Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2013 00:00
Жорий йилги мураккаб об-ҳаво шароитида пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда пахтакорларимиз ҳар бир кунни ғанимат билиб, барча агротехник тадбирларни жадаллаштиришлари зарур. Ўсимликнинг жадал ривожланишида, қатор ораларига ишлов бериш катта аҳамиятга эга.
  Июнь ойида ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор бериш керак. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда 5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 20 та наралник, агар ўт босган дала бўлса, 20 та наралник ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, иш органлари камида 33 та бўлиши, қатор ораси 90 см бўлганда, 5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 24–26 та наралник, бегона ўт тарқалган майдонда 8 та пичоқ, 24–26 та наралник ўрнатилиб, камида 37–39 та ишчи орган бўлишини таъминлаш керак.
   Бундан ташқари чигит эрта экилган (1–15 апрелгача) майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, кеч экилган ёки сел ва дўл таъсирида қайта экилган, нами юқори бўлган майдонларда ниҳолларни шикастлантирмаган ҳолда ишлов бериш лозим. Қатор ораси 90 см экилган майдонларда ўртадаги ишчи органлар чуқурроқ ўрнатилса, намликнинг тез буғланишига олиб келади.
    Fўза қатор орасига ишлов беришда биринчи ва иккинчи культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (20–25 см) юмшатишни амалга ошириш бу йилги шароитда яхши самара беради. Бу агротадбир тупроқ остки қаватидаги намликнинг тез буғланиши ҳамда тупроқ таркибига иссиқ ҳаво кириши натижасида, ўсимлик илдиз тизимининг бақувват ривожланишини таъминлайди.
    Нами кам тупроқларда эса чизель-культивация қилиш тупроққа кўпроқ нам тўпланишини таъминлайди. Fўза қатор ораларига кечиктириб ишлов бериш натижасида ўсимликнинг озиқланиш тизими бузилади, бегона ўтлар зарари кўпаяди, ёш ниҳоллар илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланади, далага қўйилган сувнинг 50 фоизи беҳуда исроф бўлади.
   Агар муддатидан эрта ўтказилса, тупроқдаги нам юқори бўлганлиги сабабли, тупроқ кесакли бўлиб кўчади, натижада тупроқ майин ҳолга келмай нам тез буғланади. Шунинг учун тупроқнинг етилган пайтида культивация ўтказилади. Зарур бўлганда тупроғи етилган ерларда танлаб культивация қилиш керак. Культиватор тўлиқ жиҳозлаб табақалаштирилган ҳолда ўтказиш, бунда ККО иш органларидан кўпроқ фойдаланиш керак.
   Эгатларни ҳаддан ташқари чуқур ишлов бериш натижасида тупроқни кўпроқ ағдариш, илдизларни шикаслантиришга йўл қўймаслик, далани бегона ўтлардан тозалаб туриш керак.
  Таъкидлаш керакки, суғориладиган пайкалларни ўз вақтида сифатли қилиб ишлаш сув ва ўғитнинг самарадорлигини ошириш ҳамда сув танқис бўлган ҳудудларда экинлардан юқори ҳосил олиш имконини беради. Культивация билан бирга суғориш учун жўяк олинганда биринчи сувда эгат чуқурлиги 60 см қатор оралиғида экилган далаларда 12–14, 90 см қатор оралиғида экилган майдонларда 15–18, кейинги суғоришларда ушбу чуқурлик тегишлича 14–15 ва 18–20 см. ни ташкил этиши зарур.
   ЎзПИТИ марказий тажриба участкаси ва филиалларида олиб борилган тажрибаларга кўра, Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида: Андижон–37 ғўза нави учун суғориш тартиби ЧДНС (чекланган дала нам сиғими) га нисбатан 65-65-60 %, ўғитлар соф ҳолда N190P133K95 кг/га, С-2610 нави учун тупроқ нам¬лиги ЧДНСга нисбатан 70-75-60%, ўғитлар N220P154K110 кг/га, Ўнқўрғон–1 ғўза навида тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-75-60 %, ўғитлар N220P154K110 кг/га, Оқдарё–8 навида тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-70-60 %, ўғитлар N190P133K95 кг/га меъёрда қўлланилиши тавсия этилади.
  Хоразм вилояти шароитида: ғўзанинг Хоразм–127, Парвоз, Жайхун навларини парваришлашда кўчат қалинлиги 80–90 минг туп/га, суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 65-65-60 %, маъдан ўғитларни соф ҳолда N220Р154К110 кг/га меъёрида қўллаш тавсия этилади.
  Фарғона вилояти шароитида: С-6524, ЎзПИТИ–2201, Андижон–37 ғўза навлари учун кўчат қалинлиги гектарига 100–110 минг туп, маъдан ўғитлар соф ҳолда N220P154K110 кг/га ҳамда суғориш тартиби ЧДНСга нисбатан 70-70-60 % бўлиши маъқул.
  Жиззах вилояти шароитида: Ан-Боёвут–2, Андижон–37, Ўнқўрғон–1 ғўза навларида кўчат қалинлиги 90–100 минг туп/га бўлганда тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 65-65-65 %, мавсумий суғориш меъёри 2250 м3/га. ни ташкил қилган ҳолда, ўғитлар соф ҳолда N220P154K110 кг/га меъёрда бўлиши тавсия этилади.
   Сирдарё вилояти шароитида: Ан-Боёвут–2, Андижон–37, Андижон–36 ва Бухоро–102 ғўза навларида тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-70-60 %, ўғитларни соф ҳолда N220P154K110 кг/га меъёрда қўллаш, Андижон–36, Андижон–37 ғўза навлари учун суғориш тартиби ЧДНСга нисбатан 75-75-60 %, маъдан ўғитларни соф ҳолда N190-220P133-154K95-110 кг/га меъёрларда қўллаш тавсия этилади.
   Сурхондарё вилояти шароитида: иқлимлаштирилган Бешқаҳрамон ва истиқболли Термиз–202, Сурхон–14 навидан юқори ҳосил олишда, кўчат қалинлигини 80–90 минг/га, тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-70-65 %, озиқлантиришни соф ҳолда N220Р154К110 кг/га меъёрларда қўллаш тавсия этилади.
  Ниҳолларнинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда карбомид суспензияси билан бирга Гумимакс, Эдагум, Фитовак ва бошқа стимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради. Барг сатҳига тушган суспензия, ўсимлик тўқималарига сўрилиб, ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини яхшилайди, фотосинтез жараёни жадаллашади, натижада сўрувчи ҳашаротларга бардошлиги ортади, ҳосилдорлик ошади ва ҳосилнинг пишиб етилиши тезлашади.
   Барг орқали озиқлантирилган майдонлардаги ғўзанинг ривожланиши суспензия сепилмаган майдонларга нисбатан 3–5 кунга тезлашади. Суспензия ғўзанинг 4–5 чинбарг даврида сепилганда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 8 кг карбомид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб яхшилаб аралаштирилади. Аралашма бир гектарга сепилади.
   Шунингдек, «Самарқандкимё» ОАЖда ишлаб чиқарилаётган тайёр ҳолдаги суюқ ўғит фосфорли суспензиялаштирилган суюқ селитра (ФССС) ўғитини гектарига 14 литр ёки «Максам-Чирчиқ» корхонасида ишлаб чиқарилаётган КАС (карбамид-аммиакли селитра-30% N) ўғитини 7 л/га меъёрда ишлатиш ҳам мумкин.
    Суспензияни сепишда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган оналик (маточный) эритмаси қуйилиб, яхшилаб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритмаси қўлланилади. Кейинги суспензия ривожи орқада қолган майдонларда ғўза гуллаш даври бошида сепилади.
    Бунда гектарига физик ҳолда 10 кг карбомид ишлатилади ёки ФССС ўғитини гектарига 21, КАС ўғитини 9 литр меъёрда ишлатиш яхши самара беради. Суспензия билан ишлов беришда Фитовак (200–300 мл/га), Гумимакс (0,15–0,20 л/га) сингари стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиб-ривожланишига ижобий таъсири янада ортади.
    Минерал ўғитлардан унумли фойдаланишни Нарпай тумани фермер хўжаликларида бир неча йиллардан буён амалга оширилиб келинаётган ғўзани шоналаш даврида бир марта озиқлантириш тажрибаси эътиборга молик.
  Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ажратилган минерал ўғитлар ғўза шоналаш даврида ўсимликнинг 14–16 см ёнига ва 15–17 см чуқурликка солинади. Тупроқ унумдорлиги паст айрим ерларда ҳамда механик таркиби енгил қумлоқ тупроқларда ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 30–50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 55–90 кг калий хлоридини ташкил этади.
  Fўзанинг шоналаш даврида (60 см қатор ораларида) ўғитларни ўсимликнинг 20–22 см ёнига, 12–14 см чуқурликка берилади. Fўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (амми¬акли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади.
    Гуллаш даврида эса қатор оралари ўртасига (60 см қатор ораларида) 12–14 см чуқурликка солинади. Агар ғўза қатор оралари 90 см бўлса, шоналаш даврида 60 см. ли қатор оралиғидек, гуллаганда эса ўғит ўсимлик қаторидан 30–35 см ёнига 12–14 см чуқурликка солинади.
  Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак. Агар бундан кечикса, ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.
  Fўзани озиқлантиришда минерал ўғитлар тупроққа культиватор ўғитлагичлар КРХ-3,6; КРТ-4 (қатор ораси 90 см), КРХ-4 (қатор ораси 60 см ) ёрдамида солинади.
    Fўзани суғориш технологиясига алоҳида аҳамият берган ҳолда суғориш муддати ва меъёрларини ҳудуднинг сув билан таъминланганлиги, тупроқнинг хусусияти ва сизот сувлари чуқурлигини қатъий ҳисобга олиб белгилаш лозим. Бу шартлар ғўзанинг бир маромида ўсишини, эртаги ва мўл ҳосил олинишини таъминлайди.
   Суғоришда ғўзага бир мартага етарли сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиб, жўяк чуқурлиги 60 см, қатор оралиғида 16–18, 90 см қатор оралиғида 18–22 см. ни ташкил этиши лозим. Акс ҳолда, ғўзага талаб қилинадиган сув таъминоти етарли бўлмайди. Бу ўз навбатида ўсимликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
    Ҳар суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан, кесак ҳосил қилинмай майин культивация қилиниши керак. Бу тупроқда тўпланган намликни узоқ муддат сақлашга имкон беради. Суғориш тартиби ва унга боғлиқ бўлган суғориш техникаси сувдан режали фойдаланишнинг асоси ҳисобланади.
     Ҳар бир вилоятда тупроқ тури, ер ости сувлари жойлашувини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик экинларини суғориш графигини тузиш ва ҳар 15–20 гектарга 4–5 кишидан иборат сувчилар гуруҳи белгиланиб, сувни исроф этмаслик учун оқовасиз суғоришни таъминлаш керак.
   Шўрланган, ер ости сувлари яқин жойлашган ҳудудлар нисбатан кам бўлса-да, аммо ер ости сатҳи 1,5–2 м чуқурликда жойлашган майдонлар мавжуд. Ана шундай майдонларда ғўза навларидан қатъий назар шоналаш давригача суғормаслик керак.
  Суғоришга сарфланадиган сув миқдори енгил (қумли ва қумоқ) тупроқларда ғўза гуллаганга қадар гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда ғўза гуллагунга қадар 700–800 м3 атрофида белгиланади. Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14 соатдан ошмаслиги керак.
      Ер ости сувлари сатҳи 0,5–2 метргача бўлган тупроқларда сув миқдори 10–15 % камайтирилади. Тупроқ қуриб қолмаслиги учун эгатларни очиш суғориш арафасида амалга оширилиши муҳимдир. Эгатлар узунлигини қисқартириш йўли билан далаларнинг бир текис намланиши ва сувдан тежамли фойдаланишга эришиш мумкин.
   Шуни ҳисобга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 см бўлганда эгатлар узунлиги 60–70, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 80–90, қатор оралари 90 см бўлган пайкалларда эса тегишли равишда 80–90 ва 90–100 метрдан ошмаслиги керак. Қатор оралари 60–90 см ва катта нишабга эга бўлган ғўза пайкалларида суғоришларни барча эгатлар орқали, қолган жойларда бир жўяк ташлаб (қатор оралатиб) суғориш мақсадга мувофиқдир.
    Эгат оралатиб (жўяк ташлаб) суғориш жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу юқори ҳосил олиш ва сувни тежаш имконини беради. Сувдан самарали фойдаланишда суғоришни шарбат усулида ўтказиш керак.
   Шарбат усули қўлланилганда гўнг ғўзага озиқа бериш билан бирга мульча вазифасини бажаради, сувнинг буғланишини камайтиради, унинг тупроққа сингишини яхшилайди. Бунинг учун ҳар бир контурнинг сув кирадиган жойига шарбат учун хандак (ўра) қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади.
   Бунда тоза мол гўнгги, чириган гўнг ёки компостдан фойдаланиш мумкин. Суғоришда оқова сувни имкон қадар камроқ чиқаришга эришиш лозим. Оқова сувни 1–2 соатдан ортиқ чиқармасдан суғориш сувдан фойдаланиш коэффициентини оширади.
      Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech