Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Махсар асосан лалми ерларда донли экинлар учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади, минерал ўғитларга, хусусан, азот ва фосфорли ўғитларга талабчан. 1 гектарга 30–40 кг фосфор ўғити соф ҳолда берилиб, 25–30 см чуқурликда шудгор қилинса, юқори ҳосил олиш имконияти янада ортади. Шудгорланган ерларнинг намини сақлаб қолиш учун бороналаб қўйилади. Шунда тупроқдаги намлик узоқ вақт сақлаб қолинади.
  Эрта баҳорда махсар экиладиган майдонлар 5–6 см чуқурликда бороналанади ва мола бостирилади. Мола босиш натижасида дала текисланиб, ундаги намни яхши сақлаб қолишга эришилади. Айниқса, қурғоқчилик кутилаётган жорий 2014 қишлоқ хўжалик йилида бу агротехник тадбир муҳим аҳамиятга эгадир. Бегона ўтлар кўп босадиган далаларни диоганаллари бўйлаб камида 2 марта чизеллаш ёки бороналаш талаб этилади. Далаларнинг боши ва охирида пичоқларда ўралиб қолган ўт-ўланлар тозалаб олинади.
  Махсарни эрта баҳорда – февраль ойининг охири, март ойининг биринчи декадасида экиш мақсадга мувофиқдир. Шунда уни ҳашаротлар кам зарарлайди, ҳосилдорлиги анча юқори бўлади. Экиш кечикиб, март ойининг охири ва апрель ойининг бошларига сурилиб кетса, ҳосилдорлик 25–30 фоизгача камайиб кетади. Экиладиган уруғларнинг тозалиги, унувчанлигига катта аҳамият бериш керак. Махсар уруғининг тозалиги 95 %, унувчанлиги 92 % бўлса, экишга яроқли ҳисобланади. Бундан паст кўрсаткичли уруғларни экиш тавсия этилмайди.
    Экиш меъёри уруғнинг сифати ва экиш усулларига қараб ўзгаради. Тоғли ва тоғолди туманларда СЗТ-3,6 русумли ғалла сеялкаларида бир қаторлаб, қатор орасини 30 см қилиб экилганда, гектарига 25 кг уруғ сарфланади. Қатор ораси 45 см қилиб экилганда эса бу кўрсаткич 18–20 кг. ни ташкил этади. Шунда 1 гектар майдонда 300–350 минг дона кўчат бўлади. Уруғини 4–5 см чуқурликка ташлаш лозим. Экиш вақтида тупроқ ҳарорати 4–5 оС бўлса, 10–15 кунда униб чиқади.
    Лалми ерларда ниҳоллар униб чиқиши чўзилса, енгил борона ўтказиш зарур. Бороналаш майсалар униб чиқмасдан бажарилади. Агар далада ниҳоллар сони кўп бўлса, уларни яганалаш мақсадида кўндалангига енгил борона қилинади. Бу усул баъзан далани бегона ўтлардан тозалаш учун ҳам амалга оширилади. Ўсимликлар қатор ораси 60 см, кўчатлар оралиғи 10–15 см бўлиб, экиш билан бирга азот ўғити 30–40 кг. гача берилади. Эрта баҳорда нам кўп бўлган майдонларда махсар ўсимлиги ҳар хил касалликлар билан зарарланиши кузатилиши мумкин. Шундай ҳолатларда зараркунандаларга қарши инсектицидлар ва кимёвий ишловлар бериш керак.
  Махсар лалми туманларда экилганлиги учун минерал ўғитларга кам талабчан. Бунга сабаб тупроқ қуруқ бўлганда минерал ўғитлар яхши самара бермайди. Фосфор ўғитини кузда шудгордан олдин гектарига 30–40 кг/га бериш керак. Экиш билан биргаликда 30–40 кг азот ўғити соф ҳолда берилади. Агар экиш билан бирга азот ўғити берилмаган бўлса, баҳордаги бороналашдан олдин ўсимликлар барглари 7–8 см бўлганда озиқлантирилса яхши натижа беради.
    Республикамизда ёз ойлари нисбатан салқин ва нам келган йиллари ва уруғ кеч экилганда махсар ўсимлиги турли зараркунандалар билан зарарланади. Бунинг оқибатида баъзи далаларда 50–60 фоизгача ҳосил бой берилиши мумкин. Зараркунандаларидан махсар пашшаси, махсар узун буруни, симқурт, тунлам ва ширалар экинга жиддий зарар етказиши мумкин.
    Махсар капалаги айниқса, кенг тарқалган бўлиб, у ўсимлик ғунчасини нобуд қилади, поясини кемиради, гулини шикастлайди ва саватчадаги уруғларни еб тугатади. Вегетация даврида бир авлод беради. У зарарлаган экин майдонларида ҳосилдорлик 50–60 % ёки ундан ҳам кўпроқ пасайиши мумкин. Махсар пашшасининг личинкалари саватча ичига пастки томондан тешиб кириб, уруғларни пайдо қиладиган бошланғич бўртмаларни йўқ қилади. Оқибатда махсар уруғлари яроқсиз бўлиб қолади.
  Айрим йиллари зараркунанда кенг тарқалганда, ҳосилнинг 70–80 фоизини нобуд қилиши кузатилган. Бу зараркунандаларга қарши препаратлардан Циракс (Циперметрин) – 0,3 л/га ёки Бензофосфат (Фазалон) – 2,5–3 л/га меъёрда сепилса, яхши самара беради. Агар кана, трипс, шира, ўргимчаккана, чигирткасимонлар ҳам аниқланса, уларга қарши Карбофос – 2 л/га ишлатилиши керак. Бу препаратларни махсарнинг вегетация даврида зараркунандаларнинг кўпайиш сонига қараб 1–2 марта қўллаш мумкин.
  Махсар 3–4 та чинбарг чиқаргунча бўлган даврида кузги тунлам, хумбош (кравчик), лавлаги узунбурун қўнғизларидан ҳимоя қилиш учун Карбофос гуруҳига кирувчи инсектицидлардан бирортасини қўллаш зарур. Асосий кимёвий ҳимоя тадбирлари экин гуллашдан олдин ёки гуллашнинг охирги даврида ташкил этилиши керак. Чунки, қўлланиладиган препаратларнинг таъсир этувчи моддаларининг парчаланиши ҳосилни йиғиб оладиган давригача тўлиқ тугаши лозим. Юқорида қайд қилинган агротехнологик тадбирлар ўз вақтида амалга оширилса, белгиланган ҳосилни етиштириш имконияти ортади, хал¬қимизни ўсимлик мойи¬га бўлган эҳтиёжи янада тўлиқ таъминланади.
    И.Анорбоев, А.Исроилов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech