Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
“Диагностика” юнонча сўз бўлиб, “аниқлашга қодир” маъносини беради. Трактор ва қишлоқ хўжалик машиналарини диагностикалашдан кўзланган асосий мақсад – бу уларнинг созлиги ва ишга яроқлилик даражасини текшириш ҳамда техник ҳолатини баҳолаш йўли билан соз (таъмирлашни талаб қилмайдиган), носоз (таъмирталаб) ва брак (бутунлай яроқсиз) детал, қисм ва агрегатларни аниқлашдир.
   Машиналар тўғри диагностикаланганда соз қисмларни асоссиз равишда носозга чиқариш, аксинча, носозларни соз деб топиш, ресурси бор деталларни янгиларига беҳуда алмаштириш, демакки, эҳтиёт қисмлар ва таъмирлаш материалларини кўплаб сотиб олиш ва ортиқча маблағ сарфлашга чек қўйилади.
   Устахонага олиб келинган ҳар бир трактор ёки машина мой ва чангдан, уруғ, минерал ўғит, дон, пахта, ўт-ўлан қолдиқлари ва бошқа чирклардан яхшилаб тозаланиши, юқори босимли сув билан ювилиши зарур, акс ҳолда улар диагностикалаш сифати ва аниқлигига путур етказади. Маълумки, машина соз бўлса, таъмирлашни талаб этмайди. Бунинг учун детал, қисм ва агрегатларнинг техник ҳолатлари бир қатор талабларга жавоб бериши даркор.
   Қуйида соз машиналар жавоб бериши лозим бўлган техник талаблар келтирилган. Тракторлар. Созлик шартлари: тўла жиҳозланган; ёнилғи-мой ва бошқа суюқликлар томчиламайди; ҳамма детал, узел ва агрегатлар пухта маҳкамланган; ўлчов, ёритиш ва электрон асбоблар яроқли; капотлар, ойналар ва кабина эшиклари шикастланмаган ва синмаган; мажбурий жойлар ёғланган.
   Двигател енгил ўт олади, барқарор ишлайди, бегона шовқин ёки товуш чиқмайди; ёнилғи ва мой сарфи меъёрда, ёнилғи билан таъминлаш ва газ тақсимлаш системасининг бирикмалари маҳкам; тирсакли вал барқарор айланади, двигателнинг қуввати номинал даражада. Илашиш муфтаси узатмаларни эркин, қадалишларсиз қўшилишини таъминлайди, шатаксирамай ишлайди; карданли узатма бирикмаларидаги радиал ва бўйлама тирқишлар меъёрида; орқа кўприк ва бошқариш механизми тақиллаш, шовқиндан ҳоли; равон ва кескин бурилишлар, ишончли тормозланиш таъминланади.
  Занжирли тракторларда треклар бармоқлари, етакловчи ғилдираклар тишлари чегарада едирилган, таянч катоклари ва йўналтирувчи ғилдираклар лапангламай айланади; ғилдиракли тракторларда рул чамбарагининг эркин йўли меъёрида, рул механизми ва ғилдиракларининг созланиши бузилмаган. Гидравлик осиш системаси машиналарни равон кўтаради ва туширади, механизмлар ишончли, бирикмалардан суюқлик томчиламайди; электр қурилмалари двигателни равон юргизишни ва йўлни яхши ёритишни таъминлайди.
   Плуглар. Лемех тиғи фаскасининг эни 4–6 мм, чархлаш бурчаги 20–40 градус, тиғнинг қалинлиги 0,5–1 мм атрофида; лемехнинг эни завод намунасига нисбатан 5 мм. дан, узунлиги эса 10 мм. дан ортиқ фарқ қилмайди (тиғи тўла ейилган, эни 30 мм. га камайган ва орқасидаги ёйиб чўзиладиган металл запаси тугаган лемехлар бракка чиқарилади); - ағдаргичнинг иш сирти тоза ва силлиқ, питир ва пачоқланган жойлари йўқ. Унинг лемехга туташадиган пастки қисми тўппа-тўғри ва эгилмаган; - дала тахтасининг орқа қисми ейилмаган, ўткирлашиб қолмаган. Узунлиги шаблон ўлчамидан 8 мм. га фарқланади, холос; - стойка синмаган, сирти тўғри, стойка билан ағдаргич орасидаги тирқиш 3 мм. дан кам. Стойканинг шакли ва ўлчамлари янгисига мос келади; - чимқирқар лемехининг иш сирти тоза ва силлиқ, узунлиги андозадан 5 мм, эни эса 3 мм. гача фарқланади, холос; тиғи тўғри, қалинлиги 0,5–1 мм атрофида.
  Ағдаргичнинг дала чети ўткир, нуқсонсиз, чархлаш бурчаги 50 градусдан кичик; лемех ва ағдаргич стойкага зич ёпишган; чимқирқарнинг шакли ва ўлчамлари андозага мос; - диск пичоғи текис, силлиқ, қийшаймаган, дарз кетмаган ва синмаган, тиғи икки томондан чархланган, втулкада қадалмасдан осон айланади; - ғилдираклар ўз ўқларида енгил айланади, раманинг деталлари 5 мм. дан ортиқ эгилмаган. Тишли ва дискли бороналар. “Зиг-заг” тишли боронанинг рамалари эгилмаган, тишлари ейилмаган.
  Тишларнинг узунлиги орасидаги фарқ 10 мм. дан ошмайди; диск¬ли бороналарнинг дисклари ейилмаган, тиғи ўткир, четлари бутун; квадрат шаклли тешиги соз, дарз кетмаган; подшипникларнинг кронштейнлари синмаган; валлар тўғри; рамага шикаст етмаган. Чигит экиш сеялкалари. Рама бруси 10 мм. дан ортиқ эгилмаган; ғилдирак ўқида пачоқланган жойлар, ғадир-будурлар йўқ, ўқ 0,5 мм. дан ортиқ эгилмаган; сошникнинг полозчаси билан жағи орасидаги зазор 1–2 мм атрофида; звенолар шарнирларда, прикаткалар эса ўқларида эркин айланади; экиш аппаратининг шестернялари ва юлдузчаларидаги тишлар синмаган, ортиқча ейилмаган; парракли ва экиш дисклари қадалмасдан эркин айланади, карданли узатманинг оралиқ вали 1 мм. дан кўп эгилмаган; маркер дискининг гупчаги дискка пухта маҳкамланган, тирқиш 1 мм. дан ошмайди; чигит банкалари пачоқсиз, тешилмаган, заслонка дарчалари соз, уруғ ўтказгичларда ёриқлар ва тешиклар йўқ; сошник секциясидаги пружиналар таранг, узаймаган.
   Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган узел ва агрегатлар қисмларга ажратилади. Носоз деталлар саралаб олинади. Назоратловчи механикнинг хулосаси билан улар янгиларига алмаштирилади ёки қайта тиклашга берилади. Батамом яроқсизлари ҳисобдан чиқарилади. Пировардида шуни таъкидлаш лозимки, машиналарни аниқ ва чуқур дефектовкалаш қолдиқ ресурсли деталлардан қайта фойдаланиш, соз¬ларини асоссиз чиқитга чиқарилишини олдини олиш, эскирган, ейил¬ганларини қайта тиклаш ва ўрнатиш ҳисобига фермер хўжаликлари, туман ва муқобил МТПларда техникаларни таъмирлаш харажатларини 15–20 фоизга камайишини таъминлайди.
    М.Тошболтаев
    




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech