавий агротехникасини ишлаб чиқиш;
  - ғалла етиштириш жараёнидаги агротехника тадбирларини, хусусан азотли озиқлантириш режимини бошқариш йўли билан суғориладиган шароитда дон ҳосили ва сифатини яхшилаш усулларини ишлаб чиқиш ҳамда уни ишлаб чиқаришга тавсия қилиш;
   - ҳозирда илмий муассасаларда жуда кўп навлар яратилиб Давлат нав синаш комиссиясига топширилмоқда. Давлат нав синовидан ўтаётган навлар сони жуда кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун синовга берилаётган нав ҳозир экилаётган навлардан ҳосилдорлиги, сифат кўрсаткичлари ва бошқа кўрсаткичлари билан устун бўлгандагина синовга топширилиши зарур;
  - экишга тавсия этилган ва истиқболли навлар уруғчилигини йўлга қўйишда ҳар бир минтақага мос келадиган навлар уруғчилиги билан шуғулланиши лозим. Шундагина юқори сифатли уруғлик етиштириш мумкин;
  - ҳар бир вилоятда бирламчи уруғчилик ишларини охирига етказиш ва ҳар бир вилоятнинг ўзида керакли уруғлик етиштиришни йўлга қўйиш.
   Юқоридаги масалалар ўз ечимини топишида республикамизда барча имкониятлар мавжуд, шу имкониятлардан оқилона фойдалансак келгусида янада мўл ва сифатли дон етиштиришга эришамиз.
    Р.Сиддиқов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech