Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Боғларда қишнинг сўнгги февраль ойида ҳам дала ишлар давом эттирилиши зарур. Бу бўлғуси ҳосилга пухта замин тайёрлайди. Кейинги йилларда сув танқислиги кузатилмоқда. Шунинг учун мева-узум экинларини яхши ўсиши ва юқори ҳосил беришида тупроқда намликни сақлаш ва уни тўплашга йўналтирилган агротадбирлар ўтказилиши керак.
    Агар январда яхоб суви берилмаган бўлса, февраль ойида 1–2 марта боғ ва токзорларда яхоб суви бериш зарур. Бунда ҳар гектарга 1500–2000 м3 сув сарфланиб, 4–5 кун суғорилади. Яхоб суви ичган мева дарахтлари ва токларнинг асосий илдизлари жойлашган қисмлари яхши нам¬ланади. Бу эса экинларнинг қўзғалиш энергиясини кучайтиради. Шунингдек, яхоб суви берилганда тупроқ 2 м чуқурликкача тўлиқ намланади. Натижада суғориш сони 1–2 тага қисқариб, 700–1400 м3 сув тежалади.
  Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё вилояти ва Марказий Фарғона шароитида суғориладиган сувда тузнинг кўпайиб кетиши натижасида ўсимликнинг илдиз тизимини кўпайиши ва баргларнинг сарғайиб кетишига алоҳида эътибор бериш керак. Бунинг олдини олиш учун тупроқда намликни йиғиш ва сақлаш чора-тадбирларини кўриш лозим.
   Бу ҳудудларда суғориш билан биргаликда чуқур культивация ўтказилиши, намликни сақлаб қолиш, тупроқ-ҳаво алмашинувини яхшилаб илдиз тизимини сақланиши ва яхши ривожланиши, ер устки қисмининг ўсиши ҳамда мева яхши етилишини таъминлайди. Шағалли ва қумли тупроқларда намликни сақлаб қолишга алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки уларда сувни сақлаб қолиш хусусияти кучсиз бўлганлиги боис тупроқни қизитиб юборади.
   Фарғона водийсининг шағал ва қум билан қопланган тупроқларида, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг баъзи туманлари ва воҳаларида тупроқдаги нам камлиги натижасида тупроқ кучли қизиб кетиб, мева дарахтлари ривожланиши муддатидан олдин тўхтаб, ҳосил тўкилиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун намликни сақлаш мақсадида 1–2 марта қўшимча суғориш ва культивация ўтказиш зарур. Намликни сақлаш учун тупроқни мульчалаш, айниқса, қумли, шағалли, шўрланган ва шартли суғориладиган тупроқларда яхши самара беради. Бундан ташқари, мульчалаш шўрланган тупроқлардаги тузни камайтиради.
  Мульча сифатида похол, қипиқ, чириган гўнг, ўрилган ўт, шоли қипиғидан ҳам фойдаланиш мумкин. Мульча 10–12 см қалинликда ва 100 см энликда солинади. Дарахтлар, токзорларда эса улар очилиши билан қатор ораси мульчаланади. Бу билан 70 м3/га сув тежалади. Боғ ва токзорларда сувдан унумли ва самарали фойдаланиб, бир текисда намликка эришиш учун суғориш ариқларининг узунлигини қисқартириш ҳам катта аҳамиятга эга. Сувни кучсиз ўтказадиган оғир тупроқларга нисбатан шағалли ва қумли тупроқларда суғориш ариқларининг узунлиги 100–120 м. дан ошмаслиги керак. Акс ҳолда сув сарфи кўпайиб кетади.
     Суғориш ариқларини қисқартириш эвазига сув тежалиши 105 м3/га. ни ташкил этади. Сув танқислиги шароитида булоқ сувидан, сойлардаги сувларни насослар орқали чиқариб фойдаланиш зарур. Ҳар бир суғоришдан сўнг тупроқда намликни сақлаш мақсадида, албатта культивация ўтказиш керак. Суғориш имконияти йўқ туманларда, айниқса, ёш ва ҳосилли дарахтзорларда культивация ўтказиб, тупроқни албатта мульчалаш керак.
     Боғларга минерал ўғитларни тупроқда намлик етарли бўлганда солиш яхши натижа беради. Намлик кам бўлса ўғитларни тупроққа чуқур солиш зарур, бу самарадорлигини оширади. Минерал ўғитларни органик ўғит билан биргаликда солинганда ҳам самарадорлик ортади, намлик яхши ва кўпроқ сақланади. Боғларда уруғли мевалилар: олма, нок, беҳи дарахтларини сўнг данакли мевалилар: ўрик, шафтоли, олхўри, гилос ва олча дарахтларига куртак ёзилгунга қадар шакл бериш, буташ, сийраклаштириш, қуриб қолган дарахтлар кесиб ташлаб, боғдан олиб чиқиш зарур.
  Февралнинг охири – мартнинг бошларида мевали дарахтлар танаси оқланади. Бунда 10 л сувга 2 кг оҳак, 1,5 кг тупроқ аралаштириб, дарахтларнинг танаси ва она шохлари оқланади. Дарахтларни бутаб, шакл берилгандан кейин ҳаво ҳарорати 5–6 °С дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин қалқондорлар, шира битлари, каналар ва бошқа қишловчи ҳашаротлар захираларига қарши N-30 препаратининг 5 фоизли эритмаси пуркалади. 1 гектар ҳосилли боғга 1500 л ишчи суюқлиги сарфланади.
  Уруғ мевали дарахтлар куртак чиқармасдан олдин парша (қўтир) касаллиги (монилиал куйиш), монилиозга қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 °С ли ООҚ билан жиққа ҳўллаб ювилади, 10–12 кундан кейин пуркаш ишлари такрорланади. Тўкилган барглар, мева тугунчалари, зарарланган мевалар қолдиғи ва дарахт танаси тагидан чиққан бегона ўт қолдиқлари касаллик юқумлари ва заракунандаларнинг қишловчи захираларга қарши дарахтлар атрофи 25¬–30 см чуқурликда ағдариб чопилади.
  Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқ¬¬лигига қарши 5 °С ли ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 1 фоизли мис купороси ёки 2–3 фоизли темир купороси билан куртаклар бўртиш арафасида ишлов берилади. Боғларга 20–30 т/га маҳаллий ўғит солиш мақсадга мувофиқ. Боғ қатор ораларини борона қилиш, янги боғ ташкил этиш учун ерларни тайёрлаш ва режалаш керак.
  Хатоси бор боғларнинг ораларини кўчатлар билан тўлдириш, токзорларда симбағаз ва ишкомлар ўрнатиш, эскиларини таъмирлаш зарур. Шу билан бирга суғориш иншоотларини тозалаш, минерал ўғитлар ва кимёвий препаратларни жамғариш, боғдорчилик техника ва механизмларини таъмирлаш ишларини якунлаш зарур. Ўйлаймизки, бу тадбирларнинг вақтида ва сифатли бажарилиши боғ-роғларимиздан олинадиган мўл ҳосилга пухта замин бўлади.
     Р.Абдуллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech