Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Эрта баҳорда тупроққа дастлабки ишлов беришдаги муҳим тадбирлардан бири майдонларни борона қилишдир. Дастлабки боронани 8–10 см, иккинчиси 12–15 см чуқурликда ўтказиш намликни 15 фоизгача сақлайди. Эртаги муддатларда эртаги карам кўчатлари, картошканинг эртаги навлари уруғи туганаги, пиёз, сабзи, редис, ош лавлаги, укроп, кашнич, петрушка, салат уруғлари жанубий минтақада 20 январдан 25 февралгача, марказий минтақада 5 февралдан 20 мартгача, шимолий минтақада 20 февралдан 25 мартгача экилади ва сепилади.
  Эртаги муддатларда редисканинг Лола, Эртапишар, Майский, ош лавлагининг Диёр, Бордо–237, укропнинг Ўзбекистон–243, Ором, кашничнинг Орзу, петрушканинг Нилуфар навларини экиш тавсия этилади. Эртаги экиш муддатида экиладиган майда уруғли сабзавотлардан пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавот уруғларини сабзавот экиш сеялкасида лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см оралиқда) ёки ушбу сеялка ёрдамида ёхуд қўлда сочма усулда экиш мумкин.
    Сабзавот уруғларини эккандан сўнг кетма-кет ва тез орада ҳар бир эгат устига чириган гўнг ёки ёғоч қипиғидан сепиб, мульчалаш тадбирининг амалга оширилиши уруғларни ердан қисқа фурсатда униб чиқиши учун қулай шароитларни (тупроқни қиздиради ва намликни сақлайди) яратади. Шунингдек, экинлар ҳосилини пишиш муддатини тезлаштирган ҳолда, 10–15 % ёки 550–800 м3 сув тежалади.
  Эртаги муддатда экиш учун пиёзнинг маҳаллий Истиқбол, Зафар, Қоратол, Марғилон маҳаллийси, Самарқанд қизили, чет эл нав ва дурагайларидан Алдова, Дайтона, Сибир, Манас, Радар, сабзининг маҳаллий Мшак, Нурли, Мирзойи сариқ, Мирзойи қизил, Зийнатли, Фаровон, Барака ва хорижнинг Нантская, Шантане навлари тавсия қилинади. Помидор, бақлажон ва ширин қалампир каби иссиқсевар сабзавотларни экишдан олдин иссиқхона ва кўчатхоналарда кўчатларни сифатли тайёрлаб олиниши лозим.
   Сифатли ва соғлом кўчат тайёрлашда уруғларнинг аҳамияти жуда катта. Бунинг учун униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ҳамда навлар аралашмасидан ҳоли, биринчи ёки иккинчи тоифага мансуб уруғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Уруғларни экишдан олдин вирус касалликларига қарши қиздириб олиш тавсия этилади. Бунинг учун помидор, ширин қалампир, бақлажон уруғларини халтачага 200–250 граммдан солиб, термостат ёки қуритиш шкафида икки сутка 50–52 даражада ва бир сутка 80 даражада қиздирилади. Тўқ ва пучларини ажратиш учун уруғлар ош тузининг 3–5% сувдаги эритмасига 30 дақиқа солинади. Чўкмай қолган пуч уруғлар олиб ташланади. Сабзавот кўчатларини етиштириш учун аввало кўчатхона 20–25 см чуқурликда ҳайдалиб, 0,8–1 метр қилиб пушта олинади.
   Пуштага уруғларнинг яхши униб ўсиши учун икки қисм чириган гўнг, бир қисм тупроқ, бир қисм қум аралашмаси 8–10 см қалинликда солиб, текисланади. Помидор уруғи нами бор тупроққа ҳар 1 м2 майдонга 8–10 г, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 2–2,5 г ҳисобида уруғ сепилади. Ширин қалампир ҳар 1 м2 майдонга 14–16 г, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштирганда эса 4–5 г ҳисобида уруғ сарфланади. Бақлажон ҳар 1 м2 майдонга 8–10 г, кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда эса 3–4 г ҳисобида уруғ сепилиб, устидан 1–1,5 см қалинликда эланган чириган гўнг ёки чириган қипиқ солинади, устидан сув сепилади.
     Марказий вилоятларда кўчатхоналарга уруғларни сепишнинг энг қулай муддати помидор учун 10–20 февраль, ширин қалампир ва бақлажон учун 1–10 февраль, жанубий вилоятларда 10–15 кун олдинроқ, шимолий минтақаларда эса 15–18 кун кечроқ амалга оширилиши лозим. Помидор кўчати етиштиришда маҳаллий Ситора, ТМК-22, Авицена, Шарқ юлдузи, Дўстлик, Севара, Шафақ, Сурхон–142, Заковат, Нурафшон F1, ширин қалампирнинг Зумрад, Дар Ташкента, Заря Востока, Наргиза, Тонг, бақлажоннинг Феруз, Аврора, Алмаз навларини экиш тавсия этилади. Ҳар гектар майдонга етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун уруғ сарфи қуйидагича: помидор 350–400 г, ширин қалампир 1000 г, бақлажон 600 г. Кўчат тайёрлашда кўчатхона ҳарорати, тупроқ нам¬лиги ва ниҳолларни озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Сепилган уруғлар тез униб чиқиши учун кўчатхонадаги ҳарорат бир ҳафта давомида кундузи 20–25, кечаси 10–14, кейинги ҳафтадан кундузи 20–22, кечаси 14–15 °С бўлиши талаб этилади.
    Кўчатхона тупроғи намлигига кўра, кўчатларни ўсув даврида ҳар 1 м2 майдонга 6–7 л миқдорда суғорилади. Кўчатлар 2–3 барг чиқарганда орасини 5 х 6 см қилиб кўчириб ўтказилади. Кўчириб ўтказилган кўчатларга 10–12 кундан сўнг биринчи озиқа: 10 л сувга 5 г аммоний сульфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб барг устидан берилади. 6–7 кун ўтказиб иккинчи озиқа юқоридаги миқдорни 2 марта кўпайтириб берилади. Учинчи озиқа кўчат далага экишдан 4–5 кун олдин, биринчи озиқа миқдорида берилади. Кўчатлар экиш учун тайёр бўлгач далага олиб чиқишдан 6–8 кун олдин плёнкаларни очиб, кўчатларни ташқи муҳитга мослаштириб чиниқтириш муҳим аҳамиятга эга.
   Далага экиш олдидан иссиқхонанинг ўзида занг, ўргимчаккана ва шираларга қарши ишлов берилиб, экилиши мақсадга мувофиқ. Кўчатларга ишлов беришда экишдан 1–2 кун олдин 2,5 фоизли Децис дорисидан 0,2 мл 10 л сувга аралаштириб 20 м2 жойдаги кўчатга сепилади ёки БИ–58 (янги) дан 2 мл 10 л сувга аралаштириб сепиш мумкин. Кўчатлар 15–18 см узунликда, 5–6 та барг чиқарганда очиқ далага экиш учун тайёр бўлади.
    Помидор, бақлажон, ширин қалампир экинлари уруғини очиқ далага қора плёнка билан мульчалаб экиш кўчатидан экилганига нисбатан 3–4 маротаба кам суғорилади, яъни 20–25 % сув тежалади. Уруғи билан экиш имконияти бўлмаган жойларда стаканларда кўчатни тайёрлаб очиқ далага экиш яхши самара беради. Бунда ўсимликларни ўқ илдизи сақланган ҳолда ерни чуқур қатламига етиб боради.
   Имкони бўлган сабзавоткорлар эртаги сабзавотларнинг бир қисмини дастлабки ўсув даврида плёнка қопламаси ёрдамида парвариш қилсалар ҳосили оддий усулга нисбатан камида 15–20 кун эрта йиғиб олиш имконига эга бўладилар. Эрта баҳорда картошка экишнинг мақбул муддати Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий вилояти ва Фарғона водийси учун 25 февраль–10 март; Сурхондарё, Қашқадарё вилояти учун 15 февраль–1 март; Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун 10–20 март.
   Бунда картошканинг эртаги Латона, Фреско, Импала, Розара, Санте, Невский, Арнова, Аринда, Марфона, Роко; ўрта эртапишар Маранка, Диаманд, Романо, Курадо, Кондор, Пикассо, Драга, Тўйимли, Ақроб, Умид, Сарнав, Диёра навларини экиш тавсия этилади. Картошка уруғини ундириб, нишларини 2–3 см бўлганда экиш ҳосилни эрта пишишини таъминлайди ва гектарига 550 м3 сув тежалади. Сабзавот, полиз ва картошка экинлари экиладиган асосий майдонларнинг дала четларида хандақлар қазиб, унга гўнг, фосфорли ўғитлардан солган ҳолда суғоришни шарбат усулида ташкил қилиш тупроқдаги намликни яхши сақлайди сув буғланишини камайтиради ва 10–15 % сувни тежайди.
   Шунингдек, сабзавот, полиз ва картошка экинлар шаффоф плёнка остида етиштирилганда ҳосил эрта пишади ва ҳар гектар ҳисобига 400–500 м3 сув тежалади.
    Р.Ҳакимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech