Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантиришда чорва молларига мустаҳкам озуқа базасини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ерлардан унумли фойдаланиш, озуқа экинларидан юқори ҳосилдорликка эришиш чора-тадбирларини кўриш зарур.
  Озуқа базасини мустаҳкамлашда озуқабоп экинлар уруғчилиги тизимини тўғри йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Республикадаги 257 та озуқабоп экинлар уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликларида экинларнинг юқори авлод уруғларини агротехник тадбирларни қўллаган ҳолда етиштириш талаб қилинади. Бунинг учун озуқабоп экинлар навларини яратган оригинатор ташкилотлар ҳамда дон корхонларидан суперэлита ва элита уруғларни олиб, уларни махсус қоидаларга амал қилган ҳолда кўпайтиришлари ҳамда чорвачилик фермер хўжаликларига етказиб беришлари зарур.
  Беда серҳосил, оқсилга бой, таркибида чорва ҳайвонларига керакли кўплаб витаминлар мавжуд бўлган чорвачилик учун асосий озуқа экинларидан бири ҳисобланади ҳамда алмашлаб экишда ер структурасини яхшилайдиган ва ўзидан кейин экиладиган экинлар ҳосилдорлигини оширадиган манбадир. Беданинг агротехник ва мелиоратив аҳамияти ҳам катта.
  Беда экилганидан сўнг уч йил ўтгач майсалар яхши сақланганда тупроқни кўп сонли илдиз қолдиқлари билан бойитади ва илдизидаги туганак бактериялар орқали ҳар гектар ерда 600-900 кг атрофида ҳаводан сингдирилган азот тўплайди, тупроқ тузилиши, физикавий ва кимёвий хусусиятларини яхшилайди, ернинг шўрланиши, кейинги экиннинг касалликларга чалинишини камайтиради, ер унумдорлигини қайта тиклаб экинлар ҳосилдорлигини оширади. Ваҳоланки, тупроқда сунъий йўл билан шунча азот тўплаш учун ҳар гектарига 3,8–4,1 тоннадан аммоний сульфат солиш лозим бўлади.
  Март ойи бошларида энди ўсиб ривожлана бошлаган беда ўсимликларини янада яхшироқ тупланиши учун бедапоялар фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилиши ва дискаланиши зарур. Бунда фосфорли ўғитлар 90–100 кг/га, калийли ўғитлар 50–60 кг/га меъёрларда берилиши мақсадга мувофиқ, дискаларнинг қия қилиб жойлаштирилиши минимал бўлиши лозим. Шўрлаган ерларга калийли ўғитлар солинмайди. Ўсимлик 5–6 см ўсганда бедапоя фитономусга қарши рухсат этилган заҳарли химикатлар билан ишланади ва ёғингарчилик кам бўлса суғорилади.
    Янги экиладиган бедани об-ҳаво ва иқлим шароитларига қараб февраль ойининг охири мартнинг биринчи ярмида экиш мақсадга мувофиқ. Марказий ва жанубий вилоятларга беданинг Тошкент–1, Тошкент–3192, Тошкент–1728 ва Тошкент–2009 навларини, шимолий вилоятларга Хоразм–2, Қорақалпоқ–15, Қорақалпоқ–80 навларини, сув танқис бўлган ҳудудларда Бойгул, Аридная каби навларини экиш тавсия этилади.
   Беда уруғини беда ёки сабзавот сеялкаларида 15–18 кг/га меъёрда, қатор кенглиги 60 ёки 70 см қилиб экиш мумкин. Ҳосилдорлигини ошириш мақсадида эрта баҳорда об-ҳаво, иқлим шароитлари ҳамда ўсимликлар ҳолатига қараб азотли ўғитлар билан озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Бунда азотли ўғитларни 60–80 кг/га меъёрда бериш тавсия қилинади.
  Хашаки лавлагининг тўйимлилик қиймати чорва моллари организми учун зарур моддалар: углеводлар, азотсиз экстрактив моддалар, минерал тузлар ва витаминлар сақлайди. Чорва моллари организмида дағал хашакнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради. 1 кг хашаки лавлаги илдизмевасида 0,11–0,12 озуқа бирлиги, баргида 0,10–0,12 озуқа бирлиги бор. Илдизмеваларни айниқса, қиш ойларида чорва ҳайвонларига кўк озуқалар йўқ бўлганда берилса, фойдаси беқиёс бўлади. Илдизмевалари билан озиқлантирилганда, маҳсулдорлиги ва кўпгина касалликларга чидамлилигини оширади.
   Илмий тадқиқотлар асосида шу нарса аниқланган-ки, соғин сигирлар рационида хашаки лавлаги илдизмевалари қўлланилганда нафақат сут миқдори ошади, балки сифати ҳам яхшиланади. Хашаки лавлаги бошқа озуқабоп экинларга нисбатан эрта муддатларда экилади. Шу сабабли, экин майдонини уруғ экишга тайёрлаш ишларини барвақтроқ ва қисқа муддатларда амалга ошириш лозим.
   Экиш учун “Ўзбекистон–83”, “Ўзбекистон ним қанди”, “Эккендорф сариғи” каби навлари тавсия этилади. Уруғларини СПЧ-6, СХУ-4 сеялкалари ёки бош¬қалар ёрдамида қаторларининг кенглиги 60, 70 ёки 90 см қилиб экиш мумкин. Экишда 8–10 кг/га меъёрда уруғ сарфланади. Экишни жанубий вилоятларда февраль ойи¬нинг охирларида, марказий ҳудуд ҳамда Фар¬ғона водийси вилоятларида март ойининг биринчи ўн кунлигида, шимолий вилоятларда март ойининг биринчи-иккинчи ўн кунликларида ўтказиш зарур.
    Ниҳоллар униб чиққач яганалаш ишлари амалга оширилади, бунда экиш схемасидан қатъий назар, ҳар гектарда 70–75 минг туп/га кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Хашаки лавлаги уруғлари пунктир қилиб экилса, улар униб чиққандан ке¬йин яганалашга ҳожат қолмайди ва натижада сарф харажатлар камаяди. Уруғи вақтида экилиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса, кузга бориб 800–1000 ц/га илдизмева ҳосилдорлигига эришилади.
      Б.Аллашов, С.Жамолов, А.Сабиров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech