Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Февраль – қорлар эриб, куртаклар бўртиб, қишки осойишталикдан сўнг, баҳорги уйғониш давридир. Бу даврда асаларичилар умид билан ҳаво исишини интиқиб кутишади. Агар қуёш осмонда кўпроқ туриб қолса, бодом гуллаб, дарахтлар барг ёза бошлайди, асаларичилик мавсуми бошланади.
   Баҳорнинг илк кунлари, асалариларда қишки асоратларни бартараф этиб, асалари оиласининг яхши ривожланиши учун қулай шароит яратиб бериш зарур. Иссиқ кунлари асаларилар қуёш нуридан исиган уяларидан ташқарига чиқишади. Бу вақтда асаларичи диққат-эътиборини ҳар бир оилага қаратиши лозим.
    Асаларилар учишига қараб, уларнинг ҳолатини билиш мумкин. Қишни яхши ўтказган оила бир текис учади. Оила қанча кучли бўлса, учаётган асаларилар сони шунчалик кўп бўлади. Баъзи сабабларга кўра, нохуш қишлаган оилаларда қуйидагиларни кузатиш мумкин:
   1. Қорни шишган асаларилар уядаги учиш тахтачасига чиқиши билан бўшалади – бу, оила қишда намгарчиликка, сифатсиз озуқадан ёки нозематоздан азият чекканнини билдиради.
   2. Асаларилар учиши суст, кам миқдорда бўлса – бу, оила кучсиз ёки очлигини билдиради.
    3. Агар асаларилар уядан чиқиб ўрмалаб юрса, яхши учмаса, уяга қулоқ солганда тартибсиз шовқин чиқса, демак, бу оилада она асалари йўқлигидан дарак беради.
  Асаларичи суст учган асалари оилаларни назоратга олиб қўйиши, бошқа оилаларнинг учишини кузатиб, “Асаларичи” журналига қайд этиб бориши мақбул. Кузатув муаммо сабабларини ўрганишга ёрдам беради. Нохуш оилаларга тез ёрдам бериш. Етарли ва сифатли озуқа билан қишлаган асалари оиласи кучли бўлади, уларга тез ёрдамнинг кераги бўлмайди. Бундай ёрдамни қишни яхши ўтказмаган, муҳтож асалари оилаларига бериш зарур. Уларга тез ёрдамни биринчи учишидан сўнг дарҳол кўрсатиш керак.
    Озуқаси йўқ асалари оилаларига захирадан асалли рамкалар берилади. Агар асаларилар очликдан ҳолсизланиб қолган бўлса, илитилган асалли қиём сепиш керак. Асалари оиласини кўздан кечириш. Мақсад, асалари оилаларининг умумий ҳолатини билиш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш режаси тузилади.
   Асалари оиласини кўздан кечиришда қуйидагилар аниқланади:
  1. Оила кучи – асаларилар нечта рамкада ўтирибди?
 2. Озуқа миқдори.
 3. Асалари уясининг умумий ҳолати – намлиги, пўпанак, ичкетди қолдиқлари.
  Қиём бериш усуллари. Мамлакатимиз шароитида қиёмни, кунлар исиб, асалари ғужи тарқалаётган пайтда, уянинг устки охурчаларида берилади. Қиём узоқ ва иссиқ сақланиши учун, асалари оиласини иссиқ ўраш керак. Қиёмни, 2 қисм шакарга 1 қисм сув ҳисобида тайёрлаб, унга сирка ёки лимон (0,3%) кислотаси ёки бошқа даволовчи дорилар қўшиб берилади.
  Асаларининг тозалов парвози. Қишлов давомида асалариларнинг орқа ичакларида йиғилиб қолган ахлатдан тозаланиб олишлари зарур. Бунинг учун асаларилар, жуда паст ҳароратда (4 °С) ҳам учиб чиқишлари мумкин. Яхши оилада асаларилар биргаликда, кўп миқдорда учиб чиқади ва 40–50 дақиқадан сўнг парвоз ниҳоясига етади. Яхши қишлаган оила асаларилари одатий юмушларига киришади – сув ташийди, инчаларни тозалайди ва нобуд бўлган асалариларни таш¬қарига олиб чиқариб ташлайди.
  Баҳор келиши билан уяда кечадиган жараёнлар. Баҳор келиши билан асаларилар оиласида насл парваришига киришилади. Она асалари илк тухумни январдаёқ қўяди. Оилада наслни пайдо бўлиши, оила аҳволини сезиларли даражада ўзгартиради. Уя марказида, наслли ромларда доимий 34–35 °С ҳарорат сақлаб турилади, бунинг учун асаларилар қишловга қараганда икки баробар кўп озиқа сарфлайди.
 Асалари уясини баҳорда иситиш. Баҳор ҳавоси паст ва жуда ўзгарувчанлиги сабабли, уянинг насл жойлашган қисмида доимий юқори ҳароратни сақлаб туриш учун асаларилар кўп куч ва озиқа сарфлайди. Бу асалари оиласи ҳаётидаги энг тиғиз пайт ҳисобланади. Шунинг учун баҳорда оиладаги фақат асаларилар тўлиқ эгаллаган ромларни қолдириш ва тўсқич ортига заҳира сифатида 1–2 ром асал қўйиш тавсия этилади.
   Баҳордаги илк назорат. Асалари оиласини тўлиқ кўздан кечириш ва уяни тафтишдан ўтказишни соядаги ҳарорат 12 °С дан кам бўлмаганда амалга ошириш мумкин. Совуқ ва шабада эсган пайтда кўздан кечириш, уянинг совиб қолишига ва асалари наслини музлашга олиб келади. Уядаги бўш, асалари ўтирмаган ромлар олиб ташланади, уя туби нобуд бўлган асаларилардан тозаланади.
 Асаларилар парвози якунлангандан сўнг, барча уялардаги учиш туйнуклари торайтирилади: кучли оилаларда 5–6 см, ўртача оилаларда – 3–4 см. гача. Жуда кучсиз, хасталанган оилаларда эса туйнук кенглиги 1 см. дан (1–2 асалари ўта олиши учун) ортмаслиги керак.
   О.Тўраев, Ё.Шукуров, Т.Ибрагимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech