Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Қишлов – қоракўлчиликда ўта маъсулиятли мавсум ҳисобланади. Қорли-қировли, совуқ, аёзли кунлар чўпон-чўлиқларни синовдан ўтказади. Чорвадорлар бу кунларда ҳушёрликни асло сусайтирмасдан, ем-хашак заҳираси март ойининг биринчи-иккинчи ўн кунликларигача етишини таъминлаб, бўғоз совлиқларни баҳорнинг илиқ кунларигача етказиб, улардан соғлом қўзи олиш чораларини кўришган.
    Шунинг учун қишлов даврида чорва молларини етарли озиқлантириш, зарур зооветеринария тадбирларини сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Одатда, чорва қишловининг иккинчи ярми 20 январдан бошланади. Чорвадорларимизнинг тақвими бўйича, шу кундан ўта совуқ ва аёзли кунлар бироз чекинади. Шамол ҳамда қуёш чиқиш йўналиши ўзгаради, яъни қуёш чиқиши жанубий ярим шардан экватор томонга силжиши натижасида кундуз кунлари нисбатан илиқлашиб, қор ва музлар эрий бошлайди.
  Қишловнинг иккинчи ярмида бошқа сурувларга нисбатан бўғоз сов¬лиқларга алоҳида эътибор бериш зарур. Бу даврда бўғоз совлиқларнинг озуқага бўлган талаби ортади, яъни уларни кунлик озиқлантириш меъёри 1,2 озуқа бирлигини, ҳазм бўладиган протеин миқдори 104 граммни ташкил этиши лозим. Совуқ ва бўронли кунлар билан биргаликда қорли-ёмғирли, нисбатан илиқ кунлар ҳам кўп бўладиган бу даврда, бўғоз қўйларни қўраларда қаровсиз ва узоқ муддат қолдирмаслик зарур. Имкони борича уларни ёпиқ қўрага қамамаслик керак.
   Ўта совуқ ёки бўронли кунлардагина ёпиқ қўрага киргизишга тўғри келганда ҳам бўғоз қўйлар узоқ ётиб қолмаслиги учун вақти-вақти билан қўзғаб туриш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, қўйлар «босқоқ» касалига чалиниб, нобуд бўлиши мумкин. Фан тили билан айтганда, қўйларнинг жигарида кўп миқдорда мочевина пайдо бўлиб, аммиак гази тўпланиб қолади. Шу боис, ёпиқ қўраларни айлана шаклида, ўртаси очиқ ҳолатда қуриш тавсия этилади.
   Бўғоз қўйларни очиқ қўрада сақлашнинг ҳам ўз қоидалари мавжуд. Жумладан, қўранинг ичи музлаган бўлса, қўйларни қамамаслик зарур, акс ҳолда бола ташлаши мумкин. Қўзилатиш мавсумини намунали ўтказишда қуйидагиларга эътибор қаратиш талаб этилади:
  - яйлов шароити яхши, янги туғилган қўзилар учун усти ёпиқ кошарлар ва иссиқхоналар бўлган жойларни танлаш;
  - туққан қўйларни парваришлаш, озиқлантириш ва суғоришга алоҳида эътибор бериш;
   - қўзиларни мавжуд қўлланмаларга асосан бонитировка қилиш;
  - қўзилар парваришига алоҳида эътибор бериш, «она-бола» қилиш (кунига 2–3 марта), ветеринария-профилактика тадбирларини ўз вақтида ўтказиш.
  Таъкидлаш жоизки, бозор муносабатлари шароитида технологик жараёнларни, айниқса, қўзилатиш мавсумида бажариладиган ишларни маҳсулотга бўлган талабга қараб амалга ошириш зарур. Бу борада қоракўл терилари ва гўшт тайёрлашни кенгайтириш мақсадида, қўзиларни ўстиришга қолдиришга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ.
  Қоракўл терилари тайёрлашда уларнинг рангдор (сур, кўк) ҳамда экспортбоплигига эътибор қаратиш лозим. Айниқса, бугунги кунда жаҳон бозорида кўк рангли қоракўл териларга талабнинг ортганлигини инобатга олиб, бундай қоракўл терилар тайёрлашни кенгайтириш тавсия этилади.
    Сифатли қоракўл тери тайёрлаш маълум технологик жараёнларга амал қилишни талаб қилади. Биринчи навбатда, қоракўл учун тери сифати юқори, лекин насллик учун қолдирилиши лозим бўлган қўзиларга қўйиладиган талабга жавоб бермайдиган, эркак қўзиларни танлаш лозим. Бунда уларни марказлаштирилган масканларда сўйиш талаб қилинади. Бу териларда юзага келадиган турли нуқсонларнинг олдини олиш имконини беради. Баҳор об-ҳавоси қулай келган шароитда қўзиларнинг аксариятини (80–85%) ўстиришга қолдириш мақсадга мувофиқ.
   Бунда совлиқларни оқсил, витаминлар, микро ва макро элементларга бой озуқалар билан озиқлантириш лозим. Бу қўйларнинг бақувват бўлиши, сутдорлиги ортиши ва қўзиларнинг яхши ривожланишини таъминлайди. Мавсум давомида қўйларни озиқлантириш, қўтонларнинг ветеринария-санитария ҳолатига, қўй-қўзиларни касалликларга қарши эмлаш каби тадбирларга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Юқоридаги тавсиялар асосида қишлов ва қўзилатиш мавсумларини ўтказиш соҳа самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан биридир.
    Н.Бобоқулов, А.Газиев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech